БОЛАЛАРИ БУНЁДКОР БЎЛСА

юртнинг ҳар қадами обод бўлади

Қизалоғининг қўлига ҳар сафар қалам-қоғоз тутқазган онаси уни узоқдан завқ билан кузатар эди. Беш ёшли Фарангиз мультфильм томоша қилаётиб, ўзи севган қаҳрамонларининг расмини чизарди. У 6-синфда ўқиб юрган кезлари “Зумрад ва Қиммат” эртагидаги қаҳрамонларнинг расмини чизганида ўқитувчиси Фотима опа унга эътибор бериб, келажакда ўқиб, излансанг ва ҳаракат қилсанг, яхши рассом бўлиб етишасан”, дея ишонч билдирганди. Устозининг бу турткиси сабаб унда шу соҳага қизиқиш пайдо бўлди. Кейинчалик у стол устида турган идишлар, улар ичидаги мевалар тасвирини яъни натюртморт чизишни ўрганди.

Фарангиз Хўжаева пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган 115-умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тамомлаганидан кейин Юнусобод дизайн касб-ҳунар коллежининг “Дизайн” йўналишида таҳсил олди. Сўнгра 2013 йилда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Интерьерни лойиҳалаш”, яъни, бино ички дизайни йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинди. Ўқиш жараёнида Фарангиз курсдошлари билан биргаликда табиат қўйнига, юртимизнинг тарихий обидалари, марказий майдонларига бориб пейзаж йўналишидаги суратларни чизди. “Мустақиллик майдони”да жойлашган “Хотира хиёбони”даги улкан пўлат китобни варақлар экан, Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, она Ватан ҳимояси учун жонини фидо қилган инсонлар хотираси унинг хаёлини забт этди. У шундай дақиқаларда бугунги тинч замонамизга шукроналар келтиради, осойишта ҳаётимизнинг қадрига етишимиз кераклигини юрак-юрагидан ҳис қилади. Эл-юртига, ота-онасига, яқинларига бўлган меҳр ва садоқат туйғуси уни ижод қилишга ундайди.

Ҳозир у олий ўқув даргоҳининг 3-босқич талабаси. Ўқиш жараёнида таълим масканида ўтказилган қатор кўргазмаларда ўз ижодий ишлари билан иштирок этиб, нуфузли ўринларни эгаллаб келмоқда. Шунингдек, у фотосуратлар олиш билан ҳам шуғулланади. 2014 йилда пойтахтимизда “Экологияни асраш” мавзусига бағишланган фототанловда табиатни асрашга, унга лоқайд бўлмасликка ундовчи ижод намуналари билан иштирок этиб, 2-ўринни эгаллади.

Унинг ижодий намуналаридан “Ҳазрати имом масжиди” (Хастимом), “Самовар билан натюрморт”, “Қўшни қиз портрети”, “Аёл портрети”, “Эркак портрети” суратларида тарихий обидалар, юртимизда етиштириладиган мева-сабзавотлар ҳамда инсон феъл-атворининг ўзига хос тасвирланиши билан эътиборингизни тортади, мушоҳадага чорлайди.

Фарангиз келажакда дизайнер-ўқитувчи бўлиб, ёшларга билим беришни орзу қилади. Устозлари Отабек Аҳмеджонов, Одилжон Фаттоҳовдан лойиҳалаш, интерьер тарихи, бинонинг ташқи фасад қисми лойиҳаларини ўзлаштириш билан бирга уларнинг ёшларга илм бериш сирларини ҳам ўрганиб келмоқда.

Яна ўқинг:  Замонавий тиббиёт маскани: юксак ғамхўрлик самараси

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: