БОЛАКАЙ

(ҳикоя)

Азизжон тушида осмонда учаётган эмиш “мана мен учаяпман, қанот чиқардим”, деса дўстлари ишонмасмиш. Шунда у қанотини ёйиб, болаларни лол қолдириб, варраклари томон баландга кўтарилаётган эди, онаси туртиб уйғотди.

– Тур, болам, уйга кетамиз – бола кўзини уқалаб ён-атрофга қаради. Ҳар доимгидек кичкинагина хона, онасининг иш столи, унинг устида уюм-уюм қоғозу саҳифалар, ўзи эса қатор қўйилган учта стул устида узала тушиб ётибди. Бошида ёстиқ ўрнида папкаси, устида кўрпа ўрнида онасининг пальтоси.

– Болажоним, турдингми? Ўзимнинг ақллигим, чидамлигинам, ҳозир кетамиз.

– Цехга ҳам кириб, қўл қўйиб чиқдингизми, ойижон? – катталардек сўради – Азизжон кўзларини базўр очаркан.

– Ҳа, болам, қаттиқ ухлаб ётган экансан, уйғотмадим. Цехга кириб қўл қўйиб, янги газетани олиб чиқдим.

– Тандирдан узилган нондек иссиққинами, ойижон?

– Ҳа, мана, кўр, тандирдан узилган нондек иссиққина, ҳидиям анқиб турибди.

Бола онасининг ҳар навбатчилигида бу гапларни эшитади, ҳар сафар газетага меҳр билан тикилиб ўтирган онасига қараб, гоҳ раҳми келади, гоҳ у билан фахрланади. Онаси тинмай ўқийверади, зерикмайди. Ўзи эса дарсликка ярим соат термулса бас, кейин китобларни отиб юборгиси келади. Онаси эса газетадан бошини кўтармайди. Жонига теккан бўлса керак, ранглари синиқ, ўзи ҳорғин, бошини эгиб саҳифа ўқиётганида билинар-билинмас тушган оқ сочлари яққол кўринарди. “Зайнаб опа, қўл қўйдингизми?”, “Зайнаб опа саҳифадаги мана бу жумлага эътибор беринг”, дея мусаҳҳиҳлар маслаҳат сўраб, келиб-кетиб туришганида бола онасидан янада фахрланиб кетади. Онаси ҳаммадан ақллидек туюлади.

– Болам, масъул муҳаррирман. Сен халақит берма, ухла, – дея тайинлайди, бижиллаб гап сўрайверса…

– Масъул муҳаррир у қандай бўлади? – сўрайди болакай.

– Бугун мана шу газетанинг чиройли ва мазмунли чиқишига мен жавобгарман, – ярим ҳазил овозда тушунтиради онаси.

Бола онасини кузатиб ўтириб кўзларини уйқу босади. Онасининг таъбири ва тасвири болакайнинг ҳам онгги-шуурига сингиб кетган.

Бола синфдоши Наргизани ёқтиради. Майин табассуми, юзидаги кулгичими, шаддодлигими уни ўзига тортади. Бироқ, унинг бир одатини хушламайди. Наргиза болакайнинг онаси чиқарадиган газетага ҳар куни ҳар хил нарсаларни ўраб келади. Гоҳ жисмоний тарбия кийимини, гоҳ егулик нонми…

Яна ўқинг:  ҚАДРИЯТГА АЙЛАНГАН ФАОЛИЯТ

– Газетани увол қилибсан-ку, – деди ниҳоят бир кун юрак ютиб болакай.

– Нимаси увол бўларкан? Бир парча қоғозку, – деди бурнини жийириб қиз. Ўша маҳал боланинг кўзига Наргиза бутунлай бошқа қиёфада акс этди. Ранжиди. Юзига тарсаки ургиси келди. Бироқ, онасига ўхшаб босиқлик билан тушунтирди:

– Нонни ҳам газетага ўраб бўларканми? Бўёғи бор. Озиқ-овқатдан бўшайдиган халталар кўп-ку. Уларни ювиб-тахлаб қўйсанг, ишлатасан.

Қиз унинг гапини назарга илмади. Газетага нарса ўраб келишини давом қилаверди. Бир кун Азизжон унинг иккала сочини бир қилиб, сездирмай партага боғлаб қўйди ва аламидан чиқди. Ахир онаси газета учун қанча кўз нурини тўкади. Ўзи ҳам онасини кутиб ҳорийди.

Қизнинг сочини боғлаб қўйганлиги туфайли катта тўполон чиқди. Онасини мактабга чақиртиришди. Она уйга келганида сўради: “Болам, Наргизани бекордан-бекорга жазоламаган бўлсанг керак. Нимадир ғашингга теккандир. Бироқ, инсон муносабатларида сабр-тоқатли бўлиши керак. Дилингга ўтирмадими, сен ундан узоқроқ юр. Бировнинг дилини оғритмасликка интил. Салбий ҳолатларга дуч келсанг, эътибор бермасликка ҳаракат қил. Бошқа қизларга қара, солиштир. Шунда ҳақиқатни топасан. Чунки, ҳамма нарса қиёслаганда очилади”.

Эртасига жисмоний тарбия дарси бўлди. Бола қизларга эътибор берди. Ҳатто у ёқтирмайдиган Насиба ҳам спорт кийимларини газетага ўраб келмаган. Ихчамгина халтачага солиб олган. У яхши кўрадигани Наргиза ҳамон ўша-ўша. Яна ғашини келтириш учун газетани шитирлатиб қайта-қайта ўрайди. Ниҳоят у Наргизага эътибор бермасликка одатланди. Энди Насибани кузата бошлади…

Онаси унинг устига пальтосини кийдирди. Пастга тушишди. Уларни оппоқ қушдек машина кутиб турарди. Бола мана шу енгил машинани жуда-жуда яхши кўради. Шунинг учун ҳеч бувисининг ёнида қолмайди. Мактабдан кейин онаси билан навбатчиликка келади.

Назарида бир куни дадаси келиб, уни оппоқ машинада олиб кетадигандек туюлади. Ўзича хаёл қилади: ана машина келди. Дадаси тавозе билан орқа эшикни очади, онасини ўтқазади, кейин эшикни беркитади. Дадасининг ёнига ўзи ўтириб олади. Кейин машина ўрнидан жилади. Кенг, равон йўлда шамолдек учади. Уни масхара қиладиган Азамат ҳам, Наргиза ҳам оғзини очиб қолаверади. Кеча мен катта оппоқ машинада уйга кетдим деса, ҳеч бир бола ишонмайди, кулишади. Афсус, бу пайт ҳамма ўртоқлари ухлаб ётган бўлади-да. Ўн олти қаватли бинонинг олтинчи қаватидан лифт уларни бир зумда пастга тушириб қўйди.

Яна ўқинг:  Эзгу ишга камарбаста

Онаси ҳайдовчи билан қуруққина саломлашди-да, орқа ўриндиққа ўзини ташлади. Бола унинг ёнига ўтириб, пинжига тиқилди. Онаси фарзандининг елкасидан қучиб, кўзини юмди.

– Азиз ишлаб чарчадингми? Онангга ёрдамлашган бўлсанг керак-а, – сўради ҳайдовчи. Сўнгра одатдагидек то уйга етгунча машинада жимлик чўкди. Эшик олдига келганда унинг ичидаги чироғини ёқади. Онасига қоғоз узатади. Она қўлидаги соатга қарайди, шофёрнинг йўлланмасига вақтни белгилайди.

– Йўлакка кириб олгунингизгача чироқни ёқиб турайми? – деб сўради ҳайдовчи.

Онаси ҳорғингина “раҳмат”, деди.

Шу билан эшик ёпилади. Машина қоронғулик қўйнига сингиб кетади.

Атроф зим-зиё. Бирорта хонадонда чироқ йўқ. Дўстлари мазза қилиб ухлашяпти. Она бола аста-секин қўни-қўшниларни уйғотиб юбормаслик учун оёқ учида юриб бешинчи қаватга кўтарилишади. Болага ҳамиша шу бешинчи қаватга кўтарилиши қийин кечади.

– Ойижон, нега бизнинг домимизда ишхонангиздагидек лифт йўқ? – сўрайди у. Онаси индамайди. Унинг ичига чўккан кўзларидан ҳорғинлик сезиларди.

Бола уйга кира солиб иккала хонанинг чироғини ҳам ёқади. Даҳлизга папкасини қўяди-да, ўзини ётоқхонага уради. Боя стулда ухлаганда осилиб турган оёқлари дам олгандек бўлади. Афсус, оппоқ машинада келганимни ўртоқларим кўрмадида, – кўнгилидан ўтказди яна.

– Болам, чироқларни ўчириб юр, дейман ҳамиша. Ҳеч гап қулоғингга кирмайди-да, тежамкор бўлгин-да.

Онасининг овози элас-элас эшитилар, боланинг қовоқлари оғирлашиб, кўзлари юмила бошлади. Туш кўрди. Оқ “Волга” уларнинг эшиги ёнига келиб тўхтабди… Қараса, машинани бошқараётган шофёр эмас, ўзининг дадажони эмиш. Югуриб бориб дадасининг қучоғига ўзини отибди. Дадаси бағрига босиб пешонасидан ўпиб қўйибди. Худди гўдаклигидагидек тепага отиб “учди-учди, қуш учди” деб эркалабди. У ўзида йўқ бахтиёр экан. У шу пайт уйғониб кетди. Туши эканлигини англади. Беихтиёр хўрсинди. Тушидаги қувончини қўмсар, кўзини очмасдан, ўша дақиқаларни хаёлида қайта тиклар эди…

Раъно ЗАРИПОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: