Болага тўғри муомалада бўлайлик

Биз фарзанд улғайтирар эканмиз, ўз хулқимизни, юриш-туришимизни ҳам тарбиялаб борамиз. Дастлабки одатларидан бизга тақлид қилаётган боламизга яхши намуна бўлишга ҳаракат қиламиз. Энди у учун ўзимизни ўзимиз тўғри йўлга соламиз. Барча одатларимизни “элак”дан ўтказиб, фаолиятимиз мазмунини фарзандимиз билан боғлаймиз. Айниқса, оилавий анъаналарга алоҳида эътибор қаратамиз.

Масаланинг яна бир томони борки, биз ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамол инсонни тарбиялаб, жамиятга қўшамиз, деб тиниб-тинчимай юрганимизда болаларимизга атрофдан бўлаётган ташқи таъсирлар кўнгилни хира қилади. Оддийгина мисол. Кўпчилик гапга тутиш учун “Қани айтчи, даданг яхшими, онанг?” қабилида болага юзланади. Ақллироғи “иккаласиям”, деб жавоб беради.

Буни касал одамнинг қаршисида ўтириб, вирус юқтириб олган ҳолатга ўхшатиш мумкин. Бола жавоб бера бошлагач, ҳар бир нарсани таҳлил қиладиган митти вужуди билан бу саволни ҳам таҳлил қилади. Ота-онасидан ўзига эътиборлиси томон интила бошлайди. Табиийки, иккинчисига муносабати ўзгаради. Боланинг онгига арзимас савол билан тушган “вирус” ўзига ўзи иммунитет ҳосил қилиб олмагунча айланиб юраверади.

Жамоат жойларида болалар серхархаша, эътиборталаб бўлиб қолади. Инжиқланади, йиғлайди. Шунда атрофдагилардан кимдир “Жим турмасанг, укол қиламан”, деб пўписа қилади. Нима учун бола бироз эътибор сўраса, уколни пеш қилиш керак? Бунақа пўписалар болаларнинг бегоналардан ҳадиксирашга, фикрини эркин баён қила олмаслигига сабаб бўлмайдими?

Яқинда бир ўртоғим қайноғасидан шикоят қилиб қолди. Айтишича, тоғасиникига бориб-келган ўғли сўкинишни ўрганиб келибди. Яна тоғаси бундан фахрланиб, қўнғироқ қилиб болага сўкинишни қайта-қайта такрорлатиб, завқ қилар экан. Бу ҳолни эса изоҳлашга ҳожат йўқ. Яна шундай одамлар борки, боланинг жиғига тегишни яхши кўради, эркалайди. “Ҳозир қулоғингни кесиб оламан”, “бу сенинг даданг эмас, менинг дадам”, сингари бекорчи гаплар билан боланинг асабига тегади. Бу асабий ва жиззаки одамни вояга етказиш эмасми?

Биз ҳар томонлама соғлом, бахтли авлод тарбиялаш тарафдоримиз. Болалар оилавий анъаналар таъсирида вояга етади. Бироқ юқоридаги теваракдан таъсир қиладиган ҳолатлар уларнинг беғубор онгини зарарлайди. Атрофимиздаги ҳар бир бола ўзимизники. Боланинг бегонаси йўқ. Унинг тарбияси ҳам ҳар биримизга боғлиқ. Бола бизга эрмак эмас. У бўлажак шахс, келажак эгаларидир. Уларга шу нуқтаи назардан туриб муомала қилайлик.

Яна ўқинг:  Quvonch ulashayotgan “Quyoshcha”

Ориф ТИНИБЕКОВ,

Тошкент Банк коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: