Реклама

Бола боғчага бориши шарт(ми?): мутахассис масалага ойдинлик киритади

Аксарият ҳолларда айрим ота-оналар фарзандини боғчага беришни хоҳламайди. Бунинг сабабини сўрасангиз дилбанди бегона муҳитга мослаша олмаслиги, тенгдошлари билан чиқишолмаслигини айтишади.

Тўғри, боғчага эндигина қадам қўйган болакайда янги муҳитга кўникиш борасида бироз қийинчиликлар бўлиши табиий, аммо бу муаммо 3-4 ҳафтадан сўнг ўтиб кетади.

Бунинг учун фарзандингизни боғчага беришдан олдин уларда янги ҳаётга кўникма ҳосил қилишингиз лозим. Қолаверса, дилбандингизни кўпроқ болалар майдончаси ва хиёбонларга олиб бориб, тенгдошлари билан ўйнашига имкон яратинг. Фарзандингиз янги ўртоқлари билан қанчалик киришимли эканлиги ва қандай мулоқот қилаётганлигини диққат билан кузатинг. Шунингдек, болангизни мустақил овқатланиши учун шароит яратинг. У овқатланаётганида қошиқни қайси қўлда ушлаётгани ва қандай таом ейишига эътибор қилинг. У егуликнинг ҳаммасини ея олмаслиги мумкин, бироқ бу орқали қайсидир даражада мустақил бўлишга ўрганади.

Фарзандингиз билан кўпроқ мулоқот қилинг. Кўчада кимлар билан ўйнашини хоҳлаши, ўртоқларига бўлган муносабати ҳақида сўранг. Кўпроқ болага эртаклар ўқиб беринг. Унга мультфильм ва турли рангдаги расмларни томоша қилишида ёрдамлашинг. Экранда нималарни кўргани ҳақида гапириб беришини сўранг. Унга расмлар чизишни ўргатинг ва бўяшга қизиқтиринг. Хотирасини ривожлантириш учун кичик-кичик шеър ва мақоллар ёдлатинг. Бу фарзандингиз нутқини ўсишига ва тенгдошлари орасида эркин мулоқот қилишига хизмат қилади.

Боғчага мослашиш – боланинг феъл-атвори хусусиятларига боғлиқ дейди, – психолог Индира Раҳимова. – Шўх, ҳаракатчан болалар боғчага тез мослаша олади. Инжиқ, тортинчоқ, характери оғир кичкинтойларда эса бу ҳолат аксинча бўлади. Болани боғчага беришда ота-оналар ана шу жиҳатларга эътиборли бўлишлари лозим.

Боғчага борган бола билан уйда тарбияланган кичкинтойнинг ўртасида сезиларли даражада фарқ бўлади. Боғча боласи шахслараро муносабатларга тез кириша олади. Қолаверса, аниқ режимга ўрганади. Уларда муомала маданияти ва ахлоқий нормалар шакллана боради. Киришимлилик ва тез ҳаракатчанлик айнан боғча ёшидаги кичкинтойларнинг шахсий хусусиятларига хос бўлади.

Тарбиячи болани тарбиялашда, энг аввало, индивидуал хусусиятларга, яъни унинг темпераменти (мижози), характери ва қобилиятларига эътибор бериш лозим. Чунки бир болага қилинган муомала иккинчисига мутлақо тўғри келмаслиги мумкин. Тарбиячилар уларнинг характерига мос тарзда муомала қилишлари зарур. Машғулотларни ўтиш вақтида кўргазмали қуролларнинг хилма-хиллиги, ранглилиги, жонлилига эътибор қилишлари керак. Қолаверса, эртак китобларга қизиқтириш ва турли ўйинлар орқали уларда кўникмани шакллантириб бориш талаб этилади.

Яна ўқинг:  Қовоқларингиз учаяптими?

Эндигина МТМга бораётган кичкинтой учун боғча ижобий ҳис-туйғулар бермаслиги мумкин. Чунки у онасига, уйига кўникиб қолган. Дастлаб унда янги муҳит ва ўртоқларга кўникиш бироз қийин кечса-да, кейинчалик ўз-ўзидан боғчага меҳр қўяди. Тенгқурларига қараб ҳаракат қилишни бошлайди ва улар билан дўстона мулоқотга киришади. Сиз уйда фарзандингиздан боғчадаги таассуротларини сўрасангиз, ҳаммасини айтиб беради.

Хулоса қилиб айтганда ота-оналар, фарзандингизни боғчага беришдан ҳеч ҳам иккиланманг. Чунки кичкинтой боғчада фикрлашни, ён-атрофидаги инсонлар билан мулоқот қилишни, яқинларини қадрлашни ўрганади.

 

Дилфуза АЗИМОВА

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: