БОБОМЕРОС ҲУНАРНИНГ САЙҚАЛЛАНГАН ЖИЛОСИ

Қадим Тошкент шаҳри. Пастқам уйлар жойлашган торгина Қорасарой маҳалласи. Беш ёшли ўғилчасини етаклаб, қўшни киши Иброҳим халфа номи билан танилган косибнинг уйига яқинлашиб, аста дарвозани тақиллатди-да, атрофга аланглаб, ҳовлига кирди. Уста бўш вақтини устахонада ўтказишини билган қўшни тўғри ўша ерга йўл олди. Ҳовли бурчагида кичкинагина хонада Иброҳим ота махсининг тагини маҳкамлаб қотираётган экан.

– Ҳа, Иброҳим, тинчмисан? Ҳар доимгидек устахонангдасан. Сендан хабар олгани эртароқ келмоқчи эдим. Аммо баъзи бировларнинг назарига тушишдан қўрқдим. Билансанку, ўзи қўлидан ҳеч вақо келмайди-ю, бошқаларнинг ишини кўролмай юқорига чақадиганлар йўқ эмас.

– Ҳа, нимасини айтасан, – уста бошини кўтармай дўстига жавоб берди. – Кунлар келиб бағримизга шамол ҳам тегиб қолар. Ҳа, сен сўраган махси тайёр бўлганди. Мана – дедида, уста ошнасининг олдига бежиримгина, чоклари ҳам текис, махсини қўйди. Буни кўрган қўшни қувониб, махсини қўйнига қистирди, уста билан хайр-хўш қилиб устахонадан чиқиб кетди.

Иброҳимхўжа Юнусхўжаев ўтган асрнинг 30-йилларида танлаган касби бошқа бўлсада, маҳалла-кўйда маълум ва машҳур косиб эди. У вақтлар бирор киши ўзи истаганича оиласига қўшимча даромад сифатида ҳеч бир ишни эмин-эркин амалга оширолмас, бори ҳам яширишга уринарди.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг барча соҳаларда, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Иброҳим халфа номи билан маҳаллада машҳур бўлган уста-косибнинг ҳунари ўтмишда қолмади. Бобо орзу қилган кунлар келиб, эндиликда унинг касбини набиралари – Азимхўжа, Рустамхўжа, Анвархўжалар давом эттиришмоқда.

– Фаолиятимизни бундан ўн беш йил аввал кичик хусусий корхона сифатида бошлаб, аста-секинлик билан моддий-техника базамизни мустаҳкамлаб олдик. “Интилганга толе ёр” деб бежизга айтишмас экан. Давлатимизнинг юксак эътибори, яратилган имкониятлар ва меҳнатимизнинг самараси ўлароқ ўз фаолиятимизни янада кенгайтирдик – дейди корхона раҳбари Азимхўжа Иброҳимхўжаев.

Инсон нимани чин дилдан истаса, ўша нарсага албатта эришади. Ака-укаларнинг меҳнати, интилиши туфайли 2010 йилдан бошлаб корхона “Style step” номи билан масъулияти чекланган жамиятга айлантирилди. Хом ашё етказиб берувчилар ва буюртмачилар тармоғи шаклланди. Хорижий давлатлардан қўшимча ускуналар келтирилиб, замонавий моделлар асосида икки юздан ортиқ турдаги оёқ кийимлар ишлаб чиқаришга эришилди.

Яна ўқинг:  Умр йўлин ёритгувчи эзгулик

– Иш фаолиятимизнинг илк йилларида харидорлар келиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганми дея сўраб, маҳсулотимизни харид қилишларини жуда-жуда истардим. Шукурки, мана шу натижага эришдик – дея сўзида давом этди корхона директори.

Дастлаб эркаклар оёқ кийимлари ишлаб чиқарилган корхонада 2011 йилдан бошлаб аёллар, 2012 йилдан ўсмир ёшдаги болалар учун мавсумий оёқ кийимлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Маҳсулот тури ортгани боис, ўз-ўзидан қўшимча ишчи кучига эҳтиёж сезилди. Натижада корхонада яна қўшимча саккизта иш ўринлари яратилди. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

– Маҳсулотлар юз фоиз табиий чармдан тайёрланади. Оёқ кийим дизайнларини, ранглар танловини ҳам ўзимиз яратамиз, – дейди корхона модельер бичиқчиси Анвархўжа Иброҳимхўжаев.

Корхона сўнгги йилларда ўз маҳсулотларини тадбиркорлар тармоғи орқали харид қилиш билан бирга “Step by step” фирма дўконлари тармоғи орқали сотувга чиқаришни кенг йўлга қўйди. Тўловларни исталган турда амалга ошириш харидорларга бир мунча қулай. Бу саъйҳаракатлар натижасида 2012 йилда пойтахтимизда бўлиб ўтган чарм пойабзал ва кийим аксессуарларга бағишланган иккинчи халқаро кўргазмада корхона маҳсулотлари “Энг яхши пойабзал дизайни учун” йўналишида биринчиликни қўлга киритди.

2013 йилда корхонада янги иш ўринларини ташкил этган ҳолда 7-8 ёшдаги болалар учун қулай ва бежирим, мавсумий оёқ кийимлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Корхона фаолияти билан танишиш жараёнида ўз соҳасини чин дилдан севиш, тинимсиз изланишлар, шунингдек, жамоа орасидаги самимий муҳит, устоз ва шогирдларнинг очиқ чеҳраси, бир-бирини қўллаб-қувватлаш каби фазилатларнинг гувоҳига айландим. Шунда яна бир бор амин бўлдимки, яхшилик ва эзгулик бор жойга барака инади, ишда ривож бўлади. Мен ҳам бобо мерос касбни ардоқлаб унга сайқал бериб келаётган ака-укаларнинг ишига ривож тилаган ҳолда ортга қайтдим.

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Соғлом авлод” мухбири.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: