Бир мақсад йўлида ўзаро тотувликда

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда Республика байналмилал маданият маркази ташкил этилди. Ушбу ташкилот йигирма беш йилдирки халқлар дўстлигини улуғлаб, юртимиз фуқароларининг бирдамлигига, аҳиллигига, Ватанимиз тинчлиги ва тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Айни кунларда мамлакатимизда Марказ ташкил этилганлигининг 25 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг катта мажлислар залида “Ўзбекистон мустақиллиги – миллатлараро муносабатлар ривожида янги давр” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди. Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида мамлакатимизда яшаб ижод қилаётган турли миллат вакилларининг тасвирий, фото ва халқ амалий санъати асарлари кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, бу ерда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” дўстлик фестивали совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Республика байналмилал маданият маркази фаоллари билан учрашувдаги маърузасида мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакилларининг 18 нафари давлатимизнинг юксак мукофоти – “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонига эга эканлигини таъкидлади. Шунингдек, марказ фаолларининг бир гуруҳига нуфузли давлат мукофотлари – унвонлар, орден ва медаллар топширилди.

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида тантанали йиғилиш бўлиб ўтди ва мамлакатимиздаги миллий маданият марказлари қошидаги бадиий жамоалар ҳамда халқимиз ардоғидаги санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

 

Дарҳақиқат, юртимизда турли миллат ва элат вакиллари дўстона умргузаронлик қилади. Дини, миллий қадриятларига юксак ҳурмат билан ўзаро аҳилликда яшайди. Ҳар бир миллатнинг маданияти, санъати, турмуш тарзида ўзига хослик мужассам ва албатта барчаси умуминсоний қадриятлар, эзгулик ва меҳр-оқибатни тараннум этади.

 

Бугун юртимизнинг барча жабҳаларида турли миллат ва элатлар вакиллари ҳамжиҳатликда, бир мақсад – обод ва фаровон турмуш бунёд этиш, Ватан тараққиёти, мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида елкама-елка меҳнат қилаётир. Бу эса миллатлараро тотувлик, ўзаро тенгҳуқуқлиликнинг юксак намунасидир. Ана шундай фидойи инсонлардан бири Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган шифокор Светлана Цой халқ билан мулоқотни афзал биладиган ва инсон манфаатларини олий қадрият деб ҳисоблайдиган заҳматкаш, фидойи кишилардан. Унинг эл дарди, халқ саломатлиги йўлидаги камарбаста хизматлари юртимиз одамларининг беғараз дуоси Светлана Цойни Ўзбекистоннинг ардоқли фарзандига айлантирди. Оддий шифокорликдан фаолиятини бошлаган юртдошимиз Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бошлиғи даражасига кўтарилди.

Яна ўқинг:  Sport: nafosat va joziba

– Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига етакчилик қилган йилларимда халқимизнинг бағрикенглигини, дўстона самимиятни қадрлашини янада яқиндан ҳис этдим. Мен она Ватанимиз билан аҳил яшаётган кўп миллатли халқимиз билан фахрланаман, – дейди у.

Унинг ўзбек тилида равон сўзлаётгани – юртга меҳри, шу халққа юксак муҳаббатидир, десак муболаға бўлмайди. Мамлакатимиздаги каби Хоразм вилоятида ҳам кўпгина миллатлар аҳил яшайди. Маҳаллий халқ билан тўй-ю таъзияси бир. Рус тилига ихтисослашган мактабда таҳсил олган Светлана Цойни фақат зоҳирий кўриниши ва фамилиясидангина бошқа миллатга мансублигини сезиш мумкин. У маҳалла-кўйнинг қувончу ташвишларига ҳам ҳамиша шерик. Ўрни келса, эзгу ишларга доимо бош-қош.

– Маҳалла деганда ўзбек халқининг миллий қадриятлари, эшиги ҳамиша очиқ хонадонлари, эзгулик, шунингдек, инсонлар қалбидаги меҳр-оқибат уйғунлиги кўз олдимизга келади. Маҳаллаларимиз тажрибасини бутун жаҳон ўрганса арзийди. Ундаги инсонийликка, бир-бировнинг дардини, ташвишларини ҳис этиш фазилатларига эътибор беринг: тўй эгаси маросимни бошлашдан олдин биринчи кимларни йўқлайди? Аввало қўша қариган, фариштали қарияларнинг ҳузурига бориб, оқ фотиҳа олади. Сўнгра ётган касалларни йўқлайди. Маҳаллада азадор бўлса, кириб кўнгил сўраб, тўйга розилик олади. Олижаноблик оддий туйғулардан бошланади. Меҳр-муҳаббат, эътибор кимни қувонтирмайди?! Бу қадриятлар республикамизнинг ҳар бир маҳалла ва қишлоғида мавжуд. Мен ана шундай ўзбек маҳалласида улғайдим. Бундан хурсандман. Маҳалла кучли мулоқот воситаси, мулоқот бўлса, инсон бир-бирини тушиниб боради ва меҳр қўяди, – дейди Светлана Цой.

Хоразм вилоятининг узоқ Гурлан туманида Гулистон қишлоғи бор. Бу ерлик ўзбек аёллари корейсча салат тайёрлашни жуда яхши билишади. Мактабини сўрасангиз, қишлоғимизда корейс оилалари кўп, биз бир-биримиздан кўп нарсани ўрганамиз, деб жавоб беришади. Бу ерда туркман нусха гулли пайпоқлар тўқишни ҳам хуш кўришади. Ўзбек хонадонлари бешбармоқ пиширишни ҳам қойиллатади. Чунки, бу қишлоқда ўзбек, туркман, қозоқ, корейс миллатига мансуб кишилар бир-бирининг миллий қадриятларини улуғлаб яшайди. Ўзбек муаллималари корейс болаларига дарсдан бўш вақтларида математикадан сабоқ беришса, корейс миллатига мансуб муаллималар корейс ва рус тилини ўргатишади. Урганч туманидаги Чандирқиёт қишлоғида туркман мактаби бор. У ерда сабоқ олган болалар йиллар ўтиб ўзбек мактабида дарс бераяпти. Ўзбек тилида сабоқ олиб, туркман тилида дарс бераётган муаллимлар ҳам бор. Урганч туманининг Чолиш қишлоғида эса 2та қозоқ мактаби мавжуд. Бу ерда ҳам худди шу манзарани кузатиш мумкин. Чунки, улар ёнма-ён яшаб бир-бирининг тилини, турмуш тарзини ўрганган.

Яна ўқинг:  ЭНДИ ҲАР БИР БОЛАДА “НЕКСИЯ” БЎЛАДИ

Юртга, элга фидокорона хизмат қилаётганларни, миллатлараро дўстликка муносиб ҳисса қўшаётганларни ҳукуматимиз ҳам қадрламоқда. Масалан, Светлана Цой “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган врач” унвонига сазовор бўлган бўлса, Корейс миллий маданияти марказининг яна бир вакиласи, Хива “Меҳрибонлик уйи” директори Вера Пак “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони билан тақдирланган. У Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлиб фаолият ҳам олиб борди. Вера Пак ҳам халқимизнинг урф-одатларини, қадриятларини, тилини яхши билади. Бу ҳам ўзаро аҳиллик тимсолларидан биридир.

– Келажак авлоднинг жисмонан соғлом, руҳан тетик, ақлан етук бўлиб вояга етишида давлатимиз ғамхўрлигини Хива “Меҳрибонлик уйи” тимсолида кўришингиз мумкин. Ўтган йили янги бинога кўчиб ўтдик. Ҳозир бу ерда оила шароитида турли миллат вакилларининг болалари дўстона яшамоқдалар.

Дунёда давлатлар ва халқлар ўртасида турли низолар кечаётган бугунги мураккаб вазиятда, юртимизда тинчлик, осойишталик ҳукмронлиги, бу заминда соғлом авлодни вояга етказиш борасида улкан ишлар олиб борилаётганлиги, оналар ва болаларимиз ҳаёти ва турмуши, уларнинг камолоти – давлатимиз сиёсатида бош вазифа мақомини олганлиги учун шукрона келтиришимиз, бу йўлда янада собит хизмат қилишимиз жоиз, – дейди Вера Пак.

Мазкур йилни мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” йили деб эълон қилди. Бунинг замирида ҳам бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва самимий муносабатлар ўз ифодасини топгандир. Зеро, инсон миллати ва динидан қатъий назар ҳаёт неъматидан баҳраманд бўлишга, манфаатлари таъминланишига, мамлакатда яратилган шароит ва имкониятлардан тўлалигича фойдаланишга ҳақлидир.

 

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: