Билки кичикликда эрур парвариш

Алишер Навоий асарларини варақлар эканмиз, ҳар сафар бизни ҳайратга соладиган тушунчалар, ғоялар ва ифодаларга дуч келамиз. Бу ул зотнинг ижоди нечоғли серқирра эканидан далолатдир. Шунинг учун ҳам ҳазрат Навоийнинг асарларида акс этган ғояларни умрбоқий деб атаймиз. Зеро, бу ғоялар ҳар қандай замон ва маконда дастуриламал бўлиб хизмат қила олади.

Ҳазрат Навоийнинг барча асарларини бирлаштириб турувчи умумий ғоя – комил инсон ғоясидир. Унинг барча ғазаллари, дос-тонлари моҳиятида комил инсоннинг турли хислат ва фазилатлари ёритилган. Алишер Навоий комиллик шартлари дея барча инсоний фазилатларни санаб, уларнинг аввалига бир шартни қўяди – инсоннинг комил бўлиб улғайиши унинг болаликдаги тарбияси билан боғлиқдир. Бу қараш ҳазрат Навоийнинг деярли барча дос-тонларида акс этганига гувоҳ бўламиз. Масалан, “Фарҳод ва Ширин” достонида Фар-ҳод болалигидаёқ жуда қобилиятли бўлиб, ҳар қандай билимни тезда ўзлаштирар, бир марта ўқиган китобини қайта ўқишига ҳожат қолмас, чунки, у сабоқларни ёдда сақлаб қоларди:

Агар бир қатла кўрди ҳар сабақни,

Яна очмоқ йўқ эрди ул варақни.

Ҳазрат Навоий асосий эътиборни Фар-ҳоднинг кўп ўқигани, илм олганига қаратади, чунки, илм инсонда маърифат ҳосил бўлишида муҳим ўрин тутади:

Ўқуб ўтмак, уқуб ўтмак шиори,

Қолиб ёдида сафҳа-сафҳа бори…

Жаҳонда қолмади ул етмаган илм,

Билиб таҳқиқини касб этмаган илм.

Фарҳод илм орқали маънавий жиҳатдан юксалгани сари жисмонан бақувват бўлиб улғайиб боради:

Бўлуб ўн ёшқа умрининг мурури,

Йигирми ёшча қадду жисму зўри.

Албатта, ўн ёшли боланинг қадду жисми йигирма ёшли йигит каби экан, у жисмонан соғлом ва кучли бўлиши табиий:

Қиличи зарбаси оллинда ҳар марз,
Шикоф андоқки сувдин ер аро дарз.

Яъни, Фарҳоднинг қилич зарбасидан ер дарз кетар эди.

Не ер, тоғики кисват қилди хоро

Бу кисватдин қилиб дарз ошкоро.

Нафақат ер, балки тоғлардаги тошлар

ҳам бу зарбдан ёрилиб кетар эди.

…Евургач найзасин даври фалаквор,

Бўлуб қалқон ўзига чархи даввор.

Найзасини ўйнатса фалак – чарх доираси унга қалқон бўлар эди.

…Чу майдон азмиға солиб таковар,

Бузуғлуқ бохтардин то ба ховар.

Майдонга от солиб кирса, ҳар бир томон титраб кетар эди.

Яна ўқинг:  Чўққиларнинг мангу чорлови

Мазкур таърифларнинг барчаси Фар-ҳоднинг жисмонан комиллигини таърифлаяпти. Бугунги тил билан айтганда, Фарҳод ўз давридаги спорт турларининг барчаси – қиличбозлик, найзабозлик ва чавандозликда тенгсиз эди. Демак, ҳазрат Навоий ўз қаҳрамонини комил инсон сифатида тасвирлар экан, унинг болалигига алоҳида урғу қаратиб, Фарҳод болалигида илм ўрганишга ғоят қобилиятли бўлиш баробарида соғлом, бақувват эканлигини алоҳида эътибор билан баён этади. Бу фикр-ни “Ҳайрат ул-аброр”даги қуйидаги байтлар ҳам тасдиқлайди:

Улча эрур тифлға шойиста иш,

Билки кичикликта эрур парвариш.

Қатраға чун тарбият этти садаф,

Эл бошиға чиққуча топти шараф.

Яъни, болаликдаги тарбия, парвариш аҳамиятли бўлиб, бу қатранинг садаф ичида дурга айланишига ўхшайди. Шу ўринда “Билки, кичикликда эрур парвариш” мисрасига алоҳи эътибор қаратиш мумкин: парвариш деганда, шубҳасиз боланинг соғ-лиғи, таомномаси, озодалиги тушунилади. Алишер Навоий болага унинг кичик ёшлигида эътибор, парвариш зарур эканлигини уқтиряпти.

Алишер Навоий бола тарбияси ва парвариши қанчалик муҳим эканлигини таъкидлаган бўлса, гўдакларни тарбиялаш ва парваришлаш шунчалик савобли, шарафли эканлигини ҳам эътироф этади. Бу ҳақда “Маҳбуб ул-қулуб”да шундай сатрларни ўқиймиз: “Анинг иши одамдин келмас, қайси одамки, дев қила олмас, ҳар қаттиғ кишини бир тифл муҳофазати ожиз этар, ул бир сурукка илм ва адаб ўргатгай, анга не етар. Онча борким, ул қавмнинг идроку фаҳми оз тушар, андоқ кишига юз мунча машаққат не бушар. Ҳар тақдир била атфолға ҳаққи кўпдур, агар подшоҳлиққа етса ва анга қуллуқ қилса хўбдур”.

Мазмуни:

Шундай ишки, буни одам тугул дев ҳам уддалай олмайди, бу иши бола муҳофазаси, яъни тарбиясидирки, ҳар қандай қаттиққўл одамни ожиз қилиб қўяди. Агар болага илм ва одоб ўргатса, бунга не етсин! Бу шундай ишки, болалар ёш бўлгани учун, фикрлашни билмайдилар, шунинг учун ўргатувчига юз машаққат келади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, устознинг болаларда ҳақи кўп ва бола шоҳлик мартабасига етса ҳам устозига қуллуқ қилса, бу яхши иш.

Бу ўринда Алишер Навоий бола тарбиясининг машаққатли ва масъулиятли ишлигини таъкидлар экан, бола тарбияси билан шуғулланувчи мураббийнинг даражаси юксак бўлишини эслатмоқда.

Яна ўқинг:  ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМ: БЕМОР ҲАЁТИ УЧУН МУҲИМ АСОС

Кўриб ўтганимиздек, ҳазрат Навоий бола ва унинг тарбиясига жиддий масала, деб ёндашган. Унинг жисмонан ва маънан камол топишига алоҳида урғу қаратган. Бола тарбияси билан шуғулланувчи устозларнинг вазифаси оғирлигини, улар ўз бурчларига масъулият билан ёндашишлари зарурлигини қатъий таъкидлаган.

Қандай масала бўлмасин, биз унинг ечимини, унга доир қарашлар Алишер Навоий асарларида мавжудлигини, бу фикр-ларнинг асосли, таъсирчан тарзда ифода этилганига гувоҳ бўламиз. Бу эса бизни ҳамиша ул зотнинг ҳаёти ва ижодини ўрганишга эҳтиёжманд эканлигимизни эслатиб туради.

Дилнавоз ЮСУПОВА,

филология фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: