Билим – мактаб кўрки, ободлиги

Мактаб ҳақида гап кетса одамнинг чеҳраси ёришади. Дил тўлқинланиб кетади. Болалик хотиралари ёдга тушиб, бир зумга бўлсада мактаб бағрига, жонажон синф хонага қайткиси келади. Ўзинг ўқиган мактабнинг ютуқлари ҳақида қувониб-қувониб, халқ тили билан айтганда оғиз тўлдириб гапиргинг келади.

Касбим ўқитувчи, тақдирим маориф йўли билан боғлангани туфайли институтни тамомлаб келган пайтларим вилоятнинг номдор мактабларда бўлишни, у ердаги ўқув хоналари ва залларини айланиб томоша қилишни, шу мактабнинг илғор ўқитувчилари билан чин кўнгилдан суҳбатлашиб, ютуқлар сирини ўрганишга, тўплаган тажрибалари билан ўртоқлашиш орқали ўзим ҳам оз бўлсада тажриба орттиришга ҳаракат қилардим. Шу мақсадда ўзимизнинг Олтинсой туманимиздаги ва, айниқса, Денов туманидаги тилга тушган мактабларни бориб кўрганман. Шунда яшириб нима қиламан, у ердаги таълим-тарбия, ўқитиш жараёнларига ҳавас қилиб «Қанийди мен ҳам шундай мактабда ишласам, ҳаяжонланиб дарслар ўтсам. Шундай мактабга раҳбар етакчи бўлсам ва уни яна ҳам юқорироққа олиб чиқсам» деб орзу қилардим.

Шунда бу орзу-ниятларим рўёбга чиқиб, 2009 йили ўзим ишлаётган мактабга директор бўлдим.

Ҳавасларим, тилга тушган мактаблардан олган таассуротларим энди иш бера бошлади. Одам чин дилдан, қизиқиб меҳнат қилса муваффақиятлар қўлда экан. Ҳамиша жамоа билан келишиб, улар билан бамаслаҳат иш олиб боришга ҳаракат қиламан. Зеро, аҳиллик бор жойда юксалиш бор, деб бежизга айтишмаган.

Бугун жамоамиздаги Х. Абрайқулов, Б. Бобомуродов, А. Қобилов, Р. Маҳмудов, О. Бобомуродов, Д. Пардаева, Ш. Алиёрова, Қ. Ражабов ва С. Мирзаева каби ўқитувчилар номини алоҳида тилга олгим келади. Улар ҳар бир дарсни юксак маҳорат билан ўтишга ҳаракат қилишаяпти. Шу боис билим масканимиздаги 817 нафар ўқувчиларнинг барчаси уларни яхши кўришади. Меҳр билан устоз дейишади. Аслида, ўқитувчига бунданда юксак ҳурмат-эҳтиром бўлмайди.

Жорий йилда 105 нафар ўқувчи янги ҳаётга йўлланма олишди. Уларнинг салкам 90 фоизи фанларни тўла намунали баҳоларга якунлаганлари мактабимизнинг энг катта муваффақиятларидан биридир десам асло муболаға бўлмайди. Зеро, мактаб иккинчи оила, ўқитувчилар эса худди ота-она сингари болаларнинг камолини, уларнинг маънан баркамол бўлишларини хоҳлашади. Шу сабабдан фарзандларимизнинг яхши билим олиб катта ҳаётга қадам қўйишларини кўриш биз ўқитувчилар учун энг катта давлатдир.

Яна ўқинг:  СИНФ КУТУБХОНАЛАРИ: ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини янада шакллантиради

Мактаб довруғини салоҳиятли ва билимдон ёшлар кўтаради ва уни шарафлайди. Ўқувчиларимиз эса ўзларининг кенг қамровли билимини вилоят ва республика миқёсида ўтказилган фан олимпиадасида намойиш этишди. 2012-2013 ўқув йилида 5-8 синфларда ўқиётган беш нафар ўқувчимиз вилоят босқичида муваффақиятли қатнашишди. 8-синф ўқувчиси Шаҳбоз Жўраев эришган ютуқ ҳаммамизни қувонтириб юборди. У ҳуқуқ фанидан ўтказилган фан олимпиадасининг республика босқичида иштирок этиб, мактабимизга диплом билан қайтди.

Ўқувчиларнинг бундай ютуқларга эришишида аввало ўқитувчиларнинг беминнат меҳнатлари мужассам, қолаверса таълим олувчилар учун мактабимизда яратилган барча шароитлар бунга эш бўлди. Мактабимизда мавжуд физика, кимё, биология хоналари замонавий жиҳозланган. Бундан ташқари бошқа фанларга мўлжалланган хоналар ҳам керакли ўқув қуроллари билан таъминланган.

Юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси ўлароқ мактабимизда ўқувчиларнинг тўла-тўкис билим олишлари учун барча имкониятлар яратилган. Фақатгина бу имкониятдан ўқувчилар самарали фойдалансалар бас.

Тўрақул ЭШҚОБИЛОВ,

Сурхондарё втлояти, Олтинсойтуманидаги 13-мактаб директории

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: