БИЛИМ бахт олиб келади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ахборотларига қараганда ҳар йили дунё бўйича 10 миллион нафарга яқин хавфли саратон касаллигига чалинган беморлар аниқланади. Ўсма касалликлари бутун дунёда долзарб бўлган касаллик турига киради. Бу ҳолат эса ҳеч бир инсонни ташвишлантирмай қўймайди. Мамлакатимизда мустақиллик шарофати билан барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам жуда катта эътибор қаратилгани боис, бу соҳада шифокор олимлар томонидан тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда. Тиббиёт фанлари доктори, Европа Онкологлар ташкилоти аъзоси Дониёр Пўлатов ҳам ана шундай тиниб-тинчимас, фидойи ва изланувчан олимдир.

Инсон болалигидан касбга меҳр қўйишида у ўсаётган муҳит ва атрофдагилар таъсири кучли бўлади. Падари бузруквори Анвар ота муҳандис, волидаи муҳтарамаcи Клара ая эса стоматолог сифатида фаолият юритган бўлса-да, ёшлигидан тоғаси каби жарроҳ бўлишни орзу қилган Дониёр Пўлатов ҳозирда тиббиёт фанлари доктори, Республика Онкология илмий маркази, I ва II кимётерапия бўлимлари илмий раҳбари.

– Онкология соҳаси кенг бир майдон. Унда қилиниши керак бўлган илмий ишлар, ҳали бу фаннинг очилмаган муаммолари талайгина, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Айнан шу соҳага қизиқиш менинг онколог бўлишимга сабаб бўлди. Бундан ташқари онкология соҳасига қизиқишимга устозларим Ҳомид Каримов ва Саримбек Наврўзов ҳам сабабчи бўлган. Ҳозирга қадар улардан маслаҳат оламан. Шу даражага етишишимда устозларимнинг ўрни беқиёс.

Дарвоқе, юқорида таъкидланганидек ҳозирги даврда жуда долзарб ҳисобланган онкология соҳасида ечимини кутаётган илмий изланишлар ва саратон касаллигининг давосини топиш учун муаммолар талайгина. Бу соҳада касаллик тарихи, оғир беморлар билан ишлаш шифокор-онкологдан чуқур билимни талаб қилади. Бу борада Д. Пўлатов самарали ишлар олиб бормоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказилган қатор халқаро конгрессларда олим ўз маърузалари билан қатнашиб келмоқда. 2010 йилдан эса Д.Пўлатов Европа Онкологлар ташкилоти аъзоси ҳисобланади.

Дониёр Пўлатов талабчан раҳбар. Инсон саломатлигини биринчи ўринга қўювчи, тиниб-тинчимас устоз атрофдагиларга ҳам шуни уқтиришга уринади. Устозлари таъкидлаганидек: “Касалликни тўғри даволаш учун унинг келиб чиқишини яхши ўрганиш керак, шунда шифокор тушуниб даволайди. Табиийки натижалар ҳам самарали бўлади”, деган ўгитга доим амал қилади.

Шогирдларидан икки нафари тиббиёт фанлари номзоди. Улардан Мажид Абдухалилов ҳозирда Самарқанд Онкология диспансери кимётерапия мудири сифатида фаолият юритмоқда. Бухоро Онкология диспансери кимётерапия бўлимида ишлаётган Лола Султонова ҳам устози каби билимдон ва илмга интилувчан.

Яна ўқинг:  Жисмоний тарбия ва оммавий спорт янги босқичга кўтарилади

– Ҳозирда хавфли ҳисобланган ўсма касалликларининг келиб чиқишига асосий сабаб носоғлом турмуш тарзидир. Шунингдек, бу хасталикка ирсий мойиллик ҳам мавжуд. Яна ГЎМ (гени ўзгартирилган маҳсулот)ларни, шунингдек, таркибида канцероген бирикмаларни сақловчи маҳсулотлар истеъмол қилиш, экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда канцероген моддалар таъсирида бўлиш, зарарли одатлар (ичиш, чекиш, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш) ҳам хавфли ҳужайралари ривожланишига замин яратади. Хавфли ўсма касаллиги билан оғриган беморлар нафақат Ўзбекистонда балки, бутун жаҳонда тобора ортиб бориши ташвишли ҳол. Афсуски, олдинлари беморларнинг аксариятида касаллик оғир босқичларда аниқланиб, даво чоралари деярли самара бермасди. Мустақиллик шарофати билан тиббиёт соҳасига ҳам жуда катта эътибор қаратилди. Саломатлик – дунёнинг барча неъматларидан устун. Мустақиллик яратиб берган улуғ имкониятлар бўлмаганида онкология соҳасида ҳам ижобий натижаларга эришиш қаёқда эди дейсиз?

Оила – муқаддас даргоҳ. Инсоннинг камолотга эришувида оиланинг ўрни жуда катта. Уч нафар фарзанднинг меҳрибон отаси, бир нафар неваранинг севимли бобоси Дониёр Пўлатовнинг оиласи ҳам фахрланса арзийдиган, ўзгаларга ўрнак ва ибрат қилиб кўрсатса бўладиган оилалар сирасига киради. Олимнинг турмуш ўртоғи Дурдона опа Пўлатова тиббиёт фанлари номзоди. Ҳозирда Тошкент тиббиёт академиясининг клиник фармакология кафедрасида иш фаолиятини олиб бормоқда. Шифокорлар оиласида дунёга келган фарзандларга ҳам бу ижобий муҳит таъсир қилмай қолмаган. Оиланинг бош фарзанди Камолахон Тошкент Педиатрия тиббиёт институтининг VII босқич талабаси, ўртанча қиз Дилдорахон Тошкент тиббиёт академиясига қарашли лицейда таҳсил олмоқда. Кенжа ўғил Жасурбек эса 9-синф ўқувчиси. Иқтидорли фарзандлар ҳам келажакда ота-она касбининг муносиб давомчилари бўлиш ниятида.

Ватанга муҳаббат оиладан бошланади. Дониёр аканинг оиласи ҳақида тўлқинланиб сўзлашидан бахтли оиланинг эгаси эканлигини билиш қийин эмас. Тиббиёт соҳасидаги ютуқлари учун Д.Пўлатов 2014 йилда “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шоир Фирдавсий айтганидек:

Шубҳа йўқ, илмдан тирикдир инсон,

Машаққат меҳнатни енгади осон.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: