Бетакрор юртнинг бебаҳо обидалари

Тарихий ёдгорликлар ўтмишда, айниқса, ўрта асрларда диёримизда илм-фан, маданият гуллаб-яшнаганидан дарак беради. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудидаги кўплаб маданий мерос дурдоналари, минглаб археологик объектларда ҳам бу ўз тасвирини топган. Улар қадим тарихдаги маданий ҳаёт, аждодларимиз турмуш тарзини ўрганишда беқиёс аҳамиятга эга. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда ана шу ёдгорликларни аслича сақлаш, қайта тиклаш, таъмирлаш, реставрация қилиш, археологик изланишлар олиб бориш ишларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратиб келинаётгани бежиз эмас.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 ноябрдаги “2013–2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ҳамда 2014 йил 20 февралдаги “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорлари воҳамизнинг ноёб тарихий-маданий меросидан самарали фойдаланиш, тарихий архитектура ансамбллари ва ёдгорликлари ҳолатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этаяпти.

Вилоятимизда 927 та маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг 163 тасини архитектура иншоотлари, 683 тасини археологик ёдгорлик­лар, 20 тасини эса зиёратгоҳлар ташкил қилади.

Ана шундай тарихий қийматга эга бўлган объектлар – Шаҳрисабз туманидаги “Чубин” ва “Абдушукур Оғолиқ” мадрасаларида реставрация ишлари амалга оширилмоқда. “Абдушукур Оғолиқ”да ишлар деярли якунланиб қолди: ҳужралар консервация қилинди, том қисми мустаҳкамланиб, ганчлар янгиланди. “Чубин”да эса фасад қисмига кошинлар териш ишлари давом этмоқда.

Мазкур таъмирлаш ишларида ҳар бир кошин, нақшлар ва бошқа меъморий ечимлар Шаҳрисабз­да ўрта асрларда қўлланилгани билан ҳамоҳанг бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мақсадимиз – келажак авлод ўз аждодлари тарихидан тўла-тўкис хабардор бўлсин. Қандай буюк инсонларнинг вориси эканлигини англаб яшасин.

Туризмни ривожлантириш дастури доирасида Қарши туманидаги Имом Мўъийн ан-Насафий ва Хўжа Шамсиддин Ҳалвоний зиёратгоҳларида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилди.

Бугунги кунда Шаҳрисабз туманидаги Оқсарой, Дорут-тиловат мажмуаларида, “Коба” карвонсаройида, Яккабоғдаги “Ёдгор Валлома” мадрасасида, Чироқчидаги “Катта Лангар ота” масжиди ва мақбарасида, қадимий Касби, ундаги сардобалар, Султон Мир Ҳайдар мажмуасида ҳам бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Биз она заминимиз бағридаги ҳар бир моддий ва маънавий мерос намунасини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва таъмирлаш бўйича қилаётган бу ишларимизни кимгадир намо­йиш қилиш, кўз-кўз этиш учун эмас, аксинча келажагимизни ўйлаб, онгимиз ва қалбимиз даъвати билан амалга оширмоқдамиз. Токи эртага бизнинг ўрнимизга келадиган, биз бошлаган олижаноб ишларни муносиб давом эттиришга қодир бўлган ёшларимиз ана шу бебаҳо маънавий бойликдан баҳраманд бўлишсин, шу асосда ўзининг кимлиги, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини англаб етишсин”.

Яна ўқинг:  CОБИТҚАДАМ ҲАМКОРЛИК дўстона алоқаларни мустаҳкамлайди

Қаҳрамон САФАРОВ,

Муборак саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: