Бетакрор юрт дунё сайёҳлари нигоҳида

Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжоларнинг кўплиги бўйича жаҳонда етакчи ўн давлат қаторида туради.

Юртимиздаги минглаб маданий ва тарихий ёдгорликлар, бетакрор табиат дунё сайёҳлари оқимини ўзига мафтун этмоқда. Бугун туризм аксарият мамлакатларда миллий иқтисодиётга салмоқли даромад келтирувчи соҳалардан бири ҳисобланади. Жаҳон сайёҳлик ташкилоти маълумотларига кўра, мазкур соҳа даромади йилига бир неча триллион долларни ташкил этади.

Мамлакатимизда туризмни иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатдан жадал ривожлантириш, ҳудудлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қашқадарё замини ўзининг бой тарихи, қадимий осори-атиқалари, ўтмиш ёдгорликлари, бетакрор табиати билан соҳа ривожида муҳим ўрин тутади. Бугун вилоятда 1 минг 311 маданий мерос объекти рўйхатга олинган.

– Вилоятнинг Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Ғузор ва Қарши туманларида маданий объектлар талайгина. Қолаверса, соҳа ривожида экотуризмнинг ўрни алоҳида бўлиб, Шаҳрисабз шаҳрида қурилаётган “Village Eсo Park” мажмуаси муҳим ўринга эга. Мазкур лойиҳа меҳмонхона, ресторан, кафе, спорт майдончалари ва аттракционларни ўз ичига олади. Мажмуанинг 2018 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қашқадарё вилояти вакили Отабек Олимжонов.

Вилоятда туристик ресурслардан самарали фойдаланиш, кўрсатилаётган хизмат турларини кўпайтириш ва сифатини замон талабларига мослаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз томонидан яратилган имконият ва имтиёзлар туфайли бугун Қашқадарёда 30 та меҳмонхона фаолият кўрсатмоқда. Йилдан йилга уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш имконияти кенгаймоқда.

Бухоро – Марказий Осиёнинг энг қадимий шаҳарларидан бири, “Буюк Ипак йўли”даги энг йирик ва машҳур марказлардан ҳисобланади. Шаҳар минглаб йиллар билан ўлчанадиган ўзининг бой тарихи, маданий-маърифий ва маънавий-диний қадриятларнинг ривожига қўшган ҳиссаси билан бутун жаҳонга донғи кетган. 1993 йилда Бухоро шаҳрининг тарихий маркази ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

2017 йил 19 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017–2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти сайёҳлик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятида шаҳар танспорт инфратузилмаси, сайёҳлик фаолияти билан шуғулланаётган субъектлар ва Европа, Африка, Осиё ва МДҲ давлатларидан сайёҳлар оқимини самарали жалб этиш учун замонавий меҳмонхоналар сонини ошириш борасида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш белгиланди.

Яна ўқинг:  Ozod yurt

Шу сабаб, Бухоро шаҳри ва Бухоро вилоятида янги меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказлар ҳамда бошқа сайёҳлик инфратузилмалари объектларини қуриш, туризмни ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш режалаштирилмоқда. Жумладан, Шофиркон туманидаги “Оғутма” кўли атрофида сайёҳлик инфратузилмаларини яхшилаш, “Жайрон” экологик маркази “Ташриф” марказини капитал таъмирлаш ҳамда унинг атрофида зоологик боғ ташкил этиш режалаштирилган. Пешку туманидаги “Қорақир” кўлида ов, пляж ва спорт туризми билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратилади. “Афшона” музейи атрофидаги ҳудудларни ободонлаштириш ва ихтисослашган даволаш уйларини қуриш кутилмоқда. Шу билан бирга, “Арк” мажмуасини тўлиқ реставрация қилиш чоралари кўрилади. Ички ҳовлининг вайрон бўлган қисмини қайта тиклаш ишлари 2021 йилга қадар якунланиши белгиланган.

Сайқали рўйи замин дея таъриф этилган Самарқанд шаҳри ички туризм ва хориждан ташриф буюрувчи сайёҳларнинг энг севимли масканларидан биридир. Деярли 3000 йиллик тарихга эга бўлган мазкур афсонавий шаҳарнинг қай гўшасига назар солманг, улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз.

Сайёҳликнинг экологик, соғломлаштириш, агро ва фаол турларини ривожлантириш, ички туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ургут, Самарқанд, Жомбой, Пахтачи, Нуробод туманларида янги сайёҳлик йўналишлари очилди. Соҳа учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Самарқанд давлат чет тиллари институти ҳамда Сартепа туризм ва маиший хизмат касб-ҳунар коллежида янги мутахассислик ва таълим йўналишлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрлаган маълумотига кўра, 2017 йилнинг биринчи ярмида 1 миллион 125 минг сайёҳ юртимизга келган. Бу ўтган йилга нисбатан 18 фоизга кўпдир.

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: