Бемор болалар соғломлаштирилди

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди мана чорак асрдирки, юртимизда ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби йўналишларда қатор хайрли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб келмоқда. Қувонарлиси, бу эзгу ишларни амалга оширишда фонд бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.

2018 йилнинг май ойида ­Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, “Суаджин” (Корея Республикаси) ҳамда “Седжонг” госпитали (Корея Республикаси) ўртасида имзоланган шартнома асосида жорий йилнинг 12 сентябридан 1 октябрига қадар юртимиздаги 12 нафар бемор бола ва уларнинг кузатувчилари туғма юрак нуқсони бўйича бепул жарроҳлик амалиётини ўтказиш мақсадида Корея Республикасида бўлиб қайтди. Уларга “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди жамғармаси Бошқаруви Раиси Светлана Инамова ва Қорақалпоғистон Респуб­ликаси ҳудудий бошқармаси директори ­О.Эгамбердиев ҳамроҳлик қилди. Қувонарлиси, барча жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширилди.

 

– Қизим Каусар Фарҳадова май ойида Тошкент педиатрия тиббиёт инс­титути клиникасида тиббий кўрикдан ўтди. Боламга туғма юрак нуқсони ташхиси қўйилди ва Корея Респуб­ликасида операция қилиш учун йўлланма берилди. Кореянинг “Седжонг” касалхонасида ўтказилган жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Қизим билан мен ҳам ушбу мамлакатда бўлиб қайтдим. Шуни алоҳида айтиш лозимки, Кореяда фарзандларимизга барча шароитлар яратилган бўлиб, бундан бошимиз кўкка етди. Фурсатдан фойдаланиб дилбандларимизни соғ-саломат бағримизга қайтишида катта кўмакчи бўлган фонд жамоасига ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни билдираман, – дейди қорақалпоғистонлик  Насиба Елманова.

 

“Соғлом авлод учун” фондининг ушбу хайрия тадбири “Суаджин” жамғармаси билан ҳамкорликда юқори савияда ташкил этилди. Сафар давомида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Бошқаруви Раиси С. Инамова  республикамиздаги кам таъминланган, ёрдамга муҳтож аҳоли қатламига тиббий ва инсонпарварлик ёрдамини жалб қилиш борасида Кореядаги давлат тузилмалари, нодавлат ташкилотлар, хайрия жамғармалари, тадбиркорлар ва ҳомийлар билан бир қатор музокаралар ўтказди. Жумладан, «Himchan Hospital Joints and Spines» госпитали директори Ли Су Чан билан ўзбекистонлик уч нафар бемор бола оёқларининг ортопедик нуқсонларини жарроҳлик йўли билан даволаш бў­йи­ча келишувга эришилди. Шу билан бирга, Инха университети клиникасининг ташқи алоқалар директори Сонг Жон Хо билан бўлган учрашув чоғида “Соғлом авлод учун” фонди билан олиб борилаётган қўшма лойиҳаларни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.

Яна ўқинг:  Қоратоғ этагидаги зиёратгоҳ

“Sooncheon Foundation Chung Hospital” госпитили вице-президенти билан бўлган учрашув ҳам муҳокамаларга бой бўлди. Учрашувда болалар учун ортопедик операцияларни амалга ошириш бўйича хайрли ишлар, шунингдек, туғма нуқсонли касалликларни даволаш ҳамда болалар церебрал фалажи ва бошқа хасталиклар бўйича лойиҳалар муҳокама этилди. “Ajou University Hospital”  госпитали  президенти Санг-Ук Хан билан ўтказилган музокарада томонлар онкологик, гематологик ва юрак-қон томир хасталик­лари соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Ҳар бир учрашув якунида Кореядаги ташкилотлар ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ўртасида битимлар имзоланди.

 

Васила ПЎЛАТОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: