Бегона назар

Бехос жиринглаган телефон қўнғироғидан эндигина кўзи илинган Нозима чўчиб уйғонди. Бу вақтда соат миллари тунгги бирдан ошган эди. У эринибгина гўшакни кўтарди. Овозидан сархушлиги билиниб турган турмуш ўртоғи уйга қайтаётгани ва у ёлғиз эмаслигини таъкидлаб, тезда меҳмонхонага жой тайёрлаб қўйишни аёлига буюрди.

У тезда тараддуд кўрди. Бироздан сўнг эса хўжайни уч оғайниси билан ширакайф ҳолатда уйга кириб келди. Уларнинг еб-ичишидан хабар олган аёл қўшни хонага кириб, “пишиллаб” ухлаб ётган қизалоғи ёнига чўзилди. Бироздан сўнг эса хонага турмуш ўртоғи кириб, Нозиманинг “ҳай-ҳай”лашига ҳам қарамай, қизчасини уйғотиб меҳмонлар ёнига олиб чиқди. Дам ўтмасдан эса ёш хотинини ҳам оғайнилари ўтирган хонага чақириб олди. Анча таниш бўлиб қолган меҳмонлар билан келинчак эшик ёнида туриб саломлашди. Улар ҳам “ғўлдираб-ғўлдираб” уй бекаси билан ҳол-аҳвол сўрашди. Нозима унга бежо қадалаётган номаҳрам кўзлардан жуда хижолат тортди. Унинг устига бегона амакилар томонидан қўлма-қўл бўлаётган қизалоғини кўриб, дили хира бўлди. Хонадан чиқаётган эди ҳамки, турмуш ўртоғи унинг қўлидан бир тортди-да, ёнига ўтқазди. Сўнг бўлар-бўлмас гаплар билан уни ширакайф дўстларига таърифлай кетди. Хижолат тортган жувон эса бу нохуш вазиятдан қандай чиқиб кетишни билмас, қизини ҳам бу маст-аласт даврадан тезроқ олиб кетишни ўйларди. Сўнгра чой дамлаш баҳонасида қизчаси билан хонани тарк этди. Аёл қизчасини хонага қулфлаб, ўзи эса чойни янгилади. Бироқ, меҳмонхонага киришга шошилмади. Чунки ҳаяллаган хотинининг изидан хўжайини чиқиб келишини у яхши биларди. Шундай ҳам бўлди. Гарчи, ичкилик таъсиридаги эрига гаплари бефойдалагини билса-да, унга яхши гапириб, вазиятни тушунтирди. Турмуш ўртоғи яна бир нималарни “ғўлдираб”, чойнакни кўтарганча меҳмонхонага кириб кетди. Нозима ҳам пайтдан фойдаланиб, қизалоғи ёнига кириб ичкаридан хонани қулфлаб олди. Қўшни хонадан эркакларнинг бепарда гаплари-ю, хандон отиб кулишларини тинглар экан, ароқни кашф этганга лаънат айтди. Бегона назарлардан аёлини асраш ўрнига, ўртоқларига кўриниш беришга мажбурлаган эридан ҳам нафратланди. Кўзига ёш олди. “Олдинлари бегона аёл ва эркаклар ўртасидаги ўзаро муносабатларда масофа сақланар эди”, дея ўйлади у. Ҳозир эса давраларда бегона эркаклар билан оғиз-бурун ўпишиб, қадаҳ уриштираётган ожизаларни кўп учратиш мумкин.

Яна ўқинг:  Қайта қад ростлаган қадамжолар

Нозима шуларни ўйлар экан, турмуш ўртоғининг оғайнилари шовқин солиб меҳмонхонадан чиқишди. “Хайрият”, дея эркин нафас олди аёл.

Нозима тез-тез меҳмонхонадаги дастурхонни йиғиштириб, ухлашга чоғланди. Чунки унинг ичи симиллаб оғриётган эди. Бироқ, шу пайт эшик очилиб, қаршисида ширакайф эри пайдо бўлди… Ундан ўзини нари қилишга юкли аёлнинг кучи етмади…

Эртаси куни эса у кучли дард билан туғруқхонага йўл олди. Нозима туғруқ жараёнида ҳушини йўқотди. Малакали шифокорлар кўмагида унинг ҳаёти сақлаб қолинган бўлсада, аммо ой-куни яқинлашганда ҳомиласи нобуд бўлган эди…

 

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: