Байрам шукуҳи

Саодат КАРИМОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, Қашқадарё вилояти Касби тумани тиббиёт бирлашмаси чақалоқлар бўлими неонатологи:

Аёл зоти ажойиб хилқат. Унинг унвонлари чексиз, чегарасиз. У қалби қуёш буви, меҳридарё она, вафодор рафиқа, суюкли сингил… Буларни узоқ давом эттириш мумкин. Бугун ҳаётимизни муҳтарама аёлларимизнинг фаол иштирокисиз тасаввур этиш қийин. Улар санъат, маданият, спорт, илм-фан, тиббиёт каби бир қанча соҳаларда илғор, пешқадам.

40 йилдан бери тиббиёт тизимида меҳнат қиламан. Кун сайин ривож топиб бораётган ушбу соҳага назар ташлар эканман, дилимда бир олам қувончни ҳис этаман. Тиббиёт муассасаларининг кечаги ва бугунги ҳолатини таққослаш мушкул. Туғруқ муассасалари, айниқса, туманлардаги ана шундай масканларнинг мустақилликдан олдинги аянчли аҳволи, эскирган жиҳозлар, совуқ ва санитария талабларига жавоб бермайдиган хоналар… Ўша кезларда чироқ деярли ҳар куни ўчар, кечаси ҳомиладор аёллар шам ёруғида туғдириб олинарди. Айниқса, қиш кунлари, совуқ ҳавода туғилган чақалоқларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Шу сабаб кўпчилик аёлларимиз шароит мавжуд бўлмаган шифохонага боришдан, уйда туғишни афзал кўриб, бунинг оқибати аянчли якун топган ҳолатлар кўп учрарди. Янги туғилган чақалоқлар парваришидаги номақбул ёндашувлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади.

Шукрки, эндиликда барчаси ўргатилган. Туғруқ комплексимизга замонавий тиббий ускуналар, чақалоқлар саломатлигини муҳофаза қилишда қўл келмоқда. Янги тиббий жиҳозлар автоматик равишда бола тана ҳароратини назорат қилади. Айрим ҳолатларда даволаш вазифасини ҳам бажаради.

Неонаталогия соҳасидаги бир неча йиллик меҳнат фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, ўзбек оналаридек, бағрикенг, жонкуяр, меҳридарё, фарзанди учун боридан кечувчи аёл дунёда йўқ. Шу билан бир қаторда ушбу нозик хилқат вакиллари жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасида фаол. Бежиз аёлга бир қўли билан бешикни, яна бир қўли билан дунёни тебратади деб таъриф беришмаган.

 

Субинисо БОЙМАТОВА,

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Мусурмон ота” фермер хўжалиги раиси:

Бу йилги аёллар байрамини ҳар галгиданда ўзгача қарши олдим. Боиси, камтарона меҳнатларим юртбошимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Nexia” автомашинаси билан тақдирландим. Бу нафақат мен, балки бутун фермер хўжалигимиз аъзоларининг фидойи меҳнатига берилган юксак баҳодир.

Яна ўқинг:  Қўшни қўшнига ойна

Бугун шу нарсага амин бўлдимки, астойдил меҳнат қилган, изланган одам, албатта, унинг роҳатини кўрар экан. Бунга далаларимиздаги пахта, ғалла, боғларимиздаги сархил, шириндан-шакар меваларимиз ортидан топаётган даромадимиз бир мисол.

Шу ўринда юртимиздаги барча опа-сингилларимизни, онахонларимизни баҳор байрами билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин-сочин бўлсин!

 

Зайнаб ДАЙИБЕКОВА,

Қиличбозлик бўйича Осиё чемпионати бронза медали соҳибаси:

Фасллар келинчаги бўлмиш баҳорни ёшликка қиёс этишади. Бу бежиз эмас, албатта. Боиси, инсон умрининг ушбу фаслида экилган ҳар бир ниҳол, шаксиз келажакка бўй чўзади.

Болалигимдан спортнинг қиличбозлик турига меҳрим бўлакча. Мана бир неча йилдирки, спортнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқдаман.

Нуфузли мусобақаларда совриндор бўлиш, юрт байроғини баланд кўтариш, ҳар бир спортчи учун юксак бахт, таърифлаб бўлмас ҳаяжондир. Аммо яна шундай қувонч борки, у ҳамма спортчига ҳам насиб этавермайди. Бу – киндик қонинг тўкилган Ватанинг, меҳрибон халқинг, Президентинг томонидан сенга билдирилган юксак ишончдир.

Шукрки, юртимизнинг энг бахтли спортчилари сафидаман. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифи давомида менга юксак ишонч билдириб, “Nexia” автомашинаси билан тақдирлаганди. Юртбошимизнинг бу ғамхўрлиги мени янада янги марралар сари чорлади. Шу йили 22 февраль – 5 март кунлари Бирлашган Араб Амирликларида спортнинг қиличбозлик тури бўйича кадетлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида муносиб иштирок этиб, якунда бронза медалини қўлга киритдим. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинган терма жамоамиз аъзолари орасида қорақалпоғистонлик 3 спортчи ва 1 мураббийимизга Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан “Spark” автомашиналари топширилди. Бу ҳам бўлса, биз ёш спортчиларга яратилган шарт-шароит, билдирилган ишонч самарасидир.

Олдинда бизни бундан-да нуфузли ва масъулиятли беллашувлар кутиб турибди. Навбатдаги манзилимиз эса Жакарта. Биз спортчилар давлатимиз, Юртбошимиз томонидан билдирилган ишончни оқлаб, давомий ғалабаларни жонажон Ватанимизга туҳфа этамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, баҳор айёми, онажонлар, опа-сингиллар байрами барчага муборак бўлсин, дейман.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: