Бахтдан масрур кўнгиллар

Мана ҳаш-паш дегунча қиш фасли ҳам келди. Вақт шиддат билан олға одимламоқда. Кўчаларда, боғларда ҳали ҳам байрам нафаси кезиб юрибди. Қаранг, тонглар ҳам ўзгача отаяпти.

Осмонимиз беғубор ва мусаффо. Ҳеч эътибор берганмисиз, бир нарса ҳадеб такрорланаверса, одамнинг жонига тегади. Чунки инсон умридаги такрор-такрор келгувчи нарсалар кўпам кўнгилга ўтиравермайди. Аммо Янги йил байрами эса!.. У ҳар йили кўнгилларга олам-олам қувонч улашади.

 

Ўзбекистон Қуролли Кучларининг таянчи ва суянчи бўлган замонавий ҳарбий хизматчилар тимсолида биз авваламбор чуқур билим ва интеллектуал салоҳиятга, ўз муқаддас ҳарбий бурчини бажариш йўлида қатъий ирода ва мустаҳкам тайёргарликка эга бўлган, она юртимизга садоқатли, мард ва фидойи инсонларни кўрамиз ва улар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Ислом КАРИМОВ

 

Бу йилги байрам Тошкент ҳарбий округи ҳарбий қисмларидан бирида хизмат қилаётган сержант Илҳом Мелиқуловлар оиласи учун ҳар қачонгидан-да файзли, унутилмас бўлиши, табиий. Нега дейсизми? Негаки, улар Янги йилни янги уйда қарши олишади.

– Йил боши ва йил охири оиламиз учун хайрли келди, – дейди сержант Илҳом Мелиқулов қувонч билан. – Январь ойида қизимиз Одинахон дунёга келди. Йил охирида эса уй-жойли бўлдик. Мана шундай юксак эътибор учун давлатимиздан, Мудофаа вазирлигидан миннатдормиз.

Миннатдорчилик сўзларини эшитиш жуда кўнгилли. Шу лаҳзаларда беихтиёр суҳбатдошингизнинг қувончи, шодлиги сизга ҳам кўчганини юракдан ҳис қиласиз.

– Уйимизнинг йўлаклари ҳам кенггина, – дейди Илҳомжоннинг турмуш ўртоғи Озодахон. – Ошхона ҳам катта. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Ахир аёл кишининг кўп вақти ошхонада ўтади-да.

 

Хоналарни бир-бир кўздан кечира бошлаймиз. Ҳаммаси замонавий жиҳозланган, ёруғ, саранжом-саришта. Бу ердаги шинамлик ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради.

 

Шу куни Илҳомжон ва Озодахон билан дилдан суҳбатлашдик. Уларнинг бир-бирига бўлган меҳри, муҳаббати айтаётган ҳар бир сўзларида, бахтдан масрур кўзларида мужассам. Англаганингиздек, суҳбатимиз мавзуси оила бахти хусусида бўлди.

– Ёнингда бир умрлик ҳамдамингга, яхши-ёмон кунларингда тиргак бўладиган жуфтингга эътиборли, ғамхўр бўлиш ўртадаги меҳр риштасини янада мустаҳкамлайди, – дейди оила бошлиғи Илҳомжон. – Бир-биридан меҳрини аямайдиган, бир-бирига елкадош бўлган эр ва хотин турмушда учрайдиган ҳар қандай қийинчиликларни матонат билан қўрқмасдан енгишга қодир бўлишади. Тўғри, авваллари ушбу гапнинг маъносини унча тушунмасдим. Бугун эса англагандек бўлаяпман. Демак, энг асосийси, яхши инсон, севимли оила бошлиғи, намунали ҳарбий хизматчи бўлишим керак. Сержант Илҳом Мелиқулов доим ана шундай бўлишга интилади. Суҳбат давомида у оиласини қадрлашини бот-бот таъкидлаб ўтди. Турмуш ўртоғи Озодахон ҳақида сўз кетганда унга оқила, пазанда ва оилапарвар аёл дея таъриф берди. Айни чоғда Озодахон ҳам турмуш ўртоғининг сифат ва фазилатларини бир-бир санаб ўтди.

Яна ўқинг:  Янгиланган лойиҳалар асосидаги уй-жойлар қишлоқ аҳлига қулайликлар яратмоқда

– Умр йўлим мана шундай инсон билан туташганидан бахтиёрман, – дейди Озодахон суҳбат давомида. – Турмуш ўртоғим – суянган тоғим. Жуда мулоҳазали, оғир-босиқ, қатьиятли инсон. Мен уларнинг бу хислатларини қадрлайман ва болаларимга ҳамиша намуна қилиб кўрсатаман. Ҳар бир муаммони босиқлик билан енгишни шу инсондан ўргандим. Ҳозирда уч фарзанднинг ота-онасимиз. Лазизбек, Азизбек ва Одинахон – оиламиз қувончи. Биз ҳар доим фарзандларимизга намуна бўлишга, уларга яхши тарбия беришга интиламиз.

Ҳа, бир-бирига меҳр қўйган инсонларгина бир-биридаги сифатларни илғай оладилар ва уни қадрлайдилар. Қувонарлиси, юртимизда мана шундай бахтиёр жуфтликлар жуда кўп. Бундай оилаларда камол топаётган фарзандлар эса Ватанимиз равнақи учун жон куйдирадиган қобил инсонлар бўлиб вояга етиши, шубҳасиз.

 

Севара АБДУЛҲАМИДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: