Бахт сурати

Қадрдоним Султон ака Ҳасанов!

Аввало, Сизни умрингизнинг қутлуғ олтмишинчи довонига соғ-омон етганингиз билан чин дилдан самимий қутлайман. Бундай нурафшон, тинч ва осойишта кунларда олтмиш ёшга етиш ҳеч гап бўлмай қолди. Яна бир бор муборак бўлсин!

Таклифномангиз – жуда чиройли ва бежирим чиқибди. Ранги алвондай яшнаб, лолазорни эслатди. Лолазор эса инсон умрининг жўшқин лаҳзаларини, паст-баланд йилларини, қувонч ва изтиробларини ёдга солади.

Болалик – беғуборлик, деб бежиз айтилмаган. Болалигимиз Жалойир қишлоғида, унинг далалари ва пахтазорларида, Зарафшон дарёси бўйидаги бепоён тўқайзорларда пода боқиш билан ўтган. Ўшанда ҳали тўқайзорлар пахтазорларга айлантирилмаган эди. Қўлма-қўл китоб ўқишлар барҳам топмаган эди… Эҳ-ҳе болаликда қолган нурли излар кўп…

Бундай ҳаяжонли дамларда хаёллар беихтиёр ғайрат тўла болалик – кўпроқ мактаб йиллари сари қанот қоқади.

Ўшанда сизлар ўнинчи, биз, укаларингиз эса саккизинчи синфда ўқирдик. Энди у беғубор даврларни афсуски ортга қайтариб бўлмайди. Тўғриси, сизларга чин дилдан ҳавас қилардик. Айрим жиҳатларингизга тақлид ҳам қилганимиз рост. Масалан, кийим кийишдан тортиб соч тарашгача… У даврдаги йигит-қизларнинг русуми бўлакча эди…

Раҳматли мактаб директоримиз – олийжаноб ва самимий инсон Баҳрон ака Мардонов ҳам катта-кичик йиғилишларда сизларнинг синфингизни доим ибрат қилиб кўрсатиб, фақат яхши гапларни айтиб, мақтарди. Сизлар биз учун ибрат эдингиз.

Шу боис сизларга ўхшагимиз келар ва сизлардай “аъло” баҳоларда ўқишга астойдил интилардик. Айниқса, раҳматли синфдошингиз Холмурод Идиевнинг математика фанини зўр ва чуқур билишига ҳамма ҳавас қиларди. Бу инсон билан бутун мактаб, ҳатто қишлоғимиз фахрланарди. Лекин қўли калталик қилдими ёки оилавий имконияти етмадими, раҳматлик ўқишга боролмади. Холмурод акага ҳавас қилиб, мактабимизда математикага қизиқувчилар кўпайган эди…

Аслида сизларнинг синфингизда бундай “аъло”чилар кўп эди. Сиз ҳам шуларнинг бири эдингиз. Шу боис Сиздай оддий оила фарзандини Самарқанд Давлат тиббиёт институтига ўқишга киргани ҳақидаги хушхабар ўшанда ҳаммамизни жуда хурсанд қилган эди.

Институтни муваффақиятли тугатиб, Кармана туман марказий шифохонасида иш фаолиятингизни бошладингиз. Дастлаб Учтут қишлоқ врачлик пунктида ишлаб тажриба орттирдингиз. Сўнг тақдирингизни суд-тиббий экспертиза соҳаси билан мустаҳкам боғладингиз. Мана шунга ҳам 34 йил бўлибди. Шундан 18 йилини Навоий вилоят Суд – тиббиёт экспертиза бошқармаси бошлиғи лавозимида ҳормай-толмай ишлаб келаётирсиз. Ўтган йиллар давомида Сиз раҳбарлигингизда яхши ва аҳил жамоа шаклланди. Вилоят Суд тиббиёт экспертиза бошқармаси ўз ишларини пухта биладиган етук мутахассислар билан таъминланди. Улар ҳозирда вилоятнинг шаҳар ва туманларида самарали меҳнат қилиб келмоқдалар.

Яна ўқинг:  Oila mehri oltindan qimmat

Тиббиётнинг барча соҳалари каби Сиз бевосита ишлаб келаётган суд тиббиёт экспертизаси соҳаси ҳам мутахассисдан ҳалоллик ва тўғриликни талаб қилади. Бундан ташқари бу соҳанинг яна бир тамойили борки, у ҳам бўлса адолатни эътиқод даражасида юксак бўлишини таъқозо этади. Қаердаки, қачон адолат бузилса ёки адолатга соя солинса ўша соҳада одамларнинг ишончига путур етади. Сиз буни чуқур англаган ҳолда ўз иш фаолиятингизда адолат, тўғрисўзлик ва ҳалоллик тамойилларига амал қилиб келмоқдасиз. Ва Сиз билан ишлаётган касбдошларингизни ҳам шундай ишлашга даъват этиб келаётганингиз таҳсинга сазовор.

Биласизми, раҳбарга жуда кўп нарса боғлиқ. Раҳбар ишхонанинг ойнаси. Раҳбар қайси йўлдан юрса, ходимлар ҳам шу йўлдан борадилар. Раҳбарнинг юриш-туришидан тортиб, гап-сўзлари ҳамиша ходимларга ибрат. Ибрат бўлиш эса осон эмас, акажон!..

Сизнинг кўпчиликка намуна бўладиган яна бир ажойиб фазилатингизни айтмасам бўлмас. Сиз адабиётни яхши кўрасиз. Бадиий асарларни севиб ўқийсиз. Иложи борича янги китобларни кўздан қочирмайсиз. Сиз билан учрашганимизда, асосий суҳбатимиз китоб ва матбуот ҳақида бўлади. Шу боис эл севган устозлар – машҳур олим Озод Шарафитдинов, таниқли адиблар – Неъмат Аминов, Хайриддин Султоновнинг асарларини севиб ўқиш билан бирга, уларнинг ижодий суҳбатларидан ҳам баҳраманд бўлгансиз. Айниқса, “Шарқ Юлдузи”, “Жаҳон адабиёти”, “Ёшлик” журналлари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Халқ сўзи”, “Ҳуррият”, “Соғлом авлод” сингари газеталарга мунтазам обуна бўлиб, уларни ўқиб келишингизга ҳавас қилса арзийди. Аслида зиёли шундай бўлиши керак эмасм?.. Фикрлаётган одам учун булар жуда муҳим.

Султон ака, яхши оиланинг эгасисиз. Ажойиб фарзандларнинг отаси, ширин-шакар набираларнинг бобожонисиз.

Агар рассом бўлганимда эди, менга бахтли инсонлар сиймоларини чизиш вазифаси топширилганда биринчи галда албатта, Сиздай яхши, камтарин, самимий ва бахтли инсонларнинг суратини чизган бўлардим. Бахтнинг суратига айланиш ҳамма бахтлиларга ҳам насиб этавермайдиган гўзал бахт.

Сизга яна бир бор бахт ва омад, узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилайман.

Ашурали ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: