Барвақт нобуд бўлган болалар

Статистик маълумотларга қараганда, 2017 йилда 2016 йилга нисбатан гўдаклар ўлими бироз кўпайган.

Мурғаккина гўдакнинг бевақт ўлими ҳақидаги хабар барчани бирдек ларзага солиши, шубҳасиз.

Афсуски, гўдаклар, ёш болалар ўлими ҳаётимизда аҳён-аҳён бўлсада, кузатиладиган ҳодиса. Кимдир касаллик, яна кимдир кутилмаган фожеа сабаб бу дунёни англамай туриб тарк этади.

Статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, 2017 йил рўйхатга олинган 1 ёшгача бўлган болаларнинг бевақт ўлими 56,4 фоиз ҳолатларда перинатал даврда юзага келиши маълум бўлди. Жумладан, уларнинг 21,1 фоизи нафас олиш аъзолари касалликлари, 11,9 фоизи туғма нуқсонлар, 3,5 фоиз чақалоқлар юқумли ва паразитар касалликлар, 1,9 фоизи эса бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлар сабабли ва яна 0,5 фоизи овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари, шунингдек, 4,7 фоиз болалар бошқа касалликлардан вафот этгани аниқланди.

Бир қарашда унчалик ҳам хавфли туюлмаган касалликлар гўдакларнинг ўлимига сабаб бўлиши аянчли ҳолдир. Бироқ, шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай хасталикни ҳам ўз вақтида олди олиниб, керакли муолажалар қилинсагина хавф бартараф этилиши мумкин. Афсуски, бугун кўпгина ота-оналар фарзандининг саломатлигидаги ўзгаришларни оддий шамоллаш, дея баҳолаб, уй шароитида даволашга ҳаракат қилишади. Шифохонага кеч олиб келинган гўдакнинг ҳаётини сақлаб қолишга энди имкон йўқлигини эса ўша пайтдагина англаб етади.

 

– 2017 йилда 2016 йилга қараганда гўдаклар ўлими бироз кўпроқ содир бўлди, – дейди Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича раис ўринбосари Шоира Нурматова. – Шуни таъкидлаш жоизки, чақалоқлар орасидаги ўлим ҳолатлари кўпинча чала туғилган ёки вазни кам гўдаклар орасида учрамоқда. Илгарилари вазни 500 грамм туғилган бола тирик жон деб ҳисобланмас эди. Чунки унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун керакли шароит ва имкониятлар мавжуд бўлмаган. Ҳозирда эса кам вазнда туғилган чақалоқларни ҳам махсус тиббий ускуналарда парвариш қилиш орқали уларнинг ҳаёти сақлаб қолинмоқда. Бироқ ушбу шароит республикамизнинг барча ҳудудларида ҳам мавжуд эмас. Шу боис ҳам чала ёки кам вазнли туғилган гўдаклар орасида ўлим ҳолатлари кўп учрайди. Ҳозирда ушбу муаммо бўйича маълум ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Тез орада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги туғруқ муассасалари энг замонавий зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.

 

Яна ўқинг:  Ўсмирлардаги ортиқча вазн

Айтиш керакки, бу каби салбий ҳолатларга, аввало, инсонларда тиббий саводхонликнинг етарли даражада эмаслиги сабаб дейиш мумкин.

 

“Соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади” деган шиор фаолиятимизда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтининг “Неонатология” кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди Дилфуза Турдиева. – Назаримда гўдаклар ўлимига сабаб бўлаётган асосий ҳолат ҳам шунда. Чунки, носоғлом туғилган боланинг узоқ яшаб кетишига умид жуда кам. Қачонки, аёл ҳомиладорлик даврида шифокор тавсияларига тўлиқ риоя қилсагина соғлом фарзанд дунёга келади. Афсуски, ҳозирда жамиятимизда авж олаётган айрим оилавий можаролар, носоғлом муҳит, ота-оналарнинг салбий иллатларга ружу қўйиши (кашандалик, гиёҳвандлик, ичкилик каби) ҳам оилада носоғлом фарзандларнинг дунёга келишига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, ота-оналардаги тиббий саводхонликнинг пастлиги, бола саломатлигига бепарволиги ҳам бундай оқибатларга олиб келмоқда.

2017 йил республикамизда 161,5 мингта ўлим ҳолати қайд этилган бўлиб, 2016 йилга нисбатан 0,1 промиллига ошиб, 5,0 промиллини ташкил қилди. (2016 йилда ушбу салбий ҳолат 4,9 промилли бўлган). Ўлим коэффициенти 2016 йилга нисбатан сезиларли даражада ўсиши Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида кузатилган.

Республикамизнинг ушбу ҳудудларида кўпроқ ўлим ҳолатларининг кузатилишига етарли салбий сабаблар бордирки, шундай аҳвол кузатилган. Яъни, ана шу ҳудудларда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар суст бораётганидан далолат бермасмикин?

Биринчи навбатда ота-она ёки оилалардаги катталарнинг бефарқлиги, иккинчидан, зарур тиббий муолажаларнинг ўз вақтида амалга оширилмагани ҳам ёш болалар, гўдакларнинг бевақт бу дунёни тарк этишига сабаб бўлмоқда. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган тиббиёт соҳасидаги туб ислоҳотларнинг ҳам асосий мақсади, аввало, ёш авлоднинг соғлом ва бақувват камол топишини таъминлашга қаратилган.

 

 Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: