БАРЧАСИ СЕН УЧУН, ВАТАН!

Бахтдан лаззатланиш — буюк саодат. Бахтни ўзгаларга туҳфа этиш эса ундан ҳам буюкроқ эзгуликдир, — деган эди файласуф Бекон.

Ўз зафарли муваффаққиятларинг билан ўзга дилларни хушнуд этиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун жасорат керак.

Мамлакатимизда спорт соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритиб, тенгдошларига ўрнак бўлаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Тошкент Ахборот технологиялари университети талабаси, шотокан каратэ-до бўйича жаҳон чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, халқаро тоифадаги спорт устаси Зумрад Тазетдинова ана шундай истеъдодли ёшларимиздан.

Зумрад спортнинг ушу тури билан шуғуллана бошлаганида ўн икки ёшда эди. Инсоннинг руҳий камолотида жисмоний тарбиянинг ўрни катта эканлигини яхши тушунадиган ота-онаси Зумраднинг машғулотларда фаол қатнашиши учун барча имкониятларни яратиб берди. Ушу спорт тури бўйича дастлаб, шаҳар ва республика чемпионатларида совринли ўринларни қўлга киритган З.Тазетдинова 2000 йилдан бошлаб халқаро турнирларда ҳам ўз омадини синаб кўра бошлади.

2006 йилда спортнинг ушу тури бўйича, 2007 йилда шотокан каратэ-до тури бўйича Ўзбекистон чемпиони, “Машриқ замин маликаси — 2007” республика кўрик-танловида “Энг назокатли иштирокчи” номинацияси ғолибаси бўлди. 2007 йилда Қозоғистонда ўтказилган халқаро турнирда 2-ўринни эгаллади.

2008 йилнинг февраль ойида Ҳиндистонда шотокан каратэ-до бўйича ўтказилган V халқаро турнирда, шу йили март ойида каратэ-до бўйича Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринни, май ойида Қозоғистон WКF бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида 2-ўринни қўлга киритди.

2008 йилнинг август ойида Токио шаҳрида бўлиб ўтган шотокан каретэ-до бўйича VIII жаҳон чемпионатида 1-ўринни, октябрь ойида эса Бухарест шаҳрида ўтказилган халқаро мусобақада шотокан каратэ-до бўйича 2-ўринни қўлга киритди. Шу йили Шарқ якка курашлари маркази жанг санъати бўйича IV республика фестивалида “Йилнинг энг яхши аёл спортчиси” номинацияси ғолиби бўлди.

2009 йили З.Тазетдинова спортда ва ўқиш соҳасида қўлга киритган улкан муваффақиятлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ўша йили Японияда каратэ бўйича катталар ўртасида ўтказилган IX жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди.

Яқинда Лас-Вегас (АҚШ) шаҳрида каратэнинг Чун кук-до йўналиши бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ҳам Зумрад Тазетдинова Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Дунёнинг ўттиздан зиёд мамлакатидан тажрибали спортчилар қатнашган нуфузли мусобақада иккита олтин медални қўлга киритди. Музаффар спортчимиз шарафига миллий байроғимиз кўтарилиб, мадҳиямиз янгради.

Яна ўқинг:  ЮРТ МАДҲИНИ КУЙЛАЙМАН

— АҚШда ўтган жаҳон чемпионатида эришган ушбу ғалабамни энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ватанимиз мустақиллигининг 21 йиллигига бағишлайман, — дейди Зумрад Тазетдинова. — Спортчи учун шоҳсупада туриб ўз Ватани байроғини кўзга суртишдан улуғ бахт йўқ!

Ҳа, албатта! Ҳар бир ёш спортчи ич-ичидан севиниб, ўша лаҳзаларни кутиб яшайди. Интиқлик билан бор куч-ғайратини эртанги кунга бахшида этаётган бугунги мустақил юрт фарзандининг орзулари ушалажак.

Наврўз НОРБОБОЕВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: