Реклама

Азиз Абдуҳакимов: Ўзгаришларнинг барчаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига мувофиқ

Яқин йилларда соғлиқни сақлаш тизимининг ривожланишини шартли равишда уч босқичга тақсимлаш мумкин. Ўзгаришларнинг барчасии Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларига мувофиқ энг яхши замонавий профилактика, касалликлар диагностикаси ва даволаш тажрибаси билан характерланади. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов яқин ўн йилда республика тиббиёт муассасалари фаолиятида кузатиладиган ўзгаришлар ҳақида сўз юритди.

2019–2020 йилларга тўғри келувчи биринчи босқичда соғлиқни сақлаш тизимини қайта йўналтиришни режалаштираяпмиз. Шифокорларнинг асосий вазифаси касалликлар профилактикаси бўлади. Бунинг учун бирламчи тиббий-санитария ёрдам тармоғини оптималлаштириш жараёнини ўтказиш, фаолиятни беморнинг оғриқдан азият чекиб шифокорга мурожаат қилишидан эмас, балки касалликларни эрта босқичда аниқлашга йўналтириш керак бўлади.

“Соғлом овқатланиш” дастурларини амалга ошириш йўли билан нотўғри овқатланишни эрта босқичда аниқлаш ва касалликлар профилактикасига катта эътибор қаратилади. Дастур, шунингдек, ортиқча вазндан азият чекувчи кишиларни парҳезли овқатланиш билан таъминлашни ҳам ўз ичига олади. Биринчи босқичда овқатланишга катта эътибор қаратамиз. Зеро, нотўғри овқатланиш соғлиқ билан боғлиқ жиддий муаммоларнинг юзага келишига олиб келади. Соғлом овқатланишни ривожлантиришга қаратилган ягона сиёсатни белгилаб берувчи Миллий озиқланиш институти фаолияти йўлга қўйилади.

Кўпчилик шифокорга ташриф касалхонада даволаниш билан тугаши кераклигига ўрганиб қолган. Замонавий тиббиётга кўра, терапевтик касалликларнинг аксарияти шифохонага жойлашувни талаб қилмайди. Шу боис беморлар зарур тиббий муолажаларни олиш учун мурожаат қилувчи кундузги стационарлар тармоғини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Ҳаракатланишга қийналувчи кексалар ҳамда жамоатчиликда пайдо бўлиш тавсия этилмайдиган беморлар алоҳида эътиборни талаб қилади. Шунинг учун “Уй стационари” хизматини йўлга қўямиз. Яъни тиббиёт ходими белгиланган муолажаларни ўтказиш учун беморнинг уйига боради.

Замонавий тиббиётни юқори технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Трансплантология ривожига алоҳида эътибор қаратилади. Зеро, бу баъзи беморлар ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўлидир. Бугунга келиб Тошкент шаҳрининг бир йўла бир неча тиббиёт муассасаларида буйрак кўчириб ўтказиш операциялари бажарила бошланди, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази ишга туширилди. Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтида ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш йўли орқали қон касалликларини даволаш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Мамлакатда бундай даволаш имкониятларининг йўқлиги одамларнинг ўз уйлари ва машиналарини сотиб, чет мамлакатларга даволаниш учун кетишига олиб келади. Зеро, бу жуда катта харажатларни талаб қилади. Вазиятни тубдан ўзгартирамиз. Маҳаллий клиникаларда даволаниш ҳамёнбоп нархларда бўлади. Шунингдек, 2021–2023 йилларда эса олий тиббиёт муассасаларининг клиникалари ривожига, уларда юқори технологияли даволаш усулларининг жорий қилинишига урғу берилади. Бу ҳудудий клиникаларда шифокорларни тайёрлаш ва юқори технологияларни татбиқ қилиш учун шароит яратади.

Битиши қийин бўлган жароҳатларни даволашда юқори самара берувчи фотодинамик терапияни ривожлантиришни ҳам режалаштиряпмиз. Менинг фикримча, бу йўналишни ривожлантиришда маҳаллий олимларнинг ишланмаларига етарлича эътибор қаратиш керак. Шунингдек, бу даврда мамлакатда жарроҳ-роботлар, радиожарроҳлик учун ускуналар ва даволашнинг бошқа юқори технологияли жарроҳлик усулларини жорий қилиш режалаштирилмоқда.

Яна ўқинг:  Мен учун унутилмас кун

Узоқ муддатли истиқболда 2029 йилгача минтақалардаги самарасиз фаолият кўрсатаётган шифохоналар фаолиятини тўхтатиб, стационар тиббиёт муассасалари тармоғини оптималлаштиришни режалаштирилмоқда. Ривожланган мамлакатлар тажрибасига мувофиқ тиббий хизматларнинг деярли барча жабҳаларини ўз ичига олган йирик замонавий кўп профилли тиббиёт марказларини ишга туширамиз.

Фавқулодда вазиятларда тезкор ёрдам кўрсатиш учун транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шифокорлар энг қисқа фурсатларда керакли манзилга етиб бориб, шошилинч ёрдамга муҳтож беморни стационарга етказишлари учун замонавий ва реанимацион автомобиллар, темирйўл транспортида махсус вагонлар ва ҳатто, вертолётлар билан таъминланади.

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: