Реклама

Аёл – миллат тарбиячиси. Унинг муаммоси бутун жамиятнинг муаммосидир

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгиланган. Бу борада хотин-қизларни иш билан таминлаш, жамиятда ўз ўрнини топишда кўмаклашиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда Республика Хотин-қизлар қўмитасининг ўрни ўзига хосдир.

Яқинда ўтказилган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг навбатдаги матбуот анжумани Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган эзгу ғоя асосида белгиланган чора-тадбирлар ижроси ҳамда бу борадаги муаммолар таҳлилига бағишлангани билан аҳамиятли бўлди.

Брифингда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш хусусида тўхталди.

 

Танзила НОРБОЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси:

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси юртимиздаги барча хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш йўналишида самарали фаолият юритаётган йирик жамоат ташкилотларидан биридир. Республикамизда аёллар аҳолининг 50 фоиздан ортиқроғини ташкил этади. Уларнинг қизиқишларини рўёбга чиқаришда барча соҳаларда, турли тармоқларда ўз фаолиятимизни олиб бормоқдамиз. Ташкилотимиз фаолияти давлатимиз томонидан ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватланмоқда. Самарали иш олиб боришимиз учун керакли шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти, Сурхондарё, Наманган ва Сирдарё вилоятларидаги туман ва шаҳарларда “Аёллар ижтимоий мослашуви марказлари” иш бошлади. Ушбу марказларга 2018 йил май-июнь ойларида 70 дан ортиқ мурожаатлар бўлиб, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни нормал ҳаётга қайтариш, уларнинг фарзандларига ижтимоий-психологик, тиббий ва ҳуқуқий жиҳатдан ёрдам кўрсатилди. Қўмита бу эзгу ишларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари билан узвий ҳамкорликда амалга оширмоқда.

 

Депутатликда хотин-қизлар учун 30 фоиз квоталар белгиланган, амалда эса…

 

Ташкилот сўнгги йилларда жамиятимиздаги ўзгаришлар, иқтисодий ва инновацион ривожланишда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласига алоҳида урғу бермоқда. Бунга бир қанча сабаблар мавжуд. Масалан, бугун республикамизда 4 та сиёсий партия бўлиб, уларда депутатликка номзодларни кўрсатишда хотин-қизлар учун 30 фоиз квота ажратилган. Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, амалда 15 фоиз хотин-қизларимизни депутат аёллар ташкил этади. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, республикамизда салоҳиятли аёллар камми ёки эркаклар билан мустақил рақобатлаша оладиган, сиёсий майдонларга чиқадиган аёлларимиз етишмайдими? Аслида ўзбек аёлларининг уятчанлиги ёки ўзидаги билим ва етакчилик қобилиятини тўғри шакллантира олмагани муаммога асосий сабаб бўлиб хизмат қилмоқда. Шу мақсадда Республика Хотин-қизлар қўмитаси 4 та сиёсий партия билан меморандумлар имзолаган бўлиб, бу борада тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқди. Сиёсий партияларнинг “Аёллар қаноти” билан ҳамкорликда салоҳиятли, фаол, инновацион ғояларга эга бўлган етакчи 2 минг 86 нафар хотин-қиз аниқланиб, кадрлар захирасига киритилди. Улар ўртасида ўқув-ишлари ташкил этиш мақсадида дастурлар тайёрланмоқда. Яна шуни таъкидлаш жоизки, Хотин-қизлар қўмитаси Бошқаруви аъзоларининг қўмита фаолиятида фаол иштирок этишларини таъминлаш мақсадида тегишли йўналишлардан келиб чиққан ҳолда 6 та уюшма фаолияти такомиллаштирилди, “Қизларжон клуби” фаолияти йўлга қўйилди.

Яна ўқинг:  Узоқ яшашни истасангиз, китоб ўқинг!

 

Шаклланмаган ҳуқуқий маданият – жиноятчиликка сабаб

 

Юртимизда содир этилаётган жиноятларда афсуски, хотин-қизларнинг ҳам улуши ҳам бор. Хусусан, республикамизда ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор 30 мингга яқин аёллар аниқланган. Хўш, улар кимлар? Булар жазони ижро этиш муассасасидан қайтган, судланган, юриш-туришида салбий иллатлар кўзга ташланадиган аёллар бўлиб, қўмита тарафидан улар билан олиб борилаётган профилактика ишларига жуда катта аҳамият қаратилмоқда. Аёллар томонидан фирибгарлик, товламачилик, энг ачинарлиси, ўта оғир жиноятларни содир этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Оила-турмуш борасидаги қайнона-келин, эр-хотин орасидаги можаролар ҳам анчайин салбий оқибатларга олиб келаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Қўмита томонидан олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жиноятларнинг юзага келишига энг асосий сабаб, аёлларда ҳуқуқий маданиятнинг тўла шаклланмаганлигидир. Кўпчилик аёлларимиз ўзига берилаётган имкониятдан ҳам, ўзига юклатилган мажбуриятдан ҳам бехабар. Биргина мисол, аксарият фирибгарликка қўл урган аёллар бунинг жиноят эканлигини тўла англаб етмаган.

 

59 минг нафар аёл оғир ижтимоий аҳволда

Оғир ижтимоий ҳолатдаги аёлларнинг муаммолари ўрганилганда, қуйидаги сабаблар кўрсатилмоқда. Уларнинг энг биринчиси уй-жой муаммосидир. Бугун юртимизда оғир турмуш шароитида яшаётган, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар 9128 нафарни ташкил қилмоқда. Бугунга келиб, уларнинг 1043 нафари уй-жой билан таъминланган, 5303 нафар хотин-қизларга эса уй-жой олишга тавсия берилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш” ҳақидаги қарори ижроси асосида 1584 нафар аёлга жорий йилнинг август ва декабрь ойларида уйлар топшириш режалаштирилган.

Иккинчи сабаб эса ишсизлик. Жорий йилнинг шу даврига келиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида жами 139 минг 989 та иш ўрни яратилди. Шундан, корхона, ташкилотлардаги мавжуд иш ўринларига 41 минг 294 нафар, кичик корхоналарга 13 мингдан ортиқ, касаначилик соҳасига 4 минг нафардан зиёд, оилавий тадбиркорлик соҳасига 8 минг нафардан ортиқ, ипак қуртини парваришлаш соҳасига 60 мингга яқин ва бошқа йўналишларга 26 минг 400 нафардан ортиқ хотин-қиз жалб қилинган.

Ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари ташаббуси билан жами 29 минг 670 нафар хотин-қизлар учун янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, 1 минг 711 та кичик корхона (цех) ташкил этилиб, уларда 9 минг 694 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Шунингдек, ҳудудларда “Устоз-шогирд” тизими асосида хотин-қизларнинг 5 минг 604 нафари хунармандчиликка, 13 мингдан ортиқ касаначиликка жалб этилиши орқали уларнинг бандлигини таъминлашга эришилди. Аммо бандлик масаласида қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўп эканлиниги таъкидлаш лозим.

Яна ўқинг:  Олий ўқув юртларида тест синовлари бошланди. Ваъда қилинган шаффофлик таъминланадими?

‒ Муҳтарам Президентимиз томонидан аёллар масаласига оид бир қанча қарор ва фармонлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Натижада эндиликда уйда ўтириб меҳнат қилаётган аёллар ҳам қонуний меҳнат стажига эга бўлиши мумкин. Ҳеч қайси давлатда бундай имтиёз йўқ. Мисол учун, уйда 20-30 та товуқ боқиб ёки томорқасида меҳнат қилаётган аёлларга ҳам меҳнат дафтарчаси очиш мумкин. Улар учун 4-7 фоизли кредитлар берилмоқда. Яқинда тизимимизда 11-46 қисқа рақамли ягона ишонч телефони ишга туширилади. Оғир ижтимоий аҳволга тушган, ҳаётида қийинчиликка дуч келган аёллар мазкур рақамга қўнғироқ қилишлари мумкин. Уларга малакали мутахассислар томонидан ёрдам берилади, мурожаатлар муаллифи сир сақланиши кафолатланади, – деди Танзила Норбоева.

Ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларга қаратилаётган бу эътибор бежиз эмас. Зеро, донишмандлар айтганидек, ўғил болани тарбияласанг бир инсонни тарбиялаган, бир қизни тарбияласанг, бутун миллатни тарбиялаган бўласан.

Брифингда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: