АВВАЛО, КЎНГИЛ ОБОД БЎЛСИН

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол вояга етиши, жамиятга керакли шахс бўлиб улғайиши, уларни ватанпарварлик руҳида тарбияланиши учун таълим-тарбия соҳасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Глобаллашув жараёнида халқнинг ўзига хослигини, миллий менталитетини асраб-авайлаш, айниқса, ёшлар тарбиясида ҳар бир нарсанинг муҳим ўрин тутишини англаган ҳолда ўсиб келаётган авлодни турли ёт ғоялардан ҳимоялаш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланган. Юртимизда МТМларнинг фаолияти ана шу ҳимоянинг дебочаси ҳисобланади. Биргина Юнусобод тумани, “Акбаробод” маҳалласида жойлашган “Ниҳол” номли 519-сонли мактабгача таълим муассасасида 466 нафар бола тарбияланмоқда.

Муассасада болажонлар учун етарлича шарт-шароитлар яратилган. Уч маҳал иссиқ овқат, хоналар шинам жиҳозланган, логопед ҳамда психолог ҳар куни болалар билан машғулотлар олиб боради. Ота-оналар фарзандларини масканда қолдириб, кўнгли хотиржам ишга кетади. Ушбу МТМнинг фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида у ерга борганимизда, мавжуд шароитлар кўнгилдагидек эканига гувоҳ бўлдик.

Маскан атрофига мавсумий гуллар экилган, турли эртак қаҳрамонларининг хилма-хил ҳайкалчалари ўрнатилган. Оға-ини айиқлар, шолғом узаётган чол ва кампир, арслон, турна, деҳқон ва яна бир қанча ҳайкалчалар болаларга олам-олам қувонч бағишламоқда. Аммо ўша қаҳрамонлар орасида ярим очиқ кийинган, менталитетимизга бутунлай ёт бўлган сув парисига кўзимиз тушди. Бола психологияси магнитга ўхшайди, кўрган нарсасини дарров миясига қабул қилади ва унга тақлид қилади. Беҳаёлик акс этиб турган бу “қаҳрамон” болага салбий таъсир ўтказмаслигига ким кафолат беради?!

Ушбу масала юзасидан муассасанинг катта услубчиси Зебо Омаровага мурожаат қилганимизда қуйидагича жавоб олдик:

– Масканимизда болаларнинг самарали таълим-тарбия олаётганидан ота-оналар мамнун. Шароитлар ҳам рисоладагидек. Қишги мавсум арафасида иссиқлик батареяларини янгидан ўрнатдик. Болалар турли юқумли касалликларга қарши эмлаб борилади. Муассасамиз ҳудудида ходимлар иштирокида ҳар куни тозалик ишлари олиб борилади. Кўриб турганингиздек атроф саранжом. Сув парисининг ҳайкалчаси ҳақида гапирсам, очиғи, бироз эътиборсизлик қилибмиз. Бундай тимсоллар бизнинг маънавиятимизга тўғри келмайди, албатта.

1986 йил очилган мазкур МТМ қарийб 28 йилдан буён фаолият юритмоқда. Кўп йиллик тажрибага эга муассаса ходимлари, болалар тарбияси устувор вазифага айланган бир пайтда “бироз эътиборсизлик”ка йўл қўйиши қай даражада тўғри? Оддий нарсадек туюлган бу мавзу вақт ўтган сари катта муаммони юзага келтирмайди, деб ким айта олади?

Яна ўқинг:  Ҳушёрликда ҳикмат бисёр

Масаланинг бу жиҳатини қўя турайлик. Мактабгача таълим муассасасининг дарвозаси атрофидаги вазият янада аянчли аҳволда эканини кўрдик. Дарахтлар экилган майдончада чиқинди уюми мавжуд. Нон бўлакларидан тортиб, шахсий гигиена учун ишлатиладиган буюмларгача тўкиб ташланган. Болаларга таълим-тарбия бериш, уларнинг онггида табиат ва атроф-муҳитга ҳурмат уйғотиши лозим бўлган муассасага бориш йўлидаги дилни хира қиладиган манзарага қандай баҳо бериш мумкин? Наҳотки, бу ҳол маҳалла фаолларини, болаларини тарбия муассасасига етаклаб келаётган ота-оналарнинг қалбига ташвиш солмаса?!

– Атрофдаги чиқиндилар ҳақида маҳалла раиси билан гаплашганмиз, – дейди МТМнинг хўжалик ишлари бўйича масъул ходими Ҳадя Розиқова. – “Тез орада барча чиқиндиларни олиб ташлаймиз”, деб айтишади. Тозалашади ҳам, аммо, кўп ўтмай яна шу аҳвол. Ўтган шанба куни тарбиячилар билан биргаликда ҳашар ўтказиб, муассаса ҳудуди ва ундан ташқарида ободонлик ишларини ўтказдик. Чиқиндиларни ҳам олиб ташлагандик. Лекин кўриб турганингиздек ҳафта бошида “уюмлар” тайёр. Аҳамият берган бўлсангиз, сал нарида махсус темир қутилар бор. Одамлар чиқиндиларни ўша жойга эмас дарахтлар орасига тўкиб кетишади.

“Маҳалла – халқнинг виждони”, деган эди муҳтарам Юртбошимиз. Маҳалланинг ободлиги, саранжом-саришталигини кўриб шу ерда яшаётган одамларга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизими фаолиятига баҳо бериш мумкин. Ҳудуддаги чиқиндиларнинг теварак-атрофда сочилиб ётиши барча қатори кичкинтойларнинг саломатлигига ҳам таъсир ўтказмай қолмайди. Бу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида маҳалла идорасига бордик, бироқ “Акбаробод” маҳалла раиси Миршокир Каримовни учратмадик. Телефон орқали оқсоқол билан боғландик. Оқсоқол бизни узоқ тергаб суриштирганидан мамнун бўлдик. Сабаби маҳалла раиси шу ҳудудга масъул мутасадди шахс ҳисобланади. Аммо у кишидан юқоридаги ҳолатга изоҳ беришини сўраганимизда тўпланиб қолган чиқиндиларни назорат қилиш унинг вазифасига кирмаслигини бот-бот такрорлади. Маҳалла раисининг таъкидлашича бу вазифа Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати зиммасида экан.

Унда маҳалла раисининг вазифаси нималардан иборат? Шу ўринда қонун ҳужжатларига тўхталсак. “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида маҳалла раисининг мақсад ва вазифалари белгилаб қўйилган. Хусусан, “Фуқаролар йиғинининг экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси тўғрисида намунавий низом”га мувофиқ, экология тизимлари, табиат комплекслари ва айрим объектларнинг муҳофаза қилинишини, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш, ҳудудда жойлашган ташкилотлар раҳбарлари билан ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, санитария ва атроф-табиий муҳит ҳолати устидан назоратнинг белгиланган тартибда амалга оширилишига кўмаклашиш Комиссия фаолиятининг асосий вазифаларидандир.

Яна ўқинг:  Ушалмаган орзулари келаётган йил

Бундан ташқари, тегишли фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли пунктлари, сув таъминоти манбалари, турар жойлар, мактаблар ва бошқа таълим муассасаларининг санитария ва экологик ҳолати устидан назорат амалга оширилишига кўмаклашиш, аҳоли томонидан чиқиндиларнинг белгиланган жойларда ташланишини назорат қилиш, мавсумий хазонлар ёқилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш ҳам комиссия фаолиятига киради. Бу низомнинг ижросини таъминлаш ва назорат қилиб бориш маҳалла раисининг зиммасига юклатилган.

Мухтасар айтганда, ҳар ким ўз вазифасига масъулият билан ёндашса, маҳаллада соғлом муҳит барқарор бўлса, МТМларда “бироз эътиборсизлик”ка йўл қўйилмаса, фарзандларимиз маънан етук, жисмонан кучли бўлиб улғаяди.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: