“Аватар”нинг “хато”си

0
31
марта кўрилган.

Одатдагидек, эрталаб тиқилинч автобусда ишга кетаётгандим. Асосий бекатлардан бирида кўп йўловчи тушди. Чиқувчи эса кам бўлди. Автобус жудаям тирбанд бўлгани учун улардан бир-иккитаси эшик олдида сиқилиб қолди. Шофёр жиғибийрон бўлди.

Йигирмата одам тушди, лекин битта одам чиқолмайди! Сал ўртароққа юришинглар…

Шу пайт ёнимда сиқилишиб кетаётган йигит “пиқ” этиб кулди. Унинг ҳамроҳи бўлган ёшроқ қиз “Нима гап?” деб сўради. Йигит шофёрнинг гапини айнан, оҳангини ҳам мослаб такрорлашга уринди: “Йигирмата одам тушди, лекин битта одам чиқолмайди…” Унинг бу гапни нима учун кулгига олаётганини тахмин қилгандек бўлдим. Қарангки, тахминим тўғри чиқди. Шофёр “чиқолмайди” деди. Яъни, “чиқомиди” ёки “чиқомаяпти” демагани учун ёшлар ўртасида кулги бўлди. Уларни деярли ҳар куни кўрганим учун сиртдан танийман. Йигит – институт талабаси, қиз – коллеж ўқувчиси. Бу ҳолатга аввалига эътибор бермадим. “Қўювур, ҳозир ҳамма жойда “аватарла” тиқилиб кетган”. Ёшгина қизнинг сўнгги гапи мени аввалига ўйлантирди, сўнг бироз жаҳлимни чиқарди. Кўпчилик билса керак, Голливуд киноси қаҳрамони бўлган “аватар” ҳозирда пойтахтимизда оддий ва содда одамларга писанда қилиб айтилаётган янгича ном. Йўқ, “аватар” дегани учун эмас, балки оқ-қорани танийдиган, мулоҳаза қила оладиган ёшга етган йигит ва қизнинг ўзбек адабий тилининг устидан кулгани асабимни бузди. Эҳтимол, бу воқеа ҳақида ёзганим кимгадир эриш туюлар. Беэътиборлар “Нима, шунга шунчами? “Чиқолмайди” дедими, “Чиқомиди” дедими, нима фарқи бор?” дер. Лекин нима бўлганда ҳам давлат тили ҳақидаги куюнчак мақолалар, эшиттиришлар ва кўрсатувларни янада кўпайтириб, мунтазам бериб бориш керак. Токи кўпчилик юқоридаги воқеа каби тўғри сўз, тўғри гапнинг устидан кулишга ўрганиб қолмасин, бундай ҳолат одатга айланмасин.

Дарвоқе, ўша шофёрни яхши танийман. Унинг миллати арман. Лекин ўзбек тилида шундай яхши гапирадики…

 

Жамшид МАТЁҚУБОВ

Яна ўқинг:  Қирқкокилли қиз: урф-одатларга содиқ бўлайлик!

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.