Атроф-муҳит мусаффолиги

унга барчамиз масъулмиз

Кейинги пайтда дунё миқёсида экологик вазият таранглашиб, атроф-муҳитга жиддий зарар етмоқда. Атмосферанинг ифлосланиши эса турли юқумли касалликларнинг авж олишига сабаб бўлаётир.

Биргина автомобиллардан чиқаётган карбонад ангидрид гази миқдори кундан-кунга ортиб бормоқда. Катта шаҳарларда атмосферага чиқаётган зарарли газлар умумий заҳарли газларнинг 50 фоизини ташкил этмоқда. Бу углерод оксиди, оксид ва азот диоксиди, альдегидлар, углеводородлар, қўрғошин кабилардир.

Фанда атмосферани ифлослантирадиган 500га яқин элемент аниқланган. Шунингдек, чанг, чангли шамоллар, саноатда фойдаланиладиган ёқилғи тутунлари, кимё завод ва фабрикаларидан чиқувчи заҳарли буғлар, чет элларда уйғонган вулқонлар, ёнаётган нефть ва ўрмон ва ҳоказолар юқорида келтирилган зарарли моддалар рўйхатини давом эттиради.

Таассуфки, атмосферага чегара қўйиб бўлмайди. Шундай экан юртимизда табиий офатлар бўлмаяпти, биз кимёвий таҳдиддан умуман муҳофазаланганмиз, деб бўлмайди. Ҳар бир инсон ўзи ва оиласини онгли равишда ва эҳтиёт шарт экологик таҳдиддан муҳофаза қилиши зарур. Бунинг учун глобал муаммони ҳал этиш эмас, аксинча оддийгина тавсияларга риоя қилинса, бас.

Инсон организми 70-80 фоиз сувдан иборат. Одам кексайган сари организмдаги сув камайиб боради. Қанчалик тоза сув ичишимиз ҳам бевосита экологияга боғлиқ. Шифокорлар тавсиясига кўра одам кунига ўртача 1, 5-2, 5 литр тоза сув ичиши лозим. Сув оғир металл туз каби аралашмалардан ҳоли ҳисобланиб, у инсонни турли касалликлар, хусусан, саратондан асрайди.

Яна бир гап. Экологиянинг ифлосланиши натижасида она табиатга ҳам катта зарар етмоқда. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз оиласининг кундалик тановул қилаётган мева-сабзавотларига эътибор бериши мақсадга мувофиқ. Бекалар чет элнинг чиройли, лекин кимёвий моддаларга тўйинган маҳсулотлари ўрнига, ўзимизнинг экологик тоза мева-сабзавотлар ва консервантларсиз егуликлар билан фарзандларини вояга етказишса, кўплаб муаммонинг олди олинади.

Хулоса қилиб айтиш керакки, бугун экология масаласи давлатимиз эътиборида бўлишига қарамай, юртимиздаги ҳар бир инсон саломатлиги ўз қўлида эканини унутмаслиги керак.

Дилдора МАҲКАМОВА,

Тошкент Ирригация ва мелиорация институти катта ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Do‘stlik

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: