АСОСИЙ ДОРИ ВОСИТАЛАРИ РЎЙХАТИ

Унда беморлар учун қандай имтиёзлар кўзда тутилган?

Аёл шошганча дорихона томонга бурилди. Унинг юз қиёфаси ташвишли эди.

– Синглим, шу рўйхатда ёзилган дориларни ҳисоблаб беринг.

– Ҳозир… Ҳозир… Сиз бу дориларни сотиб олмоқчимисиз?

– Ҳа, пулим етганича…

– Беморни шифохонада ётқизсангиз бўлмайдими? Ҳаммасини шифохонанинг ўзи текин берарди.

– Бемор – турмуш ўртоғим. У шифохонада даволаняпти.

Бундай муаммоли ҳолатлар кўп учраб туради. Баъзи кишилар шифохона тўловларидан ташқари ҳам муолажа учун зарур бўлган воситалар учун сезиларли миқдорда харажат қилади. Хўш, қайси дори воситалари беморларга давлат бюджети ҳисобидан бепул берилади? Мамлакатимизда бу жараён қандай ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинган?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан биринчи марта 1977 йилда “Асосий дори воситалари рўйхати” тасдиқланди. У бугунги кунда 193 та мамлакатда жорий этилган. Мазкур рўйхат давлат бюджети ҳисобидан стационарда даволанувчи беморлар учун дори воситалари харидини амалга оширишда, маҳаллий корхоналар томонидан энг зарур дори воситалари номенклатурасини белгилаш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга асос бўлади.

“Асосий дори воситалари рўйхати”га ташхис ва даволаш стандартларида мавжуд бўлган дори воситалари киритилган. Унга кирмаган дори воситалари бюджетдан ташқари ёки беморларга ўз ҳисобидан тавсия этилади. Табиий савол туғилади. Асосий дори воситаларига нималар киради?

Асосий дори воситалари стационар даволанувчи беморлар эҳтиёжини қоплаш мақсадида танлаб олинган дори воситаларининг халқаро патентланмаган номлари бўйича рўйхати ҳисобланади. У соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг муҳим эҳтиёжларни қоплаш мақсадида танлаб олинган дори воситаларининг чегараланган рўйхатидир. Турли давлатларда бу рўйхат 350-450 тани ташкил этади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти барча мамлакатларга дори воситалари борасида умумий ягона давлат сиёсатини юргизишни шакллантириш ва амалга оширишни тавсия этади.

Шунингдек, дори воситалари олди-сотди жараёнларини тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунининг янги таҳрири қабул қилинган. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Асосий дори воситалари рўйхатидаги дори воситаларининг, шунингдек, тиббий буюмларнинг мавжуд бўлиши устидан назоратни таъминлаши, икки йилда камида бир марта – асосий дори воситалари рўйхатини ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши” бўйича ваколатлари белгиланган.

Яна ўқинг:  Осойишта кунларга шукрона айтаман

Асосий дори воситаларининг рўйхати жорий этилиши дори таъминоти сифатини яхшилаш, уларни харид қилишда бюджет маблағларини тежаш имконини яратади.

Асосий дори воситалари рўйхати 37 фармакотерапевтик гуруҳ ва 101 фармакотерапевтик гуруҳчаларга мансуб 378 халқаро патентланмаган номдаги дори воситаларидан ташкил топган. Улардан рўйхатнинг 45 фоизини ташкил этувчи 168 халқаро патентланмаган номдаги дори воситалари маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилади.

Вояга етмаганлар учун асосий дори воситалари рўйхати 35 фармакотерапевтик гуруҳ ва 88 фармакотерапевтик гуруҳчаларга мансуб жами 330 халқаро патентланмаган номдаги дори воситаларидан ташкил топган. Рўйхатнинг 48 фоизини ташкил этувчи ва 15 фармакотерапевтик гуруҳга мансуб 160 халқаро патентланмаган номдаги дори воситалари маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилади.

Доривор ўсимликлар сақловчи асосий дори воситалари рўйхати 11 фармакотерапевтик гуруҳ ва 23 фармакотерапевтик гуруҳчаларга мансуб жами 52 халқаро патентланмаган номдаги дори воситаларидан иборат. Унинг 94 фоизини ташкил этувчи 49 халқаро патентланмаган номдаги дори воситалари маҳаллий фармацевтика корхоналари томонидан ишлаб чиқарилади.

minzdrav.uz сайти маълумотлари асосида Б. ҲАЛИМОВ тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: