Аразчи болалар. Маслаҳат, танбеҳ беришга шошилманг!

Болалар уч ёшгача ўзлари учун муаммоли вазиятлардан тез чиқишади, тўғрироғи, осонгина унутиб юборишади. Бироқ, улғая боргач, боғча ва мактабда тенгдошлари билан мулоқотга киришади. Энди бола ташқаридан ўзига диққат-эътибор талаб қила бошлайди.

Агар бу етарли даражада бўлмаса ёки болага умуман аҳамият берилмаса, ўртада араз, гина пайдо бўлиши мумкин. Ота-она боладаги ички норозилик айнан қайси вазиятда туғилганини кўп ҳолларда англолмай қийналади. Бу эса йиғилиб, катта муаммога айланади.

Боғча ёшидаги болалар ўртасидаги зиддиятларнинг энг оддийлари сирасига ўйинчоқ талашиш, бир-бирининг жиғига тегиш, лақаб қўйиш кабилар киради. Бундай пайтларда доимо катталарнинг ғамхўрлигини туйган болакайлар руҳиятида шок ҳолати юзага келади. Баъзи кичкинтойлар ўз норозилигини очиқ-ойдин билдиради, уни хафа қилганлар кечирим сўрашларини кутади. Атрофдагиларнинг тавба-тазарру қилмаслиги аразни янада чуқурлаштиради.

Энди вазиятни сал бошқачароқ мисол билан таҳлил қилиб кўрамиз. Бола боғчага келиб, ўйнаб ўтирган тенгдошларини кўради. Уларга қўшилиб ўйнашга ҳаракат қилмай туриб, унга шунчаки эътибор беришмагани учун аразлаб, хархашани бошлайди. Вазият яхшилаб таҳлил қилинса, ушбу ҳолатда у бесабаб хафа бўлаяпти ва бунда ўзгаларни айблаяпти. Бу ерда биз ўрганмоқчи бўлган муаммонинг илдизи ётади. У ҳам бўлса, ўз-ўзини баҳолашдир.

Аразчи кичкинтойларнинг энг характерли белгиларидан бири бошқа болаларнинг муваффақиятини кўра олмасликдир. Бундай фарзанднинг олдида биров мақталишини, энг ёмони, ким биландир солиштирганда унинг тарози палласи босмаслигини катта изтироб билан қабул қилади. Бундай болалар доимий мақтов, ижобий баҳоланишга муҳтож бўлишади. Башарти бу унинг кўнглидагидек юз бермас экан, ўз-ўзи билан бўлиб, кечинмалари ичида ўралашиб қолади, фақат ким яхши-ю ким ёмонлиги ҳақида ўйлайди, ҳамма вазиятларда ўзини ҳақ деб билади. Бундай ҳаддан ортиқ араз асосида боланинг ўзига нисбатан ишончи камлиги ётади.

Кўпгина ота-оналар аразчи боланинг гап кўтара олмаслиги, кўнгли нозиклигини ҳисобга олиб, уни кўпроқ мақташга, тенгдошларидан устунлигини исботлашга ҳаракат қилишади. Бироқ бу билан муаммо тўлиқ ҳал бўлмайди. Ҳар қандай баҳо боланинг диққатини феълидаги у ёки бу хислатга қаратишга, ўзини ҳамиша бошқалар билан таққослашига сабаб бўлиши мумкин. Оқибатда фарзанд атрофидаги болаларни ўзига нисбатан рақобатдош сифатида қабул қилади.

Демак, аразчиликни енгишда ота-онанинг фарзандини нореал баҳоламаслиги ва ўзгалар билан таққосламаслиги энг биринчи шарт ҳисобланади. Бу гапиришга осон, аммо мақтов ва танбеҳ бериш тарбиянинг одатий усулига айланиб бўлгани сабабли ҳам амал қилиш ниҳоятда қийин.

Афсуски, кўпгина ота-оналар ўз меҳрини дилбандини мақташ билан ифодалашга ҳаракат қилишади. Бу болакайни ҳамиша ўз қадрини билдириб қўювчи, афзаллигини кўрсатувчи тадбирларни юк сифатида қабул қилишига олиб келади.

Яна ўқинг:  СЕҲРЛИ ИПЛАР қўғирчоқларга жон бағишлайди

Шундай тарбия усулларини олиб борсангиз, фарзандингиз яқин орада аразчиликни ташлаб, оптимист ва хушмуомала бўлиб қолганини сезасиз.

 

Ота-оналар учун энг муҳим қоидалар:

– Фарзандингиз билан ҳамкорлик ўрнатинг. Юрагидаги туғёнларни билдиришига имкон беринг.

– Бола билан дилдан суҳбатлашинг. Аразининг сабабини ифодалашига кўмаклашинг, юз-кўзига диққат билан разм солинг. Хоҳиш­ларини оғзаки ифодалашига ёрдам беринг.

– Фарзандингиздаги таъсирчанликни сўндиришга ҳаракат қилманг. Керак вақти ўз ҳиссиётларини ташқарига чиқаришга имкон яратинг. Сўнг ўтириб у билан бафуржа гаплашинг.

– Аввал унга диққат билан қулоқ солинг. Баъзан “Сени тушунаман. Менда ҳам шундай бўлиб туради”, дейишнинг ўзи ҳам кифоя қилади.

 

Аввал вазиятни тўлиқ тушуниб олинг, сўнг унга тушунтиринг. Болага олабўжи аслида йўқлигини минг тушунтирманг, барибир улардан қўрқса, бу барча ҳаракатларингиз зое кетди, дегани. Аввал фарзандингизнинг ишончини қозонинг, сўнг мантиқий ваъзни бошлаш мумкин.

 

Психолог Валентина КИМ тавсиялари асосида Дилноза УМАРОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: