Амир Темур номидаги маҳалланинг бир куни

Ижтимоий адолат, бағрикенглик, ҳалоллик, меҳр ва саховат, юрт ободлиги буюк бобомиз Амир Темур амал қилган эзгу ғоялардир.  

Соҳибқирон бобомиз умрини бағишлаган ғоялар бугунги кунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан халқ орзу-ўйларига елкадош, маслакдош бўлиш, одамлар оғирини енгил қилиш каби эзгу саъй-ҳаракатларда, ибратли интилишларда ўз ифодасини топмоқда. 

Яшнобод туманидаги Амир Темур номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида йигирмадан ортиқ миллат ва элат вакилларидан иборат тўрт мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Абдулазиз Шакаров ушбу маҳаллага раис бўлиб сайланганига бир йил бўлди. Абдулазиз акага ҳар бир хонадоннинг дарду-муаммоси, орзу-интилишлари, кундалик ташвишлари ойнадек равшан. Ҳарбий соҳадан нафақага чиққан раис ишда интизом, тартиб бўлишига қатъий амал қилади.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги «Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони  маҳалланинг жамият ҳаётидаги таъсири ва ўрнини янада кучайтиришда янги босқични бошлаб берди, – дейди А.Шакаров. – Февраль ойининг ўзида маҳалла фаоллари гуруҳларга бўлинган ҳолда хонадонма-хонадон юриб, ҳар бир оиланинг муаммоси, кундалик ташвишлари, ундаги маънавий муҳитни атрофлича ўрганди. Уларни иқтисодий, ижтимоий-маънавий, таълим, соғлиқни сақлаш каби йўналишлар бўйича таснифлаб, аввало, маҳалланинг ўз кучи, зарур топилганида мутасадди ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тегишли чоралар кўришга киришилди.  

Одамлар ҳаётини атрофлича таҳлилий-танқидий ўрганиш беиз кетмади. Аҳолига коммунал хизматлар кўрсатиш, ижтимоий ҳимоя, атроф-кўчаларни обод қилиш, чироқлар ўрнатиш, озодаликка риоя этиш, ёлғиз кексалар, имконияти чекланган фуқароларга мадад кўрсатишга доир муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топилди. Маҳалла ҳудудидаги 12 кўп қаватли уй, 119 якка тартибдаги хонадондаги долзарб масалалар атрофлича ва бамаслаҳат ҳал этилмоқда. «Камалак-коммунал» ҳамда «Бинафша-сервис» уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан биргаликда ички йўлаклар асфальтланди. Кўп қаватли уйларнинг томи таъмирланди.

Ҳовлисида тадбиркорлик қилиб, қўшимча даромад топиш истагидаги бир гуруҳ фуқароларга банкдан имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини бошлашига яқиндан кўмаклашилди. Маҳалла тавсияси билан қирққа яқин фуқарога микрокредитлар олишда ёрдам кўрсатилди. Ботир Мавлонқулов ҳовлисида новвойхона очди, мактабда ўқитувчилик қилаётган Олимжон Бобожонов қўшимча даромад манбаи сифатида уйида гулчилик билан шуғулланмоқда, Мирвоҳид Миробидов иссиқхона ташкил этиб, лимон етиштирмоқда.

– Ҳамма иш бошлангунича мураккаб, – дейди маҳаллада яшовчи Абдували Абдураҳмонов. – Фаолларнинг ҳар бир хонадон ҳолидан хабар олиб туриши, одамларнинг кайфияти, ҳаётдан, жамиятдан розилигини муттасил суриштириши маҳалла аҳлини ҳам кўрсатилаётган эътиборга шукроналик, масъулият, шу юрт тақдири учун куюнчаклик билан яшашга ундамоқда. Маҳалланинг қўллаб-қувватлаши билан ҳовлимизда парранда боқаяпмиз.

Яна ўқинг:  KITOB YO‘LI

Диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи Феруза Неъматуллаеванинг айтишича, хонадонма-хонадон юриб, ажрашиш бўсағасига келиб қолган икки ёш оила никоҳининг бузилишига барҳам берилди. Келинчак Дилафрўзга аёл бахти фақатгина оилада, унинг оналигида, бекалигида экани тушунтирилди.  Куёв Равшанга ғурур, ҳаддан зиёд мағрурлик оила шаънини асрай билиш, оила учун масъулиятни теран англаш билан бевосита боғлиқ экани ҳаётий мисоллар ёрдамида уқтирилди. 

– Қаригандан кейин соғлиқ ҳам мўртлашиб қоларкан, – дейди Мелибой ота Раҳимов. – Шифохонага ётиб, врачлар кўригидан ўтишни анчадан бери дилимга туккандим. Маҳалладагиларнинг ёрдами билан ҳеч қанча вақт ўтмай, югур-югурсиз «Нуроний» сиҳатгоҳида даволаниб чиқдим. Ҳаммаларига минг раҳмат!

Имконияти чекланган Елена Кимга махсус аравача, Анжелина Епифановага моддий ва маънавий кўмак кўрсатилганида улар кексаларга эъзоз ва эътибордан ғоят мамнун бўлди. Ниғмат ота Муҳамедовнинг уй-жойи маҳалла кўмаги билан таъмирланиб, обод ҳолатга келтирилганида ота кўзига ёш қалқиб, юртимизни, маҳалла фидойиларини, ҳиммати баланд тадбиркор қўни-қўшниларини узоқ дуо қилди. Тўрт хонали уйда бир неча ўғилларининг оиласию фарзандлари, неваралари билан яшаётган Мавжуда опа Абдуллаеванинг ҳам кўксига шамол тегди. Маҳалла тавсиясига кўра ўғли Фазлиддин Сергели туманида барпо этилаётган кўп қаватли уйларни олувчилар рўйхатига киритилди.   

– Ҳар бир инсоннинг дардини тушунган, унинг оғирини енгил қилаётганларнинг умри-жони зиёда бўлсин, – деб эртаю кеч, дастурхон атрофида дуо қилади Мавжуда опа.

 Аҳолининг хоҳишига кўра, маҳалла раисининг нуронийлар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари этиб кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга отахон Қосимжон Исоқов, ёшлар билан иш олиб бориш масалалари бўйича ўринбосар этиб педагог Зебо Назарова сайлангач, ишлар янада юришиб кетди. Маҳалла ҳудудидаги 152-мактаб, политехника ҳамда хотин-қизлар касб-ҳунар коллежларида ўқувчиларнинг давомати, дарсларни пухта ўзлаштириши, ёшларни турли номақбул йўллардан, миллий ҳаёт тарзимизга зид ва зарарли ғоялардан асраш бўйича ишлар янада кучайтирилди. Таълим олиш учун яратилган кенг имконият ва шароитларга панжа орасидан қарайдиган ўқувчилар ота-оналари билан биргаликда маҳалла идорасига чақиртирилиб, атрофлича суҳбат ўтказилди. Маҳалла-кўй ичида изза бўлган ота-она энди фарзандининг ўқишга тўлиқ қатнашини, юриш-туришини  эринмай назорат этмоқда. 

– Маҳалла аралашуви билан 12 йиллик таълимнинг мажбурий экани, ўқувчи билим билан бирга касб-ҳунар эгаллаши зарурлигини ота-оналар англаб етмоқда, – дейди Яшнобод политехника касб-ҳунар коллежи директори Зокир Ғаниев. – «Прогулчи»,  дангаса,  масъулиятсиз ўқувчилар кескин камайди. 

Яна ўқинг:  САНГЗОРЛИК КУЛОЛ

Маҳалладаги ўсмир йигитларнинг баъзи «шўхлик»лари, тарбиясизлиги чиндан ҳам энди жиловланган. Кўп қаватли уйларга ўрнатилган кузатув видеокамералари наинки жиноятчилик, балки маҳалла ҳудудида кимлар юргани, ҳатто йўл-йўлакларга чиқинди ташлаб кетувчи «чаққон»ларни ҳам тезда фош этади. 

– Ёшларнинг қадам босиши, ҳар бир хонадоннинг паспорт маълумотлари, шу маҳаллада рўйхатдан ўтгани, маҳаллага кимлар келиб-кетаётгани доимий эътиборда, – дейди профилактика инспектори Баҳодир Ғафуров. – Буларнинг барчаси одамларни тинчликни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга, ҳамжиҳатликка, аҳилликка, фуқаролик позицияси, ижтимоий бурчини теран англашга чорламоқда.  

…Амир Темур номидаги маҳаллада янги гул ва дарахт кўчатлари бўй чўзмоқда. Ҳадемай боғча ёнида болалар майдончаси, кутубхона, спорт билан шуғулланувчи ўқувчилар учун махсус маскан бунёд бўлади… 

 

Назокат УСМОНОВА,  

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: