АЖОЙИБ КАШФИЁТЛАР СИРИ

У биологик жиҳатдан инсоннинг жуда фаол тўқима ва аъзоларидаги биокимёвий жараёнларда иштирок этади. Организмда улар етишмаганда турли касаллик пайдо бўлади. Одам ва ҳайвон ҳаёти учун ниҳоятда зарур органик модда – витаминлардир. Уларнинг ўрнини ҳеч қандай бошқа моддалар боса олмайди.

XIX асрнинг иккинчи ярмига қадар одам овқатида оқсиллар, ёғлар, углеводлар, минерал тузлар ва сувнинг маълум миқдорда бўлиши организмнинг биологик эҳтиёжларига тўла-тўкис мос келади, дейилар эди. Шу сабабли, овқат маҳсулотларининг озуқавийлик қиймати асосан шу моддаларнинг миқдорига қараб белгиланар эди.

Денгиз саёҳатчилари учун цинга касаллиги (лавша, скорбут) узоқ вақтгача муаммо бўлиб келди. Чунончи, Ҳиндистонга денгиз бўйлаб сафарга чиққан машҳур португалиялик Васко де Гама экспедициясининг 160 нафар аъзосидан 100 нафар киши цинга касаллигидан вафот этган. Денгизчиларнинг бу касалликка чалинишига сабзавот ва ҳўл меваларни узоқ вақтгача емай юришлари сабаб бўлгани аниқланган. Кейинчалик табиблар цинга касаллигининг олдини олиш ва даволаш учун овқатга лимон суви ёки қарағай қайнатмаси қўшишган. 1773 йилда инглиз шифокори Линд цинга билан оғриган беморларни лимон суви билан даволаган.

Шундай қилиб организмнинг соғлом бўлиши ва нормал ривожланиши учун озиқ моддалардан ташқари қандайдир қўшимча моддалар зарурлиги маълум бўлди. Бундай хулосани чиқаришда рус олими Николай Луниннинг ажойиб кашфиёти катта аҳамиятга эга. У сичқонларга “сунъий сут” ичириб, тажриба қилиб кўрган. Бу овқат тозаланган казеин (сут оқсили), унинг ёғи, сут шакари ва бу маҳсулот таркибига кирадиган тузлар ва сувдан иборат бўлган. Маълум вақт ўтгач “сунъий сут” ичган сичқонлар касалланиб, овқат емай қўйган ва ҳолдан тойиб, нобуд бўлган. Табиий сут берилган сичқонлар эса қўшимча овқатлар берилмаса ҳам нормал яшайверган. Н. Лунин 1880 йилда ана шу тажрибага асосланиб, овқат таркибида асосий озиқ моддалардан ташқари, ҳаёт учун зарур бошқа номаълум моддалар ҳам бўлиши керак, уларни чуқур ўрганиш зарур, деган фикрни биринчи бўлиб айтган эди. Н. Лунин бошлаган тажрибани С. Сосин, Гопкинс, Пакельхаринглар давом эттириб, унинг фикрини тўла-тўкис тасдиқлашди.

1895 йили рус олими В. Пашутин цинга касаллигининг келиб чиқишига овқат таркибида ўсимликларда синтез қилинадиган қандайдир органик модда етишмаслиги сабаб бўлади, деган фикрни олға сурди. Унинг бу фикри 1912 йилга келиб Хольст, Фрелих ва Фюрст томонидан тасдиқланган.

Яна ўқинг:  МЎЪЖИЗАМИ Ё ФОЖЕА?!

Ёш шифокор Христиан Эйкман Ява оролида 1889–1897 йиллари тажриба ўтказди. У товуқларни оқланган гуруч бўтқаси билан боққанда уларда одамларда учрайдиган бери-бери касаллиги пайдо бўлган. Овқатга гуруч кепаги қўшиб берилганда эса товуқлар тузалиб кетган. Шундан кейин Х. Эйкман гуруч кепагида бери-бери касаллигини даволайдиган қандайдир модда бор, деган хулосага келган. Бироқ, Х. Эйкман оқланган гуруч еганда нима сабабдан бери-бери касаллиги келиб чиқишини, унда қандай модда етишмаслигини исбот қила олмаган. Ушбу хасталик ўтган асрда узоқ Шарқ ва Жануби-шарқий Осиё халқлари орасида жуда кенг тарқалган эди. Чунки, шу ерлик аҳоли оқланган гуручни кўп истеъмол қиларди.

Лондондаги Листер институтида илмий иш олиб борган поляк олими Каземир Функ 1911 йилда витаминлар ҳақидаги гипотезани таърифлаб берди. У гуруч кепагидан бери-бери касаллигига шифо бўладиган кристалсимон фаол модда ажратиб олишга муваффақ бўлди. Унинг таркибида аминогуруҳ – NH2 борлигини аниқлади. Аминогуруҳ сақловчи модда етишмай қолганда бери-бери касаллиги келиб чиқар экан. Яъни, бу модда тирик организмнинг нормал яшаши учун ниҳоятда зарур экан. Шуларни назарга олиб, 1912 йилда К. Функ биринчи марта шундай моддаларнинг барчасини витамин деб атади (лотинча – vita – ҳаёт демакдир). Лунин ва Функ тажрибаларидан сўнг олиб борилган тадқиқотлар шу синфга кирадиган кўпгина моддалар таркибида аминогуруҳ бўлмаслигини кўрсатди. Шунга қарамай, “витаминлар” термини турмушга жуда сингиб кетди.

Витамин сақловчи озиқ-овқатлар одамнинг унга бўлган талабини қондирувчи асосий манба ҳисобланади. Баъзи бир витаминлар жуда оз миқдорда ичак микрофлорасида синтезланади (витамин В2, В6, В12 ), аммо улар одамнинг витаминга бўлган талабини қондиролмайди. Айрим ҳолларда одам организмида кимёвий тузилиши жиҳатидан витаминга яқин бўлган, провитамин деб аталадиган органик бирикмадан моддалар алмашинуви жараёнида витамин ҳосил бўлади. Масалан, асосий ўсимлик маҳсулотларида бўладиган каротин (А витамини провитамини) организмда А дармон-дорисига айланади.

Витаминлар тирик организмнинг нормал ўсиши ва ривожланиши жараёнида бевосита иштирок этувчи энг муҳим биологик фаол органик бирикма ҳисобланади. Ҳозирги кунда кўплаб витаминларнинг кимёвий таркиби ва физиологик таъсири аниқланган. Дорихоналарда алоҳида бир витамин ёки уларнинг комплекси – поливитамин, мультивитамин каби дори воситалари сотилмоқда. Қиш ва баҳор фаслида одам организмида дармондориларга талаб кучайганда, спорт билан шуғулланиб кўп энергия сарф қиладиганлар ёки оғир касалликдан сўнг тикланиш даврида бу дори воситаларини истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Яна ўқинг:  Ishtiyoq va havas muvaffaqiyatlarim pillapoyasidir

Шоира ГАЗИЕВА,

Шайхонтоҳур тиббиёт коллежи ўқитувчиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: