74 хонадон эгалари кўчада қолади (ми?)

0
18
марта кўрилган.

Янгийўлда етти йиллик муаммо ҳеч кимни қизиқтирмаяпти

  •  Халқимизнинг одати шу: мустақил ҳаётга қадам қўйган одам борки, ўз уй-жойига эга бўлишни ният қилади. Ватанли бўлиш учун тиним билмай тиришади, меҳнат қилади. Ахир, ҳузур-ҳаловатда, фарзандлар қуршовида мамнун яшашдан ортиқ бахт борми? Кишининг мустақил яшаши, меҳмонини бемалол кутиб, фароғатда турмуш кечириши учун “ўз уйи – ўлан тўшаги” бўлмас экан, у ўзини хотиржам ҳис қила олайди.

 

Бахтнинг бахтсиз фуқаролари

Мана, бир неча йилдирки, Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани “Бахт” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи юзлаб инсоннинг туриш-турмушида ҳаловат йўқ. Бу одамларни йиллар давомида ўз уйига ўзи эгалик қилолмаётгани эзиб келяпти.

Бу чигалликнинг аввали оддий бош­ланган эди. Бундан етти-саккиз йил муқаддам янгийўллик тадбиркор-фермер Ўткир Маҳмудов исмли шахс фермер хўжалиги тасарруфидаги тўрт қаватли эски иморатни аҳоли истиқомат қилиши ва ўз номига хатлаб олиши мумкинлигини айтиб, бу ердаги хоналарни пуллай бошлайди. Ўртадаги келишув ва олди-берди суммаси бир парча қоғозга битилиб, фермернинг муҳри билан тасдиқланади. Фермер шу йўсинда бир-икки йил мобайнида барча хоналарни содда одамларга пуллашга улгуради. Кимдир икки хона, яна биров уч-тўрт хонани сотиб олгач, уларни бирлаштириб, хонадон қиёфасига келтиради.

Дастлаб, ташландиқ бу бино фақатгина бетон деворлардан иборат бўлган. Йиллар давомида кишиларнинг кўчиб келиб, бинони одам яшайдиган ҳолатга келтиргунга қадар унинг ҳолати ҳозиргидан-да хароба ҳолатда бўлган. Шундай бўлса-да, бу ерда яшовчилар борига кўниб, яшаб келишмоқда.

Аммо уларнинг қўлида ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжат йўқлиги боис на уйи­ни таъмирлай, на атрофни ободонлаштира олади. Негаки, кимдир келиб, уйнинг ҳужжатлари қани, деб қолишидан қўрқишади.

 

Кўп қаватли уйда ўтин ёқилади

Ана шу тахлит дарди ичида яшаб келаётган одамлар хонадонлари “дард устига чипқон” деганларидек, газдан ҳам узиб қўйилган. Аҳоли бу борада мутасаддиларга бир неча бор мурожаат қилган бўлса-да, ҳеч ким эътибор қаратмаган. Эшитган жавоби битта: “ҳужжатсиз хонадонларга газ берилиши мумкин эмас”!

Бино йўлакларининг эшик-ромсизлиги, таъмирталаблиги қишнинг изғирин кунлари яшовчиларни қийин аҳволга солади. Айниқса, ёш болали ва кексаси бор хонадонларга боз мушкулот туғдиради. Икки йилдирки, уйни иситиш тугул, ақалли қора қозонни қайнатиш учун ҳам газ берилмайди. Шу боис, айримлар қиш кунларида уй ичида ўтин қалаб, исиниш учун олов ёқишга ҳам мажбур бўлмоқда.

Яна ўқинг:  Танишини уриб тан жароҳат етказиб, пулларини олган шахслар қидирилмоқда

Ўйлаб қолади киши: наҳот кўп қаватли уйларда ҳам бунга йўл қўйилса? Аҳоли-ку, жон аччиғида мажбурлигидан шундай чорани қўллаётгандир. Мутасаддилар нега жим? Агар эҳтиётсизлик ортидан хонадонлардан бирортасида ўт чақнаса, бутун бошли уй хатар остида қолади-ку.

Айни масала юзасидан дастлаб “Бахт” маҳалла фуқаролар йиғини раисининг фикри билан қизиқдик.

 

– Ҳақиқатда, 34-уйда яшовчи 74 хонадон эгаси анча йилдан бери қуруқ ваъдага ишониб яшаб келмоқда, – дейди “Бахт” МФЙ раиси Ёқубжон Кушаков. – Агар уйнинг ҳақиқий эгаси келиб, “Уйни бўшатиб қўйинглар” деб қолса, уларнинг “фалончи сўм берганман” деган мазмундаги тилхат-қоғоздан бўлак кўрсатадиган “ҳужжат”и йўқ. Биз бу муаммони ҳал этиш учун бир неча бор ҳаракат қилиб кўрдик. Аммо уйнинг қонуний эгаси қамалиб кетгани боис, хонадонларни нотариал расмийлаштиришнинг имкони бўлмаяпти. Энди одамлар Ўткир Маҳмудов қамоқ жазосини ўтаб бўлганидан сўнг, келиб ҳужжатларни расмийлаштирмагунга қадар кутишга мажбур.

 

34-уй хонадон эгаларининг фикрларини эшитган кишининг ўйи янада ортади.

 

– Шароитларни кўриб, ҳайрон қолаётгандирсиз-а? – дейди фуқаро Баҳром Йўлдошев фиғони фалакка чиқиб истеҳзо билан. – Начора, нима ҳам қилардик. Дастлаб кўчиб келганимизда бу ерда яшовчиларнинг барчасидан пул йиғиб, оқова сув, газ ва электр токи уладик. Аммо қўлимизда уйнинг кадастр ҳужжатлари бўлмагани сабабли, икки йил ўтар-ўтмас, газни ўчириб қўйишди. Кўп қаватли уйда яшасак-да, қишда об-ҳаво жуда ҳам совиб кетиши натижасида хонадонларимизда ўтин ёқишга мажбурмиз. Хоналаримиз эса ачимтир олов тутунидан қорайиб кетади. Хавотири эса, ундан ҳам ошиб тушади. Агар электр иситгичларни ёқадиган бўлсак, электр токининг нархи осмонга етади. Хуллас, додимизни эшитадиган қулоқ йўқ…

 

Ҳа, шаҳар марказига яқин ҳудудда жойлашган бу иморат харобалиги билан нафақат шаҳар кўркини бузиб турибди, балки бу ерда истиқомат қилувчиларнинг яшаш тарзи ҳам ачинарли аҳволда қолаётгани кишини чуқур ўйга толдиради. Истиқомат қилувчиларнинг айтишича, айни шу муаммони бартараф этиш учун бир қанча ташкилотлардан, жумладан, туман ҳокимлигидан ҳам мутасаддилар келишган. Аммо шу бўйи ҳеч бири қорасини кўрсатмаган.

 

Нима қилмоқ керак?

Тинимсиз мурожаатлар ва югур-­югурлардан чарчаган аҳоли умидсизликка тушиб қолган. Қачондир тайёр уй-жойини бировга қўшқўллаб топширишдан, ўзлари эса, қўлини бурнига тиққанча, ватансиз қолишдан қўрқади. Энди эса, уларнинг олдида яна бир муаммо кўндаланг бўлиб турибди: 74 хондонда бир вақтнинг ўзида электр плиталарнинг ёқилиши натижасида бир неча бор туташувлар юзага келган ва трансфарматор ёниб кетган. Бу йилги қиш мавсумида эса ушбу трансфарматордан фойдаланувчи бошқа хонадон вакиллари электр плита қўшишлари мумкин эмаслигини айтишган. Ҳали замон қиш келади. Ўтган йиллар таж­рибаси — аёзли кунлар заҳри одамлар жонини ҳозирданоқ чимчиламоқда.

Яна ўқинг:  Халқ таълими тизими чуқур ўрганилмоқда. Аксини кўриш ачинарли

 

– Бу ердаги ҳар бир фуқаро ўз меҳнати билан топган пулига бу ердан хона сотиб олган, – дейди уйбоши Юлдуз Бобораҳимова. – Уларнинг биргина “айби” шуки, сал арзонроқлиги учун, кейинроқ бўлса ҳам шахсийлаштириб олишга ишонган. Ўтган вақт модайнида одамлар юкиниб бориши мумкин бўлган мутасаддилар – ҳокимлар алмашаверди. Бироқ, бирортаси мазкур масалани жиддий ўйлаб кўргани йўқ. Энди эса бу йилги қиш мавсумини қандай ўтказишга бошимиз қотган. Газ йўқ, токдан эса иситиш учун фойдаланиб бўлмайди…

 

Муаммони ўрганиш чоғида Ўткир Маҳмудовнинг иш юритувчиси билан боғланишга ҳаракат қилдик. Афсуски, тўрт кун давомидаги тинимсиз қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Калаванинг бу учи мавҳумлигича қолди.

Эҳтимол, ечимни туман ҳокимлиги мутасаддилари топар.

Биз эса масалага яна қайтамиз ва албатта, Янгийўл туман ҳокимлиги раҳбариятидан бу борада ижобий жавоб кутиб қоламиз.

 

Сулаймон ҲАЙДАРОВ

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.