45 ёшли академик

0
19
марта кўрилган.

Илм-фан тараққиётида фундаментал тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Айнан улар орқали янги билимлар ўзлаштирилади ва назариялар шакллантирилади, келгуси амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион ишланмалар учун мустаҳкам асос яратилади.

Куни кеча ЎзРФА Ботаника институтига қувончли хушхабар етиб келди. Ботаника институти директори, биология фанлари доктори, профессор Комилжон Тожибаев ЎзРФА академиясининг академиги этиб сайланди. Бундан институтимиз жамоасининг боши осмонга етди.

Дарҳақиқат, илм-фанимиз дарғалари ичида Комилжон энг кичиги – 45 ёшда академик бўлди. Бу ёшда шундай юксак мақомга эришиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бунинг замирида Давлатимиз раҳбарининг илм-фанимиз намоёндаларига кўрсатаётган юксак ғамхўрлиги ётибди.

Маълумки, бугунги тараққиёт замонавий ахборот технологияларини мукаммал билиш, илм-фанимиз ютуқларини амалиётга татбиқ этишни тақозо этмоқда. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда К.Тожибаев олиб бораётган илмий-тадқиқот ишлари таҳсинга сазовор.

У 2002 йилда биология фанлари доктори, профессор Тошхоним Раҳимова раҳбарлигида “Чодаксой ҳавзасининг табиий ўсимликлар қоплами ва ўтлоқлари” мавзусида номзодлик, 2010 йилда “Ғарбий Тиёншон флораси” мавзусидаги докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Мазкур илмий тадқиқотлар доирасида бир қатор муҳим илмий янгиликларни кашф этди.

Бугун замон шиддат билан ўзгариб бормоқда, жаҳоннинг етакчи институтлари, университетлари, илмий марказлари ва фанлар академиялари билан илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни замоннинг ўзи талаб қилмоқда. К.Тожибаев Флористика ва ўсимликлар таксономияси йўналишлари бўйича республика ва хориж олимлари орасида катта ҳурматга эга. Унинг хорижий ҳамкорлари Россия, Германия, Жанубий Корея, Чехия, АҚШ, Голландия, Буюк Британия, Хитой ва бошқа давлатлардаги етакчи илмий муассасаларда фаолият олиб бормоқда.

К.Тожибаев 3 та фан номзоди, 2 та фан доктори тайёрлаган. Ҳозирда у беш нафар фан доктори диссертацияси ишларига илмий маслаҳатчи. Учта монография, 60 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифидир. Биз ёш олим, академикнинг илмий фаолиятига қисқача тўхталиб ўтдик, холос.

Илм-фан иқтисодиётнинг барча тармоғи тараққиётида катта ўрин тутади. Давлат эса бу йўлда, аввало, олимларга суянади, – дея таъкидлайди Президентимиз. Ҳа, Юртбошимизнинг эзгу ташаббуси Ўзбекистонда илм-фан ривожини янги босқичга олиб чиқади. Тилагимиз, ўзбек олимлари сафида Комилжондек ёш иқтидорли академикларимиз кўпаяверсин!

 

Марҳамат МАТВАФАЕВА,

Орзимат ТУРГИНОВ,

биология фанлари номзодлари

Яна ўқинг:  Саратон ҳужайраларини аниқловчи микроскоп ихтиро қилинди

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.