4 ойлик эгизакларнинг онаси шифохонада ҳамон ҳушсиз ётмоқда

Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмасида 28 ёшли бемор Лазиза Каримова тўрт ойдан бери ҳушсиз ётибди. У нега тўрт ойдан бери комада? Аёлнинг соғлиғи тикланадими? Бундай ҳолатлар юртимизда кузатилганми, йўқми? Шунга ўхшаш саволлар бизни тинч қўймади. Вазият билан яқиндан танишиш мақсадида Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмасига йўл олдик. Шифокорлар ва беморнинг яқин қариндошлари билан мулоқотда бўлдик.

Икки фарзанднинг онаси, Лазиза Каримова уч эгизакка ҳомиладор бўлганди, унинг хурсандчилик онлари яқин эди. Бироқ, тақдир ҳукми ўзгача бўлди. Ҳамма ташвиш ҳомилалар етти ойлик бўлганида бошланди. Шифокорлар онага уч ҳомиладан бирининг нобуд бўлгани сабабли, унга зудлик билан пойтахтда зарур тиббий текширувлардан ўтиши лозимлигини тайинлашди. Шунингдек, ҳомилаларни олиб ташлаш зарурлигини ҳам таъкидлашди.

Пойтахтдаги текширувлар шуни кўрсатадики, нобуд бўлган ҳомила йўлдоши бошқа ҳомилалар йўлдоши билан айри эканлиги ҳамда аёлга туғиши мумкинлиги айтилади. Тавсияда яна таъкидланадики, унинг тиббий назоратда туриши ҳамда ҳомилалар етти ойлигида Кесарча кесиш усули билан уларни муддатидан олдин туғдириб олиш лозим. Шундан сўнг Лазиза Оҳангарон тумани тиббиёт бирлашмасининг Ҳомиладорлар патологияси бўлимига ётқизилади. Бундай ҳолатда жарроҳлик амалиётини кўнгилдагидек ўтказиш учун бўлимда етарли шароит йўқлиги сабабли Лазиза режали равишда “Тез ёрдам” машинасида Чирчиқ шаҳаридаги Тошкент вилоят перинатал марказига жўнатилади.

Бу муассасада эса Лазиза Каримова операция қилинмай, токи ҳомилалар тўққиз ой бўлгунига қадар шифокорлар қарамоғида қолади. Ҳомилалар ривожланиб, ўз вақти-соати етгачгина улар жарроҳлик йўли билан дунёга келтирилади. Гарчи, битта ҳомила нобуд бўлган бўлсада, Лазиза жуда бахтиёр эди. Табиатан хушчақчақ, ҳазил-ҳузулни хуш кўрувчи она шодлигини бутун олам, яқинлари билан бўлишишга уринарди. Барча онанинг кайфиятидан унинг ҳам чақалоқларнинг ҳам соғлиғига шубҳа қилишмайди. Бироқ, орадан кўп ўтмай Лазизанинг аҳволи оғирлашади. Аёлнинг бачадонидан кучли қон кета бошлайди. Кўп қон йўқотган беморни шифокорлар зудлик билан қайта операция қилиш зарурлигини англаб етишади. Акс ҳолда унинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин эди. Бемор иккинчи бора операция қилинади. Афсуски, жарроҳлик амалиётидан сўнг Лазиза кома ҳолатига тушади.

Ҳозирда Лазиза Каримова Аппалик синдроми ташхиси билан Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмасининг терапия бўлимида даволанмоқда. Шу ўринда кишида беморнинг шу ҳолга тушиб қолишида айнан қайси ҳолат сабаб бўлди ва унинг аҳволи ижобий томонга ўзгарадими, йўқми, деган саволлар туғилиши, табиий. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмасига йўл олдик. У ерда эса беморни кўриб, унинг аҳволи чиндан-да оғирлигига гувоҳ бўлдик. Неврологик хасталик билан ётган аёлни яқинлари ва бўлим шифокорлари парвариш қилишмоқда.

Яна ўқинг:  “Ёрқин”даги бир кун

Айни пайтда унинг ёнида бўлган синглиси опасининг аҳволидан жиддий ташвишдалигини ва тез орада жигарининг аҳволи яхшиланишидан умидворлигини таъкидлади.

 

Хаста аёлнинг аҳволини чуқурроқ ўрганиш мақсадида бошқа шифокорлар билан ҳам учрашдик. Бемор аёлнинг аҳволидан мутасадди ва масъул ташкилот вакиллари ҳам хабардор, аммо, уни келажакдаги тақдири мавҳумлигича қолмоқда.

 

Моҳира АБДУРАШИДОВА,

терапия бўлими бошлиғи:

Бемор Тошкент вилоят перинатал марказидан бизнинг шифохонага жўнатилгач, маълум вақт жонлантириш бўлимида ётди. Сўнгра у терапия бўлимига ўтказилди. Л. Каримова бўлимимизда 3 ойдан буён ётибди. Аслида бу бўлимда унинг ётиши нотўғри. Ушбу тиббиёт бирлашмасида неврологик бўлим йўқлиги сабабли ҳам бемор шу ерда шифокорлар назорати остида даволанмоқда. Унга қараш учун невропатолог шифокор тайинланган. Лекин, шуни таъкидлашим керакки, бўлимда турли ёшдаги ва жинсдаги ички касалликлар билан оғриган беморлар даволанади. Кўпинча ушбу беморлар Лазизанинг аҳволидан хабар топгач, бу ерда даволанишдан бош тортишга ҳаракат қилишади. Чунки хаста аёл кўп безовта бўлади ва йиғлайди, бақиради. Бу ҳолга эса барча беморлар ҳам дош бериши мушкул. Шу сабабли Л. Каримовани касаллиги бўйича даволаниши мумкин бўлган тиббий-амалий марказларга юбориш бўйича мутасаддиларга кўп бора мурожаат қилдик. Лекин, мурожаатимиз инобатга олинмаяпти.

 

Муборак ҲАМИНОВА,

Ҳомиладорлар патологияси бўлими гинекологи:

Лазизани ҳомиладорлик давридан биламан. У бўлимимизда икки марта даволанган. Уч эгизакнинг туғилишини биз ҳам интизорлик билан кутаётган эдик. Тошкентда ўтказилган тиббий текширувдан сўнг, у бўлимимизга ётқизилган. Ҳомилаларининг бири нобуд бўлган эди. Бундай ҳолатда операция жараёнини ўтказилишига муассасамизда шароит йўқлиги туфайли Лазизани Чирчиққа юбордик. Шундан кейин уни оғир аҳволга тушганидан сўнг шу ерда кўрдик. Тўғриси, Ҳаётда хушчақчақ аёлни кома ҳолатида кўриб, тўғриси йиғлаб юбордим.

 

Зарифа ҲАМРОЕВА, невропатолог:

Унга аппалик синдроми ташхиси қўйилган. Яъни, бош миянинг инсон ҳатти-ҳаракатларига жавоб берадиган пўстлоқ ости қобиғи фаолияти жиддий издан чиққани сабабли мия ҳужайраларини бошқармай қўйган. Бу аёл ёш бўлгани сабабли унинг бошқа аъзолари яхши ишлаяпти. Бироқ, мияси тўлиқ ишламаяпти. Аммо, шуни айтиш мумкинки, аёл ҳушида. У шифохонамизга келган кунларга қараганда аҳволи анча яхши. Бемор беихтиёр йиғлайди, биров қаттиқ гапирса, кўзини очади. Овқатни мустақил юта олади, ҳазм қилиши ҳам меъёрда. Айни пайтда у шифокор тавсия этган дори-дармонларни қабул қилмоқда. Айтиш мумкинки, бу каби беморлар тиббиёт амалиётида камдан-кам учрайди. Кўпинча уларнинг аҳволи ўнгланиши хасталарнинг организмига, иродасига ҳамда атрофдагиларнинг парвариши ва эътиборига ҳам боғлиқ. Бу ҳолатдан бемор чиқиши ҳам мумкин, чиқмаслиги ҳам. Жуда кам ҳолатлардагина беморлар ушбу ҳолатдан чиқиб, ўзига келишади. Улар ойлаб, йиллаб кома ҳолатида ётиши мумкин. Қачон ўзига келишини эса ҳеч ким айта олмайди. Хаста аёлнинг иккита қўли қотиб қолган, буни биз шифокорлар спастика деб атаймиз, оёқларидаги тонус (мушаклар таранглиги) ҳам баланд. Сўнгги муолажамизда унга шу тонусларни туширадиган ҳамда мия фаолиятини яхшилайдиган дориларни ёзиб бердик. Бироқ, бунинг натижасини бир ойдан сўнг билишимиз мумкин. Шуни айтишим мумкинки, Лазиза Каримовага ўхшаш бемор аввал ҳам учраган. Авариядан сўнг Аппалик синдроми билан мия фаолияти бузилган йигитни даволаганмиз. Лекин тиббиёт ходимлари ва яқинларининг яхши парвариши сабабли у шу ҳолатдан чиқиб кетган.

Яна ўқинг:  TIKA Ўзбекистондаги ёш фермерларга кўмак беради

 

Шифокор хулосасидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Л. Каримованинг аҳволи ижобий томонга ўзгаришига оз бўлсада умид бор. Барчамиз хушхабарни кутиб қоламиз. Чунки, бемор яқинлари, айниқса, фарзандлари учун ҳам ҳали кўп яшаши керак. Ҳозирда Лазизанинг тўрт боласи ҳам отаси қарамоғида. Санжар ака эгизакларга энага ёллаб, чақалоқларнинг сунъий сутли ва қиммат озуқаси учун кеча-ю кундуз меҳнат қилмоқда. Санжар ака рафиқаси оғир аҳволда ётганига қарамай, умид билан унинг тузалиши ва фарзандлари ёнига қайтишини кутиб яшамоқда.

 

Хуршида КАРИМОВА, синглиси:

– Опамни шу аҳволда кўришнинг ўзи аянчли. Унинг тўртта фарзанди айни пайтда она меҳрига, эътиборига муҳтож. Бизнинг эса кутишдан бошқа чорамиз йўқ. Шифокорлар умид йўқлигини, фақат маълум вақт ўтгачгина у ўзига келиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

 

Санжар РАҲМАТУЛЛАЕВ,

хаста аёлнинг турмуш ўртоғи:

Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Биринчи операциядан сўнг аёлим билан хуш кайфиятда кўришган эдик. Унинг аҳволи назаримда яхши эди. Лазиза хушчақчақ аёл бўлгани учун, бироз ҳазил-ҳузул қилиб, у билан суҳбатлашиб ўтирдим. Рафиқам билан сўнгги маротаба гаплашганим шу бўлди. Шундан сўнг унинг ҳолати салбий томонга кескин ўзгаргани сабабли иккинчи марта операция қилишадиган бўлишди. Шифокорлар яна операция қилинмаса, аёлимдан ажраб қолишим мумкинлигини айтишгач, мен рози бўлдим. Афсуски, операция муваффақиятли ўтмадими ёки бошқа сабаблар борми, билмадим, Лазиза операциядан кома ҳолатида чиқди. Орадан 16 кун ўтгачгина, у кўзини очди. Аммо, унинг мия фаолияти жиддий бузилган эди. Чунки жарроҳлик амалиёти жараёнида Лазиза жуда кўп қон йўқотди. Шунингдек, бу вақтда унинг юраги ҳам бир неча дақиқага тўхтаб қолган эди. Шу вақт давомида бош мия жуда қонсизланади. Шифохонанинг ўзидаёқ шифокорлар Тошкентдан малакали ва тажрибали мутахассисларни чақириб турмуш ўртоғимни консилиум қилишди. Ушбу шифокорлар зарур бўлган барча дори-дармонларни тавсия қилиб кетишди. Чирчиқдаги шифохонада 43 кун ётдик. Шундан сўнг уни Оҳангаронга ўтказишди. Шундан бери аҳвол шу, ўнглангани йўқ.

 

Жўжабирдай оила бекаси бўлмиш Лазизанинг аҳволи қай томонга ўзгаришини эса кутишдан бошқа чора йўқ. Фақатгина яхши ниятлар қилиб, унга Оллоҳнинг ўзи шифо берсин, деб қоламиз.

Таассуфки, тез орада Оҳангарон туман тиббиёт бирлашмасининг Лазиза Каримова даволанаётган бино қисми таъмирлаш ишлари сабаб бутунлай ёпилиш арафасида. Беморнинг бундан кейинги аҳволи қандай кечиши ва уни қайси бўлимга ўтказиш бўйича шифокорлар бош қотиришмоқда. Ўйлаймизки, бу борада ҳам мутасадди ташкилотлар бир ечим топиб, Лазиза Каримовани махсус даволаш муассасасига ўтказишади.

 

Яна ўқинг:  Хавфсизликни таъминловчи қулф

Майна ҲАСАНОВА,

Тошкент – Оҳангарон – Тошкент

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: