Йўли топилди

(ҳажвия)

Байрамлар яқинлашди дегунча эркакларнинг рўзғор тўрваси оғирлаша боради. Нима бало, ҳар байрамда дастурхон безатиш шартмикан?!

Суннат пиён шундай хаёллар билан энди уйига кирган эди. Жуфти ҳалоли Зулфиябону тўтиқушга ўхшаб ҳар кунги гапини тағин такрорлади:

– Вой, дадаси, бир ҳафтадан буён қулоғингизга қуяман. Пинагингизни бузмайсиз-а?! Сиз ҳам бундоқ бошқа эркакларга ўхшаб байрамга тайёргарлик кўрсангиз. Ҳадемай Янги йил бошланади. Дастурхон безатишга ҳеч вақо йўқ…

– Эй! – Хотинини жеркиб берди Суннат пиён. – Бир қарич тилим бор деб оғзингга келганини айтаверасанми! Ҳозир ман-ман деган одам ҳам бозорга тушса эсини йўқотиб қўйиши ҳеч гапмас. Ҳов, бор-ку, сенга совчи қўйганда отанг “Мени камбағалга берадиган қизим йўқ” деб боплаб жавобини берган, ҳалиги қассоб…

– Шўлдирвой…

– Ҳа, баракалла! Ўша Шўлдирвойми, Пўлдирвойми кеча дўконма дўкон санғиб ароқ қидириб юрганди “Байрамни қуруқ ўтказамиз шекилли” деб. Сен эса мендан гина қиласан.

Хотини яна алланималар деб валдиради. Суннат пиён қулоқ ҳам солмади. Тўшаб қўйилган оппоқ кўрпа ичига кириб пиллага ўхшаб ўралиб олди. Негадир уйқуси келмади. Хотинининг жаврагани унга тинчлик бермади.

Тўғри-да. Эрта-индин Янги йил нишонланса. Байрамга тузукроқ ҳозирлик кўрилмади. Бозорга яқинлашиб бўлмаса. У кун чўтакка кирган мояна ҳам жойини топиб кетди. Шу топда бировдан пул сўраш уят! О-о-о! – Янги йил байрамини қандай ўтказсак экан-а. Тағин меҳмон келиб қолса-я?

Суннат пиён жиддий ҳолда ўйга толди. Ҳеч ўйининг охири кўринмайди.

Зулфиябону қаттиқ уйқуга кетган.

“Ур-ра! Ур-ра! Йўлини топдим!” – деган овоздан уйғониб кетди. Қараса, хўжайини кўрпа устида чордона қуриб олган. Зулфиябону қўрқиб кетди.

– Ҳа, ҳа, тинчликми? дея олди.

– Э, тезроқ турсанг-чи. Суюнчи бер, йўлини топдим.

– Нима топдингиз, олтин…

– Э, – бақириб берди Суннат пиён, – олтин ҳам гапми? Мушукка ўхшаб уйқусираганча гапимга қулоқ сол. Мен нима ғамда-ю, сен нима ғамда. Мана, яқинда Янги йил байрами. Шунга тайёргарлик кўриш керак.

– Хўш, нима демоқчисиз?

– Байрамни ташвишсиз ўтказиш йўлини топдим, деяпман.

– Қанақа йўл?

– Эсингдан чиқмасин тағин, – дея дона-дона қилиб, худди муҳим нарсани тушунтираётгандек хотинига уқтира бошлади Суннат пиён, – 30 декабрда беш болани ҳам олиб отангникига аразлаб кетасан. Мен эса эртаси куни сизларни олиб келгани, ярашиш учун бораман. Қарабсанки, Янги йилни ўша ерда кутиб оламиз.

Яна ўқинг:  Янги йилга янги уй

 

Абдулла АЙИЗОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: