Ватан туйғуси

Тинчликнинг яна бир тотли тонги отди. Қуёш шуълалари юзимда ўйнаб, ширингина уйқумни учириб юборди. Юртимда бошланган ҳар бир кун мен учун янада тотли, янада қадрли бўлиб бормоқда. Бунинг сабаби эса, мен анчадан буён қидириб юрган бир саволнинг жавобини топганимдан бўлса керак…

Ҳовлимиздаги айвон устунларига ҳар йили қалдирғочлар ин қўйиб, бола очади. Бутун мавсум уларнинг вижир-вижир айтган қўшиғини тинглаб ҳар тонгим отади ва куним ботади. Куз келгач, улар билан хайрлашиб, биз айвондан уй ичига кўчамиз, улар эса жанубга учиб кетишади. Қизиқ, жанубда, улар учиб борадиган ўлкаларда йил – ўн икки ой иссиқ ҳаво ҳукм сурса ҳам улар юртимизда кезган баҳор нафасини сезиб, яна ортга – қадрдон айвонидаги қадрдон инига қайтади. Жанубда эмас, шу айвонда бола очади. Уларни улғайтириб, учирма қилади. Қушларни ҳар йили шу ерга қайтиб келишига ундовчи куч нима? Нега айнан улар шу ерда бола очади? Ҳар ҳолда гап тўкинлик ва тўқлик сабаб эмасдир. Ахир тирик жон борки, яратган Эгам унинг ризқини қаерда бўлмасин бериб туради.

Амаким болаликдан бутун маҳалла аҳли фахрланиб юрадиган бола бўлган экан. Улғайгач, олий ўқув юртини тамомлаб ўзимизга қайтади, деб кексалар роса илҳақ бўлишган экан. Бироқ амаким институтни тамомлагач, парвозга шайдо қуш каби кенг уфқлар томон интилиш ҳиссини жиловлай олмай, бошқа мамлакатга омадларини синаш учун кетибди. Орадан яна йиллар ўтиб, улар ўзлари истаган мавқе, ўзлари истаган обрў-эътиборга сазовор бўлиб, олис юртнинг кўчаларида мағрур кезиб юрганларида ногаҳон қоқилиб тушибди. Жароҳатлари тез битган бўлса-да, қалбда пайдо бўлган ярага малҳамни фақат ва фақат она юртида топажакларини сезиб ортга бутунлай қайтибди. “Мана шу ўнқир-чўнқир, тош кўчаларда неча бор югуриб-елиб юриб бирор марта йиқилмадим, йиқилган бўлсам-да ҳеч ҳам малол келмаган экан. Фақат ўз ерингда ҳар бир дақиқада ҳаловат ва лаззат топишимни ўзга юртга борганда ҳис қила бошладим. У ерда каттиқ йиқилмадим, бироқ жуда малол келди, жудаям…” – дейди амаким.

Энди мени қийнаган саволга келсак, бу сиз учун оддийдек туюлиши мумкин. Ватан нима? Ватан қандай? У қаерда? Мен кўп китоблардан жавоб изладим. Шуни билдимки, бу саволга ўз қалбимдан жавоб топмас эканман, Ватанни ҳис қилиш бахтини менга ҳеч бир китоб ўргата олмайди.

Яна ўқинг:  Osmon yig‘laydimi, oyijon?

Яқинда бир ҳикоя ёздим. У ўзимга жуда ёқди, бироқ эҳтиётсизлик қилиб компьютер хотирасидан ўчириб юборибман. Мен ёзганларимни ҳеч қачон қоғозда сақламасдим. Кўпроқ компьютер хотирасига ишонардим. Кейин бу одатимдан жуда афсусландим. Ёзганларимни қайта хотирамда тиклашга уриндим, бироқ ҳар сафар киритган ўзгартишларим чиройли либосга “ямоқ” бўлиб тушар, бундан диққатим ошиб, миямдаги фикрлар худди тутун ва дуд ичида қолгандек бўларди. Шунда укам иш столимга икки дона атиргул узиб келтириб қўйди. Айтишича, унинг ҳиди менинг “илҳом париларимни” чақирар экан. Деразамни очиб юбордим. Ёзнинг дим ҳавоси билан тўлган хонага салқин ҳаво ва майин шамол кирди. Хонани гуллар иси тутиб кетди. Ким билади, бу дайди еллар қайси тоғ гулларининг ифорини ўғирлаб келган экан?!

Деразадан аста ташқарига, ҳовлимизга қарадим. Ариқчадан жилоланиб-жилоланиб оқаётган сувда тўлин ой акси кўринади. Ҳовли четидаги теракларнинг барги шамол билан рақсга тушар, кун бўйи чирқиллаб сайраб юрган маҳмадона чумчуқлар дарахт шохларидаги уясида ором олишмоқда эди. Майсазордаги чигирткалар ва ариқлардаги қурбақалар жўр овоз бўлиб, “оқшом симфонияси”ни куйлашмоқда. Оқшом ўз ўрнини ажиб тунга бўшатди. Буларни томоша қилиб иш столимдаги укам келтирган атиргулларни ҳидладим, шунақаям хушбўйки, унинг тасирида хаёлимга ажойиб фикрлар қуйилиб кела бошлади. Ниҳоят ёза бошладим…

Ватанни англашимга сабаб ана шу воқеа эди. Менинг хотирамдаги фикрлар, юрагимдаги ҳисларнинг уйғонишига сабабчи бўлган туртки нималигини ўшанда билмаган эканман. Йўқ, билмадим, буни ўша гулларнинг ифори деб ўйладим, бироқ бу гуллар ифори аслида она тупроқнинг менга етказган илҳомбахш муждаси эканини тушуниб етдим. Қучоғимга сиғмас юртимни кўз қорачиғимга жо этиб, энди қаерда бўлмай унинг тафтини, меҳрини ҳис қиламан. Уни гуллар ифорида, қушлар сайроғида, шамол қанотларида, ёмғирнинг бир томчиси, дарахтнинг ҳар бир баргида, сувнинг ҳар қатрасию қумнинг ҳар заррасида, она халқимнинг меҳр тўла нигоҳию қадоқ қўлларида сезаман. Бу ерда олган нафасим вужудимга ором беради. Ичган ҳар қатра сувим томирларимга ҳаёт бахш этади. Юрагимнинг ҳар уришида унга бўлган муҳаббатим учқунлари сачрайди. Ватан сизу бизга ҳаёт берган онамизниг бағридек тафтли, Ватан дунё қадар кенг-у, лекин кўз қорачиғига жо бўлган борлиқ, Ватан – жон томиримиз сув ичадиган ҳаёт булоғи, у қалбимизда, юрагимизда.

Яна ўқинг:  Tez аytishlar (2013-22)

Дилсора АБДУСАТТОРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: