ҚИШ ҲАҚИДА АНТИҚА ИНШО (ҳикоя)

Азиз икки кунки, қиш ҳақида иншо ёзиш билан банд. Икки кундан бери ёзгани атиги биргина қатор: “Қор ёғиб, дарахтлар ва ерлар оппоқ либосга бурканди…”

Устоз доим бир сўз билан сизни мот қилади. Устозга воқеа керак, воқеада эса маъно бўлсин, кишини ўйлантирсин…

Вазифа берилган куни хаёлида “шу ҳам иншо бўлибдими”, дея йигитча ўйга ботган, қани ёзолса. На воқеа, на қор, на ёмғир ва на совуқдан дарак бор. Ўйининг боши, охири кўринмайди. Ўтган йилги қишда чанаси билан қирдан думалаб кетган синфдошини эслади-да, воқеани бошқача тасвирламоқчи бўлди-ю, қувонганидан столнинг тортмасини титкилаб янги ручка қидира бошлади. Ана ручка ҳам топилди. Азиз қоралама дафтарига ёза бошлади.

Мана, коньки учиб бораётган бир бола сирпаниб, қияликдан пастга томон ағанаб кетди. Дўстлари эса уни пайқамай қолишди. Энди нима бўлади? Пешиндан кейин чиқиш керак эмас эди, ўзи. Ҳали замон қоронғи бостириб келса… юраги орқага тортди.

Одатда эртакларда қиш кунлари оч бўрилар овга чиқади. Бу ер шаҳардан ташқари жойлар бўлгач, қоронғи тушиши билан ҳамма уй-уйига кириб кетади. Совуқда, кўчада одамлар нима ҳам қиларди. Ана шунда мўъжиза содир бўлади. Олға кетган болалардан биттаси, масалан, Абдукарим. У жуда ҳам ҳушёр бола. “Биз ҳали, бошида ўнта эдик, ҳозир кимдир йўққа ўхшаяпти”, дейди у.

Ким йўқ, ким йўқ, деб бир сидра ҳаммалари бир-бирини йўқлашади. “Нодир йўқ-ку!” деб қичқириб юборишади болалар. Шундан кейин улар орқаларига қайтиб, қияликларни диққат билан кўздан кечирдилар. Пастда, ҳув ана, қари арчага суянганича биров ётибди. Бу, албатта, Нодир бўлиши тайин. Ундан бошқа ким ҳам бўларди. Болалар конькиларида “ғувиллашиб” пастга шўнғийдилар. Нодирнинг ўнг оёғи қаттиқ лат еган экан. У юролмасди. Қийинчилик билан бўлса-да, амаллаб етиб келишди. Нодирнинг онаси, бувиси аввало уни эҳтиётсизликда айблаб роса койишди. Кейин, омон келишганига шукр қилиб, болаларни алқай кетишди. Шунда Азиз, яхшиям етиб келдик, бўлмасам қашқирлар ҳужумига учрармидик, деганди Нодирнинг бувиси уни қучоқлаб, вой ҳазилкаш болам-ей, деб кулиб юборди.

– Ростдан ҳам қашқирлар йўқми?

– Эй, болажонлар, қашқир, тулки деганинг ҳозир отлиққа йўқ, ҳали-ку сизлар. Бўрилар бу ерларга келмайдиган бўлишган, узоқ-узоқларга бош олиб кетишган. Лекин сизлардан жуда хурсандман, барака топинглар, болаларим. Қани уйга киринглар, сизларни бир меҳмон қилай, ўзим, деди буви болаларни эркалаб.

– Энди уйга борайлик, кутиб қолишгандир, – деб болалар уй-уйларига тарқалишди.

Шундай қилиб, Азиз қиш ҳақидаги иншосини у ёқ бу ёғини тўғрилаб, оққа кўчиришга киришганида қулоғига қандайдир увиллашга ўхшаш овоз эшитилди. Наҳотки қашқирлар?! Ташқарида эса шамол увиллай бошлаган, гўё кечиккан қиш: “Мана, мен келдим, чиқмайсанми энди?”, дея дўқ қилаётганга ўхшарди. Ҳа, мана буни қиш деса бўлади.

 

Яна ўқинг:  ДЕФЕКТОЛОГЛАР СЕМИНАРИДА

Раъно РАҲМОНБЕРДИ қизи

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: