Қатралар

ДЎСТ

Кунлари тинч, шодумон ўтаётганида, атрофида одам кўп бўлди. Таниш-билиш, ҳамкасб, қўни-қўшни, қавму қариндош, дегандай. У бундан хурсанд эди. “Шукур, шунча дўстим бор, яқиним бор, бағрим бутун”, деб ўйлади ўзича.

Вақти келиб, осмонига булут тошди: ишлари ортга кетди, топишидан маза қочди, турмушидан ҳаловат. Ҳаёт уни синовларга рўбарў қилди. Бошини кўтариб, атрофидан нажот излади. Э воҳ, теграсида юрганлар, у яқиним, дўстим деб билганлар дарров узоқлашишди: ким ишини баҳона қилди, ким тирикчилигини. Ёнида туриб берадиган битта одам қолди. “Бошингни баланд кўтар”, деди. “Мен сен биланман”, деди. “Ҳали ҳаммаси яхши бўлади”, деди. Бурда нонини келтириб, баҳам кўрди, дардини бўлишди.

Дўст бошга кулфат тушганда билинишини шунда англади. Энди ҳаммани ўз номи билан таниди, атади: ким дўст, ким шунчаки таниш, ким эса бегона…

 

САБР

Танда куч бўлса, ҳаракатдан тинмайсан: нимадир қиласан, нимадир ясайсан, яратасан.

Қалбда ғайрат жўш урса, олдга дадил интиласан: бир мақсадни забт этиб, кейингисига қараб, тик бораверасан.

Кўзларингда ўт чақнаса, атроф ёруғ кўринади: олам нурафшон, нигоҳинг яйраб, ўзингни бахт­ли ҳис этасан.

Бошингга иш тушса, қалбинг дард чекса, ўзингни бирор мушкулот қаршисида ноилож сезсанг, куч сени тарк этади, ғайрат сўнади, кўзларингдаги ўт ўчади. Энди нав­бат сабрга келади: у сенинг қўлингдан тутади, елкангдан суяйди, вужудинг­га дармон, кўнглингга қувват беради. Косасида мазаси тахиру давоси ширин дори тутади. Қултум-қултум ютасан, дардинг арийди, қаддинг тикланиб, кўзларингга нур қайтади.

Сабр – Раҳмондан, деганлари бежиз эмас…

 

ЙЎЛ

У олис манзил сари бир қадам қўйди. Сўнг тўхтаб қолди. Қаршисида ястанган ўнлаб-юзлаб йўллар, сўқмоқларнинг қай биридан юришни билмай, тараддудланди. Ўз йўли бўлишини истади. Кимнингдир тайёр йўлидан юришни, мақсадга осон етишни истамади.

Ўйлаб-ўйлаб, ахийри, ҳали ҳеч ким юрмаган жойдан йўл солди. Юраверди, юраверди. Олдидан чиққан тўсиқлардан минг машаққат билан ўтди. Йўлини тўсган чакалакларни очди, деворларни йиқди. Заҳмат чекканига ҳам, чарчагани, ҳолдан тойганига ҳам парво қилмади. Мудом олға интилди, ортига қарамади, тўхтамади.

Бу йўл унинг умр йилларини ўзига олди, домига тортди. Йўл аввалида ёш эди. Йўл сўнгида сочлари оқарди, кексайди. Ахийри, бошлаган йўли уни ўзи истаган ёруғ манзилга – асл мақсадига етказди.

Яна ўқинг:  Жавоҳирлар сандиғидан

Шунда тўхтади, тин олди, ортига ўгирилди. Қаради-ю, юраги қувончдан, бахтдан тошиб кетгандай бўлди: у бошлаган йўлдан минглаб одамлар келаётганди…

 

ҲАКАМ

Биров бир гапни айтди, бошқаси яна бир гапни. У буни тўғри деди, бу бошқасини. Талашишди-тортишишди. Ҳар ким ўзи айтганни маъқуллади, биров у ёққа тортди, биров бу ёққа. Оқибат, нима тўғри, нима нотўғри – билиб бўлмади. Ҳар ким билганича иш тутди.

Орага вақт қўшилди, фурсат аралашди.

Ҳаммасини шу ҳакам жой-жойига қўйиб берди. Нима яхши, нима ёмонлигини кўрсатиб, исботлаб берди.

Зеро, у энг олий ҳакамдир…

 

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: