Муҳаббат аслида…

Улар бир-бирларини кўрмай, билмай, тақдир тақозоси-ю ота-она ризолиги билан турмуш қуришди. Жуда яхши яшашди. Ҳаётлари тинч ва осуда ўтди.

Баъзан тортишиб қолишса-да, зум ўтмай эсдан чиқаришди. Бировдан кўп, бировдан кам бўлишмади. Борига шукур қилишди. Болаларнинг дунёга келиши ришталарни мустаҳкам этди.

Иттифоқо эрнинг янада яхшироқ яшагиси келиб қолди. Оиласини янада бахтиёр кўргиси келди. Ишга отланди. Узоқроқ жойга. Аёли, болалари термулиб қолди…

Аёл ошхонага кирса ҳам, қўшниникига ўтса ҳам қўлида телефон. “Дадаси қўнғироқ қилиб қолиши мумкин”, – дейди ҳар икки гапнинг бирида.

Турмуш ўртоғи қўнғироқ қилиб қолган пайтлар юзлари яшнаб, қизариб кетади. “У киши қўнғироқ қилди, – дейди қувончини ким биландир баҳам кўргиси келиб. – Соғ-саломат ишлаётган экан. Ноябрда қайтаман, деди”.

Кейин оҳиста қўшиб қўяди:

“Қачон ноябрь келаркин?”

Турмуш ўртоғи қўнғироқ қилавермаса, аёл фаромуш аҳволда бир нуқтага термулиб, хаёлга чўмиб қолганини ўзи ҳам сезмай қолади.

Аёлни кузатиб турарканман, хаёлимдан бир ўй кечди:

Муҳаббат деганлари жуфтинг, дилбандинг ёнида қаноат билан яшаш эмасми, аслида?

 

Лола ЎРОҚОВА

Яна ўқинг:  Миллий олимпия қўмитасида семинар бўлиб ўтди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: