Менинг почтачи жўрам

Умрнинг ўтиб кетган бебаҳо лаҳзаларини, пайти келиб, тилло бериб ҳам тополмайсан, дер эди бобом. Бу сўзнинг нақадар қадрлилигини йиллар ўтиб борган сайин фаҳмлаяпман. Болалик чоғларимда хотирамда муҳрланиб қолган Мустафоқул исмли қўнғир отли почтачи жўрам бўларди. Ёши отамдан-да каттароқ у одамга нега бу қадар меҳрим тобланганлигини ҳанузгача англаёлмайман. Остида салобатли қўнғир от, хуржунининг икки кўзи тўла газета-журнал ҳар бир хонадон эшиги олдида от қадамини секинлатади. Мустафоқул ота дафтарини очиб, кўз югуртиради. Ҳа, бу тарих фанидан дарс бергич Сармесов домла хонадони у дунёнинг барча ахборотларидан хабардор одам. Жуда кўп китоб ва газета ўқийди. Дунёнинг қайси бурчагида нима бўлаётганидан илк бор Сармесов домла хабар топади. Шунинг учун ҳам газетанинг кўпини у олади. Ҳозир ҳам бир қучоқ газета олди. Унинг уйидан икки уй нари Шаҳрон чавандознинг хонадони. Уни биз томонларда ҳамма танийди. Номи чиққан машҳур чавандоз. У улоққа кирганда жонини гаровга қўйиб бўлсада ғолиб чиқишни ўйлайди.

У ғирт саводсиз одам. Почтачи жўрам унинг эшиги олдида ҳам секин тўхтайди. Шаҳрон чавандоз газета ўқиёлмаса ҳам бир-иккита газетага обуна бўлиб қўйганди.

– Гоҳо олов ёқиш учун бир парча қоғозга зориқамиз, – дейди. У илмнинг тафтида исинишни хуш кўрадиган одам…

Мана бу бизнинг уйимиз, жўрамнинг келадиган вақтини билганим боис, йўлнинг бир четида унинг келишини пойлаб ўтирибман. Отам китобхон одам бўлгани боис, жуда кўп газета-журналга обуна бўлган. Айниқса, менга паншахали “Муштум” журнали ёқади. Унинг ичидаги суратларни мароқ билан томоша қиламан. Почтачи жўрам хуржундан бир даста газет ва журнални қўлимга тутқизади. Негадир унинг хуржунидан кўзимни узмай туравераман. Сўнг жўрамдан яна биттагина журнал беришини илтимос қиламан. У ҳеч иккиланмай, иси нондек анқиб турган “Гулистон” журналини қўлимга тутади. Кейин отининг жиловини бўшатади. Қўшнимизнинг ўғли Бахтиёр менинг ҳаракатларимни кузатиб тургани учун у ҳам почтачидан журнал сўрайди. Негадир жўрам ўзини эшитмаганга олиб кетаверади.

– Ахир бунга бердингизку? – дейди Бахтиёр дарғазаб бўлиб.

Почтачи мамнун жилмайиб:

– У менинг жўрам бўлади, – дейди…

Орадан йиллар ўтди. Менинг Мустафоқул жўрам нафақага чиқиб, қишлоғимиздан олисларга кўчиб кетди. Мен уни бошқа кўрмадим. Қишлоғимизда ҳамма уни яхши кўрарди. Ўзиям жуда беозор одам эди…

Яна ўқинг:  Ғаройиб пластир яратилди

Кейин анча пайт қишлоқда отам почтальонлик қилди. Энди барча газета-журналлар бизникига келадиган бўлди. Бутун бошли оила уни тахлаш билан андармон бўларди. Отам отда, биз акам билан иккита ҳангида хуржунларга тўлдириб газета-журнал соламиз-да, уни тарқатиш учун қишлоқ оралаймиз. Ҳар бир хонадонга матбуот кириб боради. Менинг зиммамга кўпроқ “Шарқ юлдузи” журналини тарқатиш тушарди. Уни тарқатиш ниҳоятда қийин, залворли. Журналдан эшагим ҳам инқиллаб юради. Ҳар куни аҳвол шу. Оилада маош оладиган биргина отамга бутун бошли оила аъзоларимиз кўмаклашади. Бошида иккита қишлоққа газета тарқатардик. Сўнг масъулиятимиз ошиб, тўртта қишлоқни забт этдик. “Ҳаш-паш” дегунимизча орадан етти йил ўтди. Биз ўз касбимизнинг устасига айландик…

Бир куни отам уйга кайфиятсиз кириб келди. “Сариосиё ҳақиқати” газетасида “Ялқов почтальон” сарлавҳаси остида отамни танқид қилишибди. Мақола муаллифи оддий бир тракторчи. Эмишки, биз газеталарни ўз вақтида эгалари қўлига етқазиб бермас эканмиз. Отам қаттиқ ранжиди. Биз кўмакчиларнинг ҳам кўнглимиз хуфтон бўлди. Тинимсиз “Шарқ юлдузи” журнали ташиган эшагимга ачиндим. Бор-йўғи 70 сўм маош учун оиладан етти-саккиз киши сарсон-саргардон юрамиз. Мана унинг берган ҳосили, хизматимиз сувга оқди. Раҳмат ўрнига…

– Керак эмас иши, – деди отам асабийлашиб, – эртанинг ўзида аризамни ёзиб бераман. Кимгадир ўрним керак бўлгани учун бўҳтон қилишибди. Биз ҳаммамиз мулзам бўлиб қолдик. Ҳар куни хонадонимизда ўзининг турфа хил ранги, туси, иси билан жилоланиб келадиган газета ва журналларнинг бирдан изи ўчди. Отамнинг айтган сўзи чин чиқди. Унинг ўрнига почтачи бўлган одам отамни ёмонлаган ёзувчининг оғайниси эди. Ўшанда илк бор митти қўлчаларим муштга айланди. Икки йил сабр қилдим. Янги почтачининг янги сирлари очилди. У кўпинча газета-журналларни уй эгасини хабардор қилмай кўча эшиги олдида ташлаб кетаверарди. Натижада газетахонлар кўзини шамғалат қилган очофат молларга худо беради. Икки ямлаб, ютиб қўяди.

Ўшанда 7-синфда ўқиб юрган кезларим эди. Илк бор қўлимга қалам олиб, “Сариосиё ҳақиқати” газетасидан ҳақиқат сўрадим. Отамга ноҳақлик қилганларга, ҳақиқатни эслатдим. Уларнинг ўзлари масъулиятсиз эканлигини ошкор қилдим. “Билмасангиз, билиб қўйинг!” номли мақолам газета юзини кўрди. Мақоламни ўқиб, ичига ўт тушган почтачи менинг кимлигимни билмай, роса қидирибди. Бирдан номим тилга тушди. Почтальон мен ҳақимда ёмон сўзлар айтибди. Эшитиб, анча вақтгача ундан қочиб юрдим. Сўзнинг залворини, почтачиларга ҳам енгил тутиб бўлмаслигини ўшанда билгандим.

Яна ўқинг:  Kulgu-shifo (2015-26)

Бугун эса ўзим ҳам газеталар оламига шўнғиб ишлаяпман. Тез-тез матбуотларда чиқиш қилиб тураман. Мақолам чоп этилган газета ва журналларни қидиришга тушган чоғимда болаликдаги почтачи жўрам ёдимга тушади. Почтальон отамнинг ҳар бир нашрни авайлабгина тахлаб, ўқувчига етказишларини эслайман. “Шарқ юлдузи” журналини ташишдан армоним қолмай, ҳангини йўрғалатиб юрганларим ёдимга тушади…

У кун “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида мақолам чиққанини эшитиб, газета сотадиган дўконга югурдим. Дўкончи елкасини қисиб деди:

– Сотувга келмаяпти.

Кейин яна бир неча дўконларни қидирдим. Ҳеч ерда йўқ. Охири Миллий театр ёнидаги газета дўконидан топдим. Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур тумани бўйича битта адабиёт газетаси топилмаганига ҳайрон қолдим. Нега шундай? Ҳар бир туманда қанчадан-қанча адабиёт ва санъатга дахлдор киши бор. Улар наҳот газета ўқимайди? Адабиёт ўқитувчилари-чи? Ҳеч бўлмаса улар ҳам, юқорида номини тилга олганим саводи йўқ Шаҳрон човандоздек илмнинг тафтида илиниш учун биттагина газета олишса ёмон бўлмасди. Балки бугун матбуот, одамлар дилидагини чиқариб беролмаётгандир.

У кун қишлоғимга бордим. Умри далалар қучоғида кечган дўстим Сафар Ражабовни учратдим. У ҳануз далани тарк этмабди. Қишлоқ ҳаётидан завқланиб гапирди. Унинг беғубор дунёсини “Қишлоқ ҳаёти” газетасига ёзмоқчи бўлдим. Ёздим, сўз юрагимдан қуюлиб келди. Мақоламни олиб, газетага чопдим…

Бугунги кун ўқувчисини ҳайратлантириш қийин. Улар бир хилликдан чарчади. Негадир кўпгина нашрлар бир-бирига тақлид қилишяпти. Овози йўқ газета кўпайди.

Кўпларининг қамрови паст. Шунинг учун донғи чиқмайди. Ижодкорларимиз воқеани ҳаётданмас, интернетдан кўчиришга ўрганди. Уларга раҳмим келади. Қўрқмай бировларнинг сўзи остига ўз исмини қўяди. Мақсад “қалам ҳақи” олиши керак. Ҳаёт ўзининг ранг-баранглиги билан кундан-кун жилоланиб бораяпти. Тўқсон билан юзлашган Носирхон ота қирда яратган беҳисоб лалми боғлари томон кўз тикиб, юқорига кўтариляпти. Кимдир Фарҳоддек дарёлар йўлини очиб, сув келтирмоқда. Эски кетмонларнинг ҳузурбахш навоси ниҳолларга жон бағишлаяпти. Шаҳар ва қишлоқларимиз кундан-кун заҳматкаш элимиз меҳнати ила обод бўлиб боряпти. Биз ижодкорлар сўзни нондек қадрлайдиган элимизнинг бебаҳо хизматини ифодалайдиган асарлар яратишимиз керак…

– Ука “Онамизни йиғлатган китоб” номли мақоламни ўқидингми? – дея сўрайман укам Жаббордан.

– Қайси газетада? – дейди у.

Яна ўқинг:  БИР КОСА СУТ

– “Китоб дунёси”да. Укамнинг дами ичига тушади. Бир зум ўйлаб, дейди:

– Ака “Ҳордиқ”қа ёзинг. Биз томонларга сиз чиқадиган газеталарнинг кўпи келмайди. Қидириб эсимиз кетади. Туманимиз марказида бир жойда “Ҳордиқ” ва “Даракчи” газетаси сотадиган хола бор…

Кўз олдимда беихтиёр болаликдаги қўнғир отли почтачи жўрам намоён бўлади. Унинг хуржунидаги ранг-баранг газета-журналларнинг иси димоғимни қитиқлайди. Отамнинг “сен ўзинг ақлли боласан, буни эгаларига авайлабгина етқазгин” дея хуржунимга тўлдириб берган “Шарқ юлдузи” журналининг залворини ҳанузгача унутолмайман. Қани ҳар битта қишлоқда биттагина газета дўкони очилса-ю, унинг ичи газета-журналлардан тўлиб турса. Менинг олис қишлоқдаги укам Жаббор маза қилиб газета ўқиса, унинг савобига нима етсин!

АХТАМҚУЛИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: