Жасорат

– Кейин ботир ўғлон қўлида қиличини маҳкам тутганича, сакраб тулпорига минибди ва ўша даҳшатли аждаҳо макон тутган кенг дала сари йўл олибди. Кўзлаган манзилига яқинлашган сари қаршисидан таралаётган жазирама иссиқликка чидай олмабди. Қаердадир ёнаётган олов тафтидан ўғлоннинг кийимлари тердан жиққа ҳўл бўлибди. Эгнидаги совути борган сари оғирлаша бошлабди…

– Аяжон, совут нима дегани?

– Совут – жанг маҳали кийиладиган, темир симдан тўқиладиган, ўқ ўтказмайдиган кийим, қизим!

– Давоми, аяжон! Давомини айтинг, – ичи тошиб кетгудай бўлади олти-етти ёшлардаги боланинг. Сўнг синглисини уришиб беради:

– Ҳадеб савол бераверасан, кечаям шундай қилгандинг. Аввал эшитгин-да охиригача…

– Бўлди, бўлди, Азамат! Тушунмаган сўзни сўраган яхши-ку, болам! Ўзинг ҳам илгари шунақа қилардинг, нима, эсингдан чиқдими? – кулиб болаларини тинчлантиради она. Сўнг эртакни келган жойидан давом эттиради:

– Ботир тишини тишига қўйиб, олға бораверибди. Аждаҳонинг манзилига яқинлашиб қолганида унинг тулпори бутунлай ҳолдан тойибди, иссиқ тафтга дош беролмай йиқилибди. Ботир ўғлон пиёда йўлида давом этаверибди, этаверибди. Минг бир машаққатлар билан аждаҳонинг ёнига етиб борибди. Кенг далани ёлғиз ўзи эгаллаб, улкан гавдаси билан қуёшни тўсиб ётган уч бошли баҳайбат аждаҳо ўғлонни кўриши биланоқ ғордай оғзини ланг очибди-да, душманига олов пуркай бошлабди. Ботир ўғлон ўқ ўтмас, ўтда куймас қалқонини пана қилганича, қиличини тик ушлаб, душманга қарши дадил бораверибди. Пайт пойлаб туриб, аждаҳонинг битта бошини сапчадек узиб ташлабди. Олов пуркашдан тўхтаган аждаҳо шиддат билан ботирга ташланибди ва улар ўртасида тенгсиз, омонсиз жанг бошланибди. Жанг роппа-роса уч кеча-ю уч кундуз давом этибди. Охир-оқибат эса жангда ботир ўғлоннинг қўли баланд келибди. У халқини ёвуз душмандан халос айлабди…

– Зўр экан-а, ая? – ҳаяжон билан дейди Азамат. Синглисининг кўзларида эса ҳайрат учқуни порлайди. Жажжи кўнглидаги савол тезда тилига кўчади:

– Ая, ўша ботир ўғлон шундай катта аждаҳодан сираям қўрқмабдими?

Азаматнинг жаҳли чиқиб кетади:

– Э, нега қўрқаркан? Ахир, у ўғил бола-ку! Тўғрими, ая? Ўғил болалар қўрқмаслиги керак, а?!

Фарзандларининг тортишувига она нуқта қўяди:

Яна ўқинг:  Икки қош ораси

– Ҳа, тўғри, ўғил болалар жасур бўлишлари лозим. Эртакда буни ёзишмабди-ку-я, ким билсин, балки ўша ботир ўғлон бироз қўрққан, ўз жони учун ташвиш чеккан бўлиши ҳам мумкиндир. Лекин унинг ортида турган одамлар – ота-онаси, оиласи, ёр-биродарлари, ҳамюртларининг унга билдирган ишончи ботир ўғлонни чекинмасликка, қўрқувни енгишга мажбур қилгандир… Ботир ўғлоннинг бу иши нима дейилади, биласизларми?

– Қўрқмасликми?

– Ботирликми?

– Бунинг номи – Жасорат…

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: