Илм ва китоб: эгизак тушунча

Иккинчи синфда ўқирдик. Бизга Салби момо деган кекса ўқитувчи дарс берарди. У киши билимдонларимизни ўзига хос рағбатлантириб, ишёқмаслик қилиб дарсларга бўш тайёргарлик кўрганимизни гап билан изза қиларди. Муаллимамизнинг биргина дашномини эшитган ўқувчи эртасига тубдан ўзгарар, туни билан мижжа қоқмай чиқса ҳам дарсларга бурро-бурро жавоб берадиган бўлиб келарди ва устознинг таҳсинига сазовор бўларди:

– Мана, ўқиса бўларкан, илм дунёси ҳеч кимга панд бермаган, яхши ўқиган, яхши яшайди, ахир алломаларимиз “Илм ўрган, илмда кўп сир, ёпиқ эшикларни очар бирма-бир” деб бежиз айтмаган.

Мен синфнинг аълочиларидан эдим, ҳатто ҳали ўтилмаган мавзуларни ҳам ўрганиб келиб, ўқитувчимизни ҳайратлантиришга уринардим.

– Бу мавзуни ўрганиб келганинг яхши, аммо бироз шошилма, ҳаммасининг ўз ўрни бор, илм дунёсига сакраб-сакраб кирилмайди. У сирли эшикларини шошқалоққа эмас тинимсиз ўрганган, изланган кишигагина очади, – дерди муаллимамиз.

Бир гал нимадир бўлди-ю, навбатдаги дарсга бироз кечикиб кирдим. Тўғриси кечикиш, муаллимамнинг дилини оғритиш ниятим йўқ эди. Лекин синфдошларимдан бири танаффус чоғида уйига бирга бориб келишимни сўраганида рад қилолмагандим. Биз уч киши эдик, ўқитувчимиз ҳар биримизни синчков нигоҳдан ўтказди, менга тикилганча:

– Хўш-ш, сенга нима бўлди, нега кечикдинг?

Пастга қараб нималарнидир минғирладим, баҳона ахтардим шекилли. Бошда меҳр билан гапирган ўқитувчимиз кўзларида ногоҳ қаҳр учқунларини илғадим, қўлидаги тол чивиқ билан юмшоқ жойимга майингина туширди, гуё калтагида ҳам меҳр бордек эди:

– Бу ёлғон гапиришга уринганинг учун, бошингга қилич келса ҳам ўтрик сўзлама, бор жойингга ўтир, бошқа такрорланмасин.

Ўшанда ўқитувчимдан бироз кўнглим қолганди, “нега мени…” деган савол ўрмалаганди дилимда. Орадан йиллар ўтди, устоз билан ҳамкасб бўлиб ишлаш ҳам, раҳбарлик қилиш ҳам насиб этди менга. Салби момо ёши етмишдан ошганда ҳам кузойнак тақиб тинимсиз китоб титкиларди, биронтамизнинг қўлимиздаги янги китобга кўзи тушса албатта олиб мутолаа қиларди.

– Илм ва китоб эгизак тушунча, қанча кўп ўқилса шунча кўп англанади, – дерди у киши “кекса одамга китоб ўқиш нега керак” қабилида ҳайрон қолганимизни кўрганида.

Бу одати билан гуёки бизга “илмнинг сўнгги нуқтаси йўқ”лигидан сабоқ бергандек бўларди. Умрининг олтмиш баҳорини жажжи ўғил-қизларни илм бўстонига етаклашга бағишлаган устоз вафот этганида таъзия маросими қатнашчиларини кузатарканман беихтиёр қишлоғимиз тағин бир маънавий устунидан ажралганини ҳис қилдим.

Яна ўқинг:  Маърифат гулшанин офтоби

А. ЯНГИБОЕВ тайёрлади.

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: