БИР КОСА СУТ

Ховард мактабдан бўш пайтлари уйма-уй юриб нарса сотадиган фақир бир бола эди. Бугун эшикма-эшик қанча чопмасин, ҳеч нарса сотолмади.

Қорни очиб, ҳолдан тойди. Чўнтагидаги ўн цент эса ҳеч нарсага етмасди. Ноилож навбатдаги уйдан бирор егулик сўрашга қарор қилди. Афсуски, эшикни ёш қиз очди. Ховард уялиб, аранг сув сўради. Болакайнинг оқариб кетган юзи, қуруқшаган лабларини кўрган қиз унинг оч қолганини сезди. У сув эмас бир коса сут олиб чиқди. Ҳовард сутни ҳўплаб-ҳўплаб ичди, сўнг:

– Неча пул бўлади? – деб сўради.

– Онам қилган яхшилигинга пул олмагин деб ўргатган, – майин жилмайди қиз.

– Минг раҳмат, – деди Ховард секин орқасига буриларкан.

Йиллар кетидан йиллар ўтди. Ховард мактабни, сўнг лицейни, кейин эса университетни тамомлади…

Бир куни Жон Хопкинс номидаги университетнинг Тиббиёт факультетига қарашли онкология бўлимига оғир беморни олиб келишди. Бу машҳур тиббиёт даргоҳининг таъсисчиларидан бири ўша болакай Ҳовард Келли эди.

Шифокор Келли беморнинг маълумот варақасини кўздан кечираётиб хаяжонга тушди. Хотирасида болалиги ўтган кўчалар, машаққатли кечмиши жонланди. Кўрикка кирган шифокор беморни бир кўришдаёқ таниди. Бу аёл узоқ йиллар олдин унга сув ўрнига сут берган ўша меҳрибон қиз эди.

Келли бор маҳоратини ишга солиб, даволашни бошлади. Ниҳоят мўъжиза рўй берди. Бошқа шифокорлар аллақачон ҳукмни чиқариб қўйган аёл оғир дарддан фориғ бўлди.

Шифохонадан жавоб бериладиган куни аёлни даволаш билан боғлиқ барча харажатлар ёзилган қоғоз раҳбар – Ховард Келли ҳузурига олиб кирилди. Шифокор ҳисоб қоғозига алланималар ёзиб уни аёлга юборди. Бу сингари даволаниш жуда катта пул туришини яхши билган аёл унга қўрқа-писа кўз ташлади.

Бироқ, ҳақиқатан ҳам ўн минг долларлик рақамлар ёзилган қоғоз остида шифокор Келли имзоси билан шундай изоҳ ёзиб қўйилганди:

“Харажатлар бир коса сут билан тўлаб қўйилган”.

 

Рус тилидан Зуҳра УМАРОВА таржимаси

Яна ўқинг:  Нега бахтдан йиғлаймиз?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: