Бахтнинг янги қирраси

Бекатда тургандим. Узоқдан кекса ёшли бир аёл кўринди. Унга қарадим-у юрагим “гупиллаб” уриб кетди. Холанинг юриши, бўй-басти қуйиб қўйгандек онамга ўхшарди. Онахон ёнимга келгач, шошиб-пишиб салом бердим. Кўзларида меҳр қалқиган кўйи саломимга алик олди. Шу пайтда аксига олиб бекатга кутаётган автобусим келиб тўхтади. Мен тезда холага қарадим. Хайрият у ҳам автобус томон юрди. Мен эса ортидан эргашдим. Автобусга чиққач, салонни кузатдим. Орқароқ қаторда бўш жой бор экан. Лекин холани ёлғиз қолдиргим келмади ва унинг ўриндиғи тепасида туриб олдим. Хола бошини кўтариб менга қаради. Кўзёшларим ўзимга бўйсунмасдан аллақачон юзимга оқиб тушишга улгурганди. Онахон ўриндиқ тутқичида турган қўлимдан ушлади.

– Дардинг янгими, болам? – сўради у шикаста овозда.

– Ҳа.

– Онангми?

– Ҳа.

– Бетобмиди, қарадингми?

– Ҳа, қарадим. Лекин волидам кўп ётмади. Бизни қийнамади.

– Ёлғиз боламисан?

– Йўқ, иккита опам, акам бор.

– Улар ҳам онангни ёнидамиди, сўнгги йўлга бирга кузатдингларми? – деди аламли оҳангда.

– Албатта-да, – дедим унинг саволидан сал хафа бўлиб.

Онанг бахтли экан, – хўрсинди аёл, – сен ҳам бахтли экансан, болам.

Ие, бу қанақа ғалати кампир, шундай онамдан ажралиб қоламан-у яна бахтли бўлармишман! Хола нигоҳимдаги норозиликни пайқаб, “уҳ” тортди-да, бошини афсус билан чайқади. Кейин сокин овозда гап бошлади:

– Болам, ҳар бир она Яратгандан “фарзанд доғини кўрсатма, болаларим орқамда қолсин. Ўғлимга қабрим устига бир кафт тупроқ ташлаш насиб қилсин”, деб сўрайди. Онанг ниятига етибди. Бу дунёдан бола-чақаси ҳузурида хотиржам кўз юмибди. Менда ана шу хотиржамлик, бахт йўқ болам. Кечалари Аллоҳга нола қилиб чиқаман.

Шу чоқ ёнимизга чиптачи бола келиб, йўл ҳақини сўради. Хола ранги униқиб кетган латта сумкасини титкилаб, пенсия дафтарчаси билан ҳамёнини топгунча мен иккаламиз учун ҳам пул тўлаб юбордим.

Хола хижолат тортди. Кейин дуо қилди. Ҳикоясини келган жойидан давом эттирди:

– Менинг ҳам бир қиз, икки ўғлим бор. Уч йил бурун бир ўғлим касалга чалиниб, вафот этди. Иккита боласи чирқиллаб қолди. Мен ҳозир шулар билан бирга яшайман. Келиним ёмон эмас. Ҳар ҳолда бир коса иссиқ овқатим тайёр. Катта ўғлим Россияда, ўша ердан уйланган. Онаси борлиги эсида ҳам йўқ. Қизим Туркияда. Қизини узатганда қарзга кирган. Ўша пулни топгани кетган. Телефон қилиб туради, ўзича у-бу нарса юборган бўлади. Шу ёшимда менга нарсаси керакми, болам. Бир бурда нонга қорним тўяди. Қизим ёнимда юрса дейман, сирдош бўларди, дардкаш бўларди. Тунлари ёнимда эш-қўш бўлса қанийди. Эртага кучдан қолиб келганда мен борманми, йўқманми, қаерда қолади. Эри аллақачон бошқасига уйланиб олган. Шуларни ўйласам, ёмон бўлиб қоламан. Шунинг учун сенга, онангга ҳавасим келди. Онанг қандай бахтли аёлки, жигарбандлари тепасида парвона бўлибди, тобути тепасида “вой, онамлаб” йиғлабди. Ўғли бел боғлаб, хассакашлик қилибди. Сўнгги йўлга ўзи кузатибди. Она учун бу бахт, қизим. Сен йиғлама, онангдан ҳам, унга шундай чиройли умр, бахт берган Аллоҳдан ҳам рози бўл. Шу чоққача улар ёнингда бўлибди. Энди ҳам ёлғиз эмассан – эмикдошинг опанг бор, суянганинг аканг бор.

Яна ўқинг:  Оқибат

Холанинг сўзларидан эриб, кўзимни юмдим. Шундоқ ёнгинамда онам пайдо бўлди. Унинг таниш ифори димоғимга урилди. Уч ойдан буён вужудимни эзиб келган соғинч азоби қалбимни тарк этгандай эди. Ич-ичимдан шу чоққача ўзим сезмаган бахтнинг янги қиррасини кўрсатиб берган нотаниш аёлдан миннатдорлик ҳиссини туйдим.

 

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: