Реклама

“Ана, Рисолатнинг эри…”

Беш йил аввал…

“Дадаси, ана, чопиққа чиқма, дейсиз, кеча Жума фермер уч юз минг сўм берди. Шу пулга иккита қўзи олиб боқмоқчиман. Кузда сотсам, пулини шифернинг пулига қўшиб қўяман. Яна қирқта жўжа ҳам очирдим. Буёқда сигиримиз туғади яқинда… Бу йил Худо хоҳласа, томни ёпиб олармиз. Чакканинг тагида қишламаймиз энди… Худога минг шукур. Кимдан камимиз бор? Ана, Рисолатнинг эри…”

 

Уч йил аввал…

“Олий маълумотлиман, домулламан, деб кўкрак кериб юраверсангиз, биров бир сўм берадими? Бир миллион сўм ойлигингизга рўзғор ўтмайди-ю, орттириб бўларканми? Ана, Рисолатнинг эри у ёқда икки йил ишлаб, участкасини қаср қилиб олди. Эртадан кейин қайнингиз Питерга кетаяпти. “Поччамниям менга қўшиб юборинг, йўл пули мендан”, – дейди. Ҳатто жигарингиз ҳам бундай яхшилик қилолмайди. Гап шу! Кетасиз, дедимми, кетасиз! Менинг ҳам қанчадан-қанча орзу-ҳавасим бор…”

 

Бир йил аввал…

“Алло! Қанча жўнатдингиз? Беш юз доллар ҳам пулми? Ана, Рисолатнинг эри… Э-э-э, мен билмайман, йиғиштиринг баҳонани… Ўтган ойнинг пулими? Ҳа, тилла “тросс” олдим. Жума фермернинг хотинидан кам жойим борми?”

 

Олти ой аввал…

“Нима, мен далага, чопиққа чиқаманми? Мен-а? Ковушимнинг пулини берадими? Нима, қайтаяпсиз? Шундай ишни ташлаб-а? Буёқда нима бор? Яна юрасиз-да фермернинг ерида судралиб… Нима, мазам бўлмаяпти? Буёқда қизингизнинг тўйи бўлай деб турипти… Шунинг учун уйга чопиб келиш шартми? Ўша ерда даволанаверинг… Ана, Рисолатнинг эри…”

 

Кеча…

“Ука, нималар деяпсан? Нима бўлди поччангга? Қандай тушиб кетади? Алло, алло… Иккинчи қаватдан?! Синди? Оёқми? Кўзларингга қарасанглар бўлмайдими? Э-э-э, эркак кишиям шундай латта бўладими? Тузукми, ўзи?! Иш жойидан товон пули беришарканми? Нимага энди… ана, Рисолатнинг эри…”

 

Нуриддин ЭГАМОВ

Яна ўқинг:  Мардона қўшиқ
Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: