“Алдашни ўргандим”

0
19
марта кўрилган.

Қўнғироқ чалингач, ўқувчилар папкаларини елкаларига осиб, уйларига йўл олди.

– Эртага айлангани чиқишимиз керак экан, – Анвар саломни ҳам унутиб, эшикни очган онасига шошилиб гапирди. – Устозимиз айтди, агар иншо ёзиб бормасак, икки қўяркан.

– Яхши, яхши, – ошхонага қайтди Малоҳат, – тез кийимларингни алмаштир, овқатланамиз.

Кечқурун ишдан келган дадасига ҳам онасига айтганларини такрорлади. Буни эшитган ота бошини қашлаб, Малоҳатга имлади:

– Ана, ойинг билан айланиб келасизлар.

– Яна менми? Ўтган сафар ҳам бормагандингиз…

– Ўзи бир кун дам олсам… жуда чарчаганман.

– Менинг эса мазам йўқ. – Аёл бошига танғиб олган рўмолга имо қилди, – бошим тарс ёрилай деяпти…

Азизбек иккисига мўлтираб турган ўғлига қаради:

– Хўп, мана, ёнимиздаги боққа чиқамиз, бирровга, бўптими?

– Доим ўша ерга чиқамиз-ку, дада… музейга борайлик.

– Ҳай майли, фақат одобли бола бўлиб бориб келасан, келишдикми?

– Хўп бўлади! – суюниб кетган Анвар дарҳол хонасига чопди.

Тонг отиши билан ўрнидан туриб саёҳатга ҳозир бўлган болакай отасининг уйғонишини икки соатча кутди. Сўнг нонушта қилиб йўлга тушишди…

Эртасига биринчи соатда барча дафтарларни йиғиб олган ўқитувчи дарсни бошлади. Танаффус вақтида иншоларни бирма-бир текширар экан, Анварникини ўқиб, бир зум туриб қолди. Бироз муддат ўйга чўмди. Сўнг Анварнинг ойисига қўнғироқ қилиб, келиб кетишини сўради. Малоҳат эса ўғли мактабда бировни уриб-нетиб қўйганмикин, деган хавотирда дарҳол йўлга тушди.

– Анвар – аълочи, – гап бошлади ўқитувчи Малоҳатни бўш хонага бошлаб, – айниқса, ўқиш дарсини яхши кўради, ажойиб иншолар ёзади… Кеча ҳам бир иншо ёзган экан.

– Ҳа, дадаси музейга олиб борди! – устози ўғлини мақташ учун чақиртирганини пайқаган Малоҳат фахрланди, – келибоқ иншосини ёзди.

– Ўзингиз ўқиб кўрдингизми?

– Қаранг ўқимабман-а, – ўнғайсизланди аёл.

– Ундай бўлса, албатта ўқинг. Болалар биз катталар кўра олмаган айрим ҳақиқатларни теран кўради, ўрганади, ўзлаштиради… Керак бўлса, биз катталарга сабоқ беради.

Ўғлининг дафтарини қўлига олган Малоҳат ҳайрон бўлганча уни очди.

Музейдаги таассуротларим.

“Кеча мен дадам билан музейга бордим. Кичик саёҳатимиз мобайнида кўп нарсаларни ўргандим. Масалан, алдашни. Ойим дугоналари билан қўнғироқлашиб дам олиш куни учрашишга келишиб олганди. Дадам келиши билан эса бошига рўмол ўраб “касалман”, деб алдади. Дадам бўлса, мени музейга олиб бораман, деб ваъда берганди. Аммо биз музейнинг ёнида туриб уни ташқаридан анча томоша қилдик. Кейин эса кинога тушдик. Чиптачи хотин ёшим нечадалигини сўраганди, дадам тўққизда деб айтди. Аслида ўн ёшман-ку, деб айтмоқчи эдим, дадам “жим” деб ишора қилди. Кейин кўзим рўпарамда илиб қўйилган ёзувга тушди. У ерда “ўн ёшдан катта болаларга билет олиниши шарт”, деб катта қилиб ёзиб қўйилган экан. Биз битта чипта олдик. Уруш-уруш кино экан, дадам мириқиб томоша қилди. Мен ухлаб қолибман. Дадам уйғотиб, музқаймоқ олиб берди ва ойимга “музейга бордик”, деб айтишимни сўради. Мен ҳам хўп, дедим ва ойимни алдадим. Уйда бизни кутиб олган ойим тузалиб қолган экан. Ойим дадамдан “мактабда йиғишяпти экан”, деб пул олди. Аммо уни менга бермади. Мен эса хонамга кириб кийимларимни алмаштирдим ва дарс тайёрлашга киришдим. Менинг дам олиш кунидан таассуротларим шулар эди”.

Яна ўқинг:  Менинг почтачи жўрам

Иншони ўқиб бўлган Малоҳат кўзларини яширди. Аёл хижолат бўлганини сезган ўқитувчи уни холи қолдирди…

 

Нодира ИБРОҲИМОВА

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.