Ёшлар саломатлигига қаратилган лойиҳа

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг октябрь ойидан декабрь ойигача мамлакатимизда «Ёшлар – чекишга қарши!» шиори остида кенг кўламли лойиҳани амалга оширади. Куни кеча «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашида бўлиб ўтган матбуот анжуманида лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, унинг доирасида режалаштирилган тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «Ёшлар – чекишга қарши!» лойиҳаси ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, кенг аҳоли қатламини «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилишга қаратилган.

«Ёшлар – чекишга қарши!» лойиҳаси икки йўналишда амалга оширилади. Жойларда мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, талабалар, маҳаллалардаги йигит-қизлар иштирокида ахборот тадбирлари ўтказилади. Уларда ҳаракат фаолларидан иборат мураббийлар ўз тенгдошларига замонавий интерфаол услублардан фойдаланган ҳолда чекишнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида сўзлаб беради. Шунингдек, тадбир доирасида мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи кўнгиллилар тармоғини шакллантириш ва лойиҳа кўламини кенгайтириш ҳам режалаштирилмоқда.

Иккинчи йўналишда бевосита тамаки маҳсулотлари сотиладиган жойларда тарғибот ишлари амалга оширилади. Дўкон сотувчилари ва эгалари алкоголли маҳсулотлар тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш ҳақидаги қонуннинг моҳияти ва мақсади тўғрисида зарур маълумотларга эга бўлади. Шу билан бирга бундай маҳсулотлар сотиладиган жойларда чекишнинг зарари ҳақидаги ахборот ва мазкур қонундан кўчирмалар, шунингдек, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ишонч телефонлари рақами ёзилган плакатлар осилади.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.

Ўз мухбиримиз

Яна ўқинг:  ФУҚАРОЛИК ЖУРНАЛИСТИКАСИ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: