Ёшлар – мамлакатимиз таянчи

Келажакда Ўзбекистон юксак даражада тараққий этган иқтисоди билангина эмас, балки билимдон, маънавий жиҳатдан етук фарзандлари билан ҳам жаҳонни қойил қилиши лозим.

Ислом КАРИМОВ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни арафасида пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган йигит-қизларга орден, медаль, фахрий унвонлар ва “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари Мустақиллик майдонида бўлиб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу-ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Юксак мукофотлар Президентимизнинг 2013 йил 3 декабрда қабул қилинган “Юқори натижаларга эришган бир гуруҳ иқтидорли ёшларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига биноан топширилди.

Ушбу фармонга мувофиқ бир гуруҳ ёшлар “Ўзбекистон ифтихори” ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” унвони, “Дўстлик” ордени, “Жасорат”, “Содиқ хизматлари учун” ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашининг қарорига биноан 27 нафар йигит-қиз “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан мукофотланди. Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан таъсис этилган ушбу юксак мукофот ҳар йили ўзининг фидокорона меҳнати, ўқишда, ишда, илм-фан, ижод, маданият ва спорт соҳасида эришаётган улкан ютуқлари билан Ватанимизнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшларга берилади.

Тантанали маросимда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодга жаҳон андозалари даражасида билим бериш, уларнинг касб эгаллаши, спорт билан шуғулланиши, ўз салоҳияти ва интилишларини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилгани самарасида ёшларимиз турли жабҳаларда улкан ютуқларга эришаётганини таъкидлади.

Ўз сафида 5,9 миллион йигит-қизни бирлаштирган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билими, иқтидори, меҳнатсеварлиги ва садоқати билан мамлакатимиз равнақига ҳисса қўшаётган ёшларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор бермоқда.

Тадбирда мукофотланган йигит-қизлар давлатимиз раҳбарига ёшларга кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги йўлида астойдил меҳнат қилишини таъкидладилар.

Юксак мукофот билан тақдирланганлар орасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти катта илмий ходими, изланувчи Сакина Муҳаммаджонова ҳам бор. Сакина архитектура реставрацияси бўйича етакчи мутахассис бўлиш билан бирга, ажойиб ҳайкалтарош ҳамдир. Шарқ миниатюра устаси Камолиддин Беҳзоднинг институтда ўрнатилган ҳайкали унинг маҳоратидан далолат беради. Ёш ҳайкалтарошнинг иқтидори нафақат мамлакатимиз, балки Бельгия, Греция, Миср, Ҳиндистон, Россия каби хорижий давлатларда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва кўрик-танловларда ҳам эътироф этилган.

Яна ўқинг:  Совриндорлар эълон қилинди

– Айни пайтда Ўзбекистон реклама санъатининг бадиий-эстетик жиҳатларига бағишланган илмий изланишлар устида ишлаяпман, – дейди С.Муҳаммаджонова. – Биз, ёшларнинг ўз истеъдод ва қобилиятимизни ҳар томонлама намойиш этишимиз учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилаётган, озгина ютуғимиз ҳам муносиб баҳоланиб, юксак қадрланаётган буюк мамлакат фарзанди эканимдан фахрланаман. 2009 йилда Алишер Навоий номидаги давлат стипендияси, 2010 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиясига сазовор бўлган эдим. Энди, мана, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирландим, бу менга улкан масъулият юклайди ва янги ижодий чўққилар сари ундайди.

Тақдирлаш маросими ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.

Сардор ТОЖИЕВ,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: