Ёшлар – ҳуқуқ билимдони

Мамлакатимизда ёшларнинг келажаги порлоқ бўлишини, соғлом ва баркамол инсон сифатида вояга етишларини таъминлаш Бош Қомусимизда ҳам ўз ифодасини топган. Конституция фарзандларимиз ҳаётида нечоғли аҳамият касб этишини анг­латиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш эса долзарб вазифалардан биридир. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Адлия вазирликлари қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Конституция – бахтимиз пойдевори” деб номланган кўрик-танловдан кўзланган мақсад ҳам аслида юксак ҳуқуқий билим ва кўникмага эга авлодни шакллантиришдан иборат.

Мазкур танлов 4 босқич 2 йўналишда ташкил этилиб, унинг қуйи босқичларида 4 миллиондан зиёд ўқувчи ўзининг ижодий ишлари билан иштирок этди.

“Конституция – бахтимиз пойдевори” республика кўрик-танлови нафақат ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, балки демок­ратик ва адолатпарварлик тамо­йилларини ёзма ишларда, тасвирий асарларда, кўргазмали воситаларда ифодалаш, ўқувчи – ёшларни қонунларни билиш, ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш мақсадида 2001 йилдан буён ўтказиб келинмоқда.

Танловнинг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими доирасида Ёшлар ижод саройида ўқувчилар томонидан тайёрланган ижодий ишлар кўргазмаси ташкил этилди.

– Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам ижодкор ўқувчилар кўпчиликни ташкил этади. Ўтган йили “Ҳуқуқ билимдонлари” республика кўрик-танловида туманимиздаги 16-, 8-мактаб ўқувчилари муваффақиятли иштирок этишган. Бугун эса 32-, 22-умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари Ойдина Нуриддинова ҳамда Зарифа Ўринбоева танловнинг республика босқичида фахрли ўринларни қўлга киритишди. Бунинг замирида ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш учун кўрсатилаётган эътибор ётади, – дей­ди Наманган туман Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ходими Абдуқодир Мирзааҳмедов.

– Бош Қомусимизнинг тарихий обидаларни муҳофаза қилиш, бепул тиббий хизмат кўрсатиш, касб танлаш эркинлигига оид моддалари асосида чизган расмларим билан вилоят босқичида ғолиб бўлиб респуб­лика миқёсида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдим. Ота-онам ва устозларим ишончини оқлаганимдан фахрланаман. Танлов баҳона тенгдошларимнинг ижод намуналари билан ҳам яқиндан танишдим, – дея суҳбатимизга қўшилади Ойдина Нуриддинова.

Таъкидлаш жоиз, шу йилнинг 15 ноябридан 15 декабригача таълим муассасаларида “Конституциямиз – ҳуқуқ ва эркинлигимиз кафолати” шиори остида ҳуқуқий, маънавий-маърифий тадбирлар ойлиги ўтказилди.

Ойлик доирасида юртимиздаги таълим муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари – энг олий қадрият”, “Мен обод юрт фарзандиман”, “Менинг ҳуқуқларим кафолатланган” каби мавзуларда олимлар, ёзувчилар, ҳуқуқшунослар иштирокида маърифий учрашувлар, маданий тадбирлар ўтказилди.

Яна ўқинг:  Сифатли таълим тараққиёт гарови

Мактабгача таълим муассасаларида “Ўзбекистон – менинг Ватаним” мавзусида, таълим муассасаларида бошланғич синфларда “Бахтли болалигим”, юқори синфларда “Конституция менинг тақдиримда” мавзуларида иншолар, рефератлар, эсселар танлови ташкил этилди.

“Баркамол авлод” болалар марказларида ҳам “Конституция болалар нигоҳида” номли расмлар кўргазмалари, Ахборот-ресурс марказлари ва таълим муассасалари кутубхоналарида Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишлаб юридик адабиётлар кўргазмалари ташкил этилгани бахтимиз Қомуси тарғиботида муҳим ўрин тутади.

Дарҳақиқат, яратиб берилган муносиб шарт-шароитларгина қўлга киритилажак ютуқлар учун замин ҳозирлайди. Кўрик-танлов натижаларига кўра иншолар йўналишида Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби 9-синф ўқувчиси Хумора Сайдуллаева 1-ўринни эгаллади. Наманган тумани 22-сонли умумий ўрта таълим мактаби 9-синф ўқувчиси Зарифа Ўринбоева 2-ўрин ҳамда Навоий шаҳридаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Озода Ўроқова 3-ўрин соҳиби бўлишди. Тасвирий санъат йўналиши бўйича эса Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси Дилдора Абдусалимова 1-ўринни қўлга киритди. Бухоро вилояти Бухоро шаҳар 34–умумтаълим мактаби ўқувчиси Шерзод Зойиров 2-ўринни, Хоразм вилояти Хонқа туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқувчиси Хосият Ҳайитбоева 3-ўринни эгаллашди.

– “Кексаларни эъзозлаш йили”, “Мустаҳкам оила”, “Тинчлик” мавзуларидаги чизган расмларим биринчи ўринга лойиқ топилганидан жуда қувондим. Қомусимиз худди офтоб сингари йўлларимизни ёритиб турибди. Адолат мезони барқарор юрт фарзанди эканлигимдан бахтиёрман, – дейди кўрик-танлов ғолиби Дилдора Абдусалимова фахр билан.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: