Ёш ёзувчилар учун! “HUMO-2019” эртаклар танлови!

2019 йилда илк бора ўтказилаётган “HUMO-2019” эртаклар танлови Ўзбекистон Мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланади.
“Humo-2019” нодавлат эртаклар танловининг ҳар йили ўтказилиши ва имкониятлардан келиб чиққан ҳолда келажакда Халқаро миқёсга кўтарилиши режалаштирилган.
2019 йилда ўтказиладиган “HUMO” эртаклар танловининг ҳакамлар ҳайъати сафида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Болгария ва АҚШдан таклиф этилган ёзувчилар ҳам иштирок этади.

Асосий қоидалар

Ўзбекистонда яшаб, ижод қилувчи ёзувчилар ташаббускор гуруҳи томонидан ўтказилувчи “Humo-2019” номли нодавлат эртаклар танлови Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси ва “Дониш чироғи” Нашриёт Уйи томонидан қўллаб-қувватланади.
Ушбу танлов ўтказилишидан мақсад Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида яшаб, эртак жанрида ижод қилаётган қобилиятли ёш ижодкорларни аниқлаш ва уларнинг ижодий ривожланишига кўмаклашишдан иборат.
Танловда иштирок этишни истаган муаллифларнинг ёши 35 ёшдан ошмаган бўлиши шарт.
Танловда қатнашишни истовчи, аммо 35 ёшдан ошган муаллифларнинг асарлари танловдан ташқари қабул қилинади. Бу ҳолда асарлар танловга қабул қилинмайди, баҳоланмайди, бироқ танлов доирасидаги тўпламларга киритилади ва алоҳида китоблар шаклида нашр этилиши мумкин.
Танловда қатнашишни истовчилар учун касб, ёзувчилик тажрибаси, жинсга оид чекловлар қўйилмайди.
“HUMO-2019” эртаклар танлови қорақалпоқ, рус ва ўзбек тилларида ўтказилади.
Танлов ташкилотчилари ва ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг ижод намуналари (эртаклар, чет тилларидан таржима қилинган эртаклар) танловга қабул қилинмайди, лекин танлов натижаларига доир тўпламларга киритилади.
Танловга юборилувчи эртаклар замонамиз болаларига мўлжалланган, уйда, боғча ёки мактабларда ўқиб беришга мос, кичик ёшдаги болаларнинг табиат ҳодисалари ва теварак-атрофдаги воқеаларни тушунишларига, билимлари ошишига ва дунёқарашлари шаклланишига ёрдам берувчи бўлиши шарт.

Танловга қабул қилинувчи асарлар учун асосий шартлар:

“HUMO-2019” эртаклар танловига юборилувчи эртаклар:
— танлов иштирокчисининг оригинал асари бўлиши;
— ўзбек халқ эртаклари ёки бошқа халқларнинг эртакларидан кўчирилмаган ва тақлид қилинмаган бўлиши;
— болаларнинг тушуниши ва ўқиши осон бўлиши;
— имловий хатолардан ҳоли бўлиши шарт.
Ушбу талабларга жавоб бермайдиган асарлар танловга қабул қилинмайди, баҳоланмайди, муаллифга жавоб қайтарилмайди, изоҳ ҳам берилмайди.

“HUMO-2019” танловининг мазмуни:

Эртанги кунимизнинг пойдевори бўлган болажонларимизнинг ақлли, билимли ва оқил бўлиб улғайишларида улар тинглайдиган эртаклар катта ўрин тутади. Қадимдан ўзбек халқ фольклорида эртаклар, афсоналар, мифларга жуда катта ўрин ажратилган бўлиб, болажонларимиз ақлини танигани ҳамони тинглайдиган “Зумрад ва Қиммат”, “Тўғривой ва Эгривой” каби эртаклардан тортиб то “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш” каби улкан достонларгача халқнинг кучли қувваи хаёлини белгиловчи манбалар ҳисобланади.
Ўзбек халқ эртакларида инсонларга бахт ва омад келтирувчи, умрибоқий қуш — Ҳумо кўп таърифланади. Замонавий эртакларга бағишланган танлов “Ҳумо” деб номланганини сабаби ҳам айнан шудир. Илло, Ҳумоқуш жаннатмакон юртимизнинг рамзи ҳам ҳисобланади.
Сиз ҳали 35 ёшга тўлмаган, кўпроқ эртак жанрида ижод қилувчи, болажонларимизни ақлли, топқир, оқил қилиб тарбиялашга ёрдам берувчи асарлар ёзадиган ёш ижодкормисиз? Унда ўзингизнинг иқтидорингиз ва ижодий салоҳиятингизни намоён этинг. 2 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар мириқиб, боладек қувониб ўқийдиган, ҳатто катталар ҳам ўқиганида ўзини болалик оламига тушиб қолгандек ҳис этадиган ажойиб, сеҳрли эртакларингизни танловга жўнатинг! Агар ҳали эртак ёзмаган бўлсангиз, унда ўйлаб кўринг, балки ёзишга улгурарсиз?

Яна ўқинг:  Буюк сиймолар таваллудига бағишланди

Танлов қоидалари

Танлов иштирокчиларининг сони чекланмайди. Ҳар бир иштирокчидан БИТТАдан асар қабул қилинади.
Танловга жўнатилувчи матнлар ҳажми Microsoft Word ҳисоблагичи бўйича оралиқ (пробел)лар билан ҳисоблаганда 4 000дан 12 000 белгигача бўлиши керак.

Асарлар қабули бошланиши: 2019 йил 22 март тунги соат 00:01дан.
Асарлар қабули тугаши: 2019 йил 22 июнь тунги соат 23:59 гача.

Рус ва ўзбек тилидаги асарлар танловнинг қуйидаги электрон почтасига жўнатилади: humo_konkurs_skazok@mail.ru

Қорақалпоқ тилидаги асарларни Сагинбай Ибрагимов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида қабул қилади.
“Мавзу” сатрида қатъий изчиллик билан қуйидагилар ёзилиши лозим: эртак муаллифининг фамилияси ва исми, эртакнинг номи.

Масалан:
Мавзу: Муҳаббат Йўлдошева, “Баҳорнинг туғилган куни”.
Эртак матни DOC форматида алоҳида файлда расмийлаштирилиши ва хатга қистирилиши лозим.
Эртак матнини хат ичига кўчириш керак эмас!
Файл номи эртакнинг номига мос тушиши шарт.
Файлнинг ўзида эртакдан олдин муаллифнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, яшаш манзили, электрон манзили, телефон рақамлари кўрсатилади. Асар номидан кейин жанри кўрсатилади.

Масалан:
Ситора (Йўлдошева Муҳаббат Ҳуснидиновна), 1964, Тошкент ш. *@*, — 998 94 — — —
Баҳорнинг туғилган куни
Эртак
Тахаллус остида иштирок этишни хоҳлаган муаллифлар эса хат матнида ўзининг тахаллусини кўрсатишлари, эртак жойлаштирилган файлда тахаллусини, қавс ичида эса ҳақиқий фамилияси, исми, отасининг исмини кўрсатишлари лозим.

Масалан:
Мавзу: Ситора, “Баҳорнинг туғилган куни”
Эртак жойланган файл:
Ситора (Йўлдошева Муҳаббат Ҳуснидиновна), 1964, Тошкент ш. *@*, — 998 94 — — —
Баҳорнинг туғилган куни
Эртак

Танловда иштирок этувчи асарлар қуйидаги жанрларда бўлиши лозим:

— эртак;
— фэнтези.

Танловга қуйидаги асарлар қабул қилинмайди:

— болаларнинг ёшига (2-10)га тўғри келмайдиган эртаклар;
— танлов ғоясига мос бўлмаган эртаклар;
— имло хатолари билан ёзилган эртаклар;
— очиқдан-очиқ ёки зимдан зўравонликка чақирувчи, диний, миллий ёки сиёсий ихтилофларни тарғиб қилувчи эртаклар;
— беадаб иборалар ва шаҳвоний тасвирлар мавжуд бўлган эртаклар.
Эртакларнинг танлов шартларига мос келиш-келмаслигини ҳакамлар ҳайъати аъзолари аниқлашади.

Танлов икки босқичда ўтказилади:

Биринчи босқичи: 2019 йил 23 июндан — 1 сентябргача.
Иккинчи босқичи: 2019 йил 1 сентябрдан 1 декабргача.
Ғолиблар эълон қилиниши: 2019 йил 15 декабрь.

Яна ўқинг:  ИҚТИСОДИЁТ ТАРМОҚЛАРИ – БАРҚАРОРЛИК САРИ ОДИМЛАР

Танлов асосчиси, ташкилотчиси ва мувофиқлаштирувчиси:

Гулноз Тожибоева — ёзувчи, журналист, таржимон, дизайнер, рассом-реставратор.

Танлов экспертлари:

Сагинбай Ибрагимов — журналист, “Вести Каракалпакистана” газетаси мухбири.
Муҳаббат Йўлдошева — ёзувчи, журналист, сценарист, дизайнер, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Елена Грюкалова — журналист, филолог.

Таклиф этилган Халқаро ҳакамлар ҳайъати аъзолари:

Мария Филипова-Хажи — ёзувчи, филолог (Болгария).
Жилдиз Акаева — ёзувчи (Қирғизистон).
Кенес Ўрозбекули — ёзувчи (Қозоғистон).
Тахмина Убайдуллоева — ёзувчи (Тожикистон).
Ҳусан Турсунов — фантаст-ёзувчи (АҚШ)

Танловнинг ҳакамлар ҳайъати аъзолари:

Раим Фарҳодий — ёзувчи, шоир, журналист, таржимон, рассом, эколог, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Бадиий Академияси аъзоси.
Акмал Нажмиддинов — ношир.
Муҳаббат Йўлдошева — ёзувчи, журналист, сценарист, дизайнер, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Сагинбай Ибрагимов — журналист, “Вести Каракалпакистана” газетаси мухбири.
Галина Долгая — ёзувчи, Халқаро Ёзувчилар Гильдияси аъзоси.
Елена Грюкалова — журналист, филолог.
Муҳаммадюсуф Муҳиддинов — “Дониш чироғи” НУ Бош директори.
Марям Аҳмедова — шоира, ёзувчи, журналист, таржимон.
Дилфуза Қўзиева — ёзувчи, журналист, таржимон.

<Ҳакамлар рўйхати тўлдирилиши мумкин>

Танловнинг ёритилиши:
Танловни ёритиш Фейсбукдаги “HUMO-2019” ertaklar tanlovi” номли саҳифада, шунингдек, танловнинг ахборот шерикларини саҳифаларида амалга оширилади.
Танлов ғолибларининг эртаклари ахборот ҳамкорларининг нашрларида чоп этилади.
Танлов финалига чиққан иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг дастхати туширилган дипломлар билан тақдирланади.
Танлов ғолиблари алоҳида тақдирланади.
Танлов финалига чиққан асарлар ўртасида “Замон эртакчиси” мукофоти учун танлов ўтказилади. Овоз бериш шартлари танловнинг Фейсбукдаги “HUMO-2019” ertaklar tanlovi” саҳифасида эълон қилинади.
Танлов натижалари бўйича танлов иштирокчиларининг асарлари жамланган “Замон эртаклари” номли тўплам нашр этилиши режалаштирилган.

Муаллифлик ҳуқуқи
Муаллифларнинг ўз эртагини танловга жўнатиши уларнинг сўзсиз Танлов қоидаларига рози бўлганларини исботи ҳисобланади. Танлов қоидаларига рози бўлиш билан бирга муаллиф ўзининг асари юқорида кўрсатилган нашрлар (ахборот ҳамкорлари)да ва танлов якуни бўлган эртаклар тўпламида беминнат чоп этилишига розилик беради. Бунда муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг ўзида қолади.

Огоҳлантириш
Танловга жўнатилган, ғолиб бўлган эртакларнинг бошқа бирон асардан кўчирилгани ёки тақлид қилингани ҳақидаги бахсли масалалар юзага келган тақдирда асарнинг оригиналлиги учун жавобгарлик муаллифнинг зиммасига юклатилади.

Яна ўқинг:  Maktabgacha ta’lim

You may also like...

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: