Реклама

Янги китоб тақдимоти

Хотира эскирмайди. Тарихни унутиб бўлмайди. Уни унутмаслик учун эса ўтмишни билиш, бор ҳақиқати ва моҳияти билан уни англаб, ёдда сақлаш зарур. Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси ва келажаги учун бу ниҳоятда муҳим.

Баҳром Ирзаев томонидан “Ўзбек ёшлари ва хорижий таълим” китобининг нашрга тайёрланиши замирида ҳам ана шундай эзгу мақсад мужассам.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси кўмагида “AKADEMNASHR” нашриётида чоп этилган ушбу китоб тарихимизнинг ўта мураккаб ва зиддиятли даври бўлган мустабид совет ҳокимияти даврида ўзбек тараққийпарвар зиёлиларининг халқимизни тараққиётга бошлаш йўлидаги қаҳрамонона кураши тарихидан ҳикоя қилади. Шунингдек, тўпламдан ХХ асрнинг 20-30 йилларида Туркистон тараққийпарварларининг “Кўмак”, “Нашри маориф” ташкилотлари томонидан чет элларга ўқишга юборилган ёшларнинг ижод намуналари ўрин олган.

Китобда муаллиф имкон қадар ўзини кўрсатмасликка интилади. Архив ва матбуот материаллари орқали жараённинг асл манзарасини очиб бериш билан чекланди. Турли нашрлар саҳифаларида чоп этилган мақола ва хабарларни ҳеч бир ўзгаришсиз, қайта ишловлар ва тушунтиришларсиз келтиради. Ўтган асрда ижод этган улуғ ўзбек тараққийпарварларининг асл мақсад ва матлаблари билан таништириш, – деб ёзади Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Сарвар Отамуродов китобга ёзган сўзбошисида.

Яқинда Миллий матбуот марказида мазкур китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда академик Наим Каримов, тарих фанлари номзоди Сотимжон Холбоев ва бошқалар сўзга чиқиб, ёшларимизнинг мамлакатимиз тарихини бор ҳақиқати ва моҳияти билан англаб етиштиришда бундай китобларнинг аҳамияти катта эканлигини таъкидлаб ўтишди. Зеро, ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқдир.

 

Феруза ЖАЛИЛОВА

Яна ўқинг:  Халқаро турнир якунланди
Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: