Реклама

Вилоят перинатал марказидаги муаммо

Бу ҳолат бўйича парламент сўровига юборилган жавоб депутатларни қониқтирмади

Халқ вакиллари – депутатлар йил бўйи аҳоли билан қилган мулоқотлари, тегишли қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини ўрганиш асносида соҳа ва тармоқлар фаолиятида аниқланган камчиликларни тузатиш, одамларни ўйлантираётган муаммоларни бартараф этишдек масъулият талаби ҳамда виждон иши туфайли мутасадди идораларга сўров юборади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери, Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Бош вазир ўринбосари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри туманларида соғлиқни сақлаш тизими ҳолати ва аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам сифатини ўрганиш ҳамда муаммоларни бартараф этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи таркибидаги парламент қуйи палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзолари жорий йилнинг 6-12 август кунлари Қашқадарё вилоятида ўрганишлар ўтказди.

Ўрганишлар давомида вилоятда қўлга киритилган ижобий натижалар билан бирга, ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги аниқланган. Хусусан, Қарши шаҳридаги 200 ўринли вилоят перинатал маркази фаолиятида дуч келинаётган муаммо долзарблиги билан аҳамиятлидир. 

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 30 август куни “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 12-моддасига ва “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирига вилоятдаги акушер-гинекологик хизмат кўрсатувчи муассасаларда ҳомиладорлар аёллар учун тиббий хизматлар сифатини яхшилаш чораларини кўриш, шунингдек, Қарши шаҳри туғруқ бўлимининг вилоят туғруқ комплексига айлантирилишида вужудга келган масалалар юзасидан батафсил маълумот тақдим этиш, бу муаммоларни бартараф этиш борасида олиб борилган ишлар ҳақида 2018 йил 20 сентябрь кунига қадар ёзма равишда ахборот бериш тўғрисида парламент сўрови юборилган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан юборилган “Қашқадарё вилоятида ҳомиладор аёлларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг ҳолати ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида”ги парламент сўровига берилган жавоб Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан атрофлича кўриб чиқилди.

Қўмитанинг фикрича, жавобда парламент сўровида кўтарилган масалаларни ҳал этиш ва тегишли чора-тадбирларни кўриш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида етарлича асослар ва тушунтиришлар тақдим этилмаган. Жумладан, Қарши шаҳрида ташкил қилинган 200 ўринли вилоят туғруқ комплексининг кейинги фаолияти ҳал қилинмаган. Ушбу масалани ҳал этиш бўйича вилоят ҳокимлигига хат юбориш билан чекланилгани кўрсатилган. Ваҳоланки, Молия вазирлиги томонидан мазкур масалани Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали ҳал этилиши билдирилган.

Яна ўқинг:  Кашталарда жилоланган тарих ва келажак

Янги ташкил этилган муассасанинг тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритиш орқали мақомини аниқлаштириш чоралари ҳанузгача кўрилмаётгани таажжубли. Соғлиқни сақлаш вазири томонидан “парламент сўрови”га берилган жавоб қониқарсиз деб топилиб, кўрсатиб ўтилган масалани қайта кўриб чиқиш ва натижаси ҳақида жорий йилнинг 15 октябрь кунига қадар қўшимча ахборот бериш сўралди.

Калит сўзлар:

Фикр билдириш

Э-почта манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий маълумотлар * билан белгиланган.

Хато ҳақида хабар

Муҳаррирга жўнатиладиган матн: