ТОТУВЛИКДАН НУРАФШОН ДИЛЛАР

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Ватанимиз мустақиллигининг 22 йиллигига бағишлаб «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!» шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Ўзбектеатр» ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ёзувчилар уюшмаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлими ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ва идоралар вакиллари, маҳалла фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар иштирок этди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида маҳалла ва оила институтларини уйғун ривожлантиришга доимий эътибор қаратилаётгани жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу борадаги ишлар кўлами Обод турмуш йилида янада кенгаймоқда.

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирда қабул қилинган «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги қонунлари асосида маҳаллалар фаолияти янада кенгайтирилди. Бугун аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш, жамоатчилик назоратини ва фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришда маҳалланинг ўрни ва роли ошиб бораётир.

Бу жиҳатлар Тошкент шаҳридаги 476 фуқаролар йиғини фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Улар томонидан тўққизинчи синф ўқувчиларини таълимнинг кейинги босқичига жалб этиш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш, тўй-ҳашамлар ва турли маросимларни ихчам ўтказиш, ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

– Маҳалламизда ўн минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди Шайхонтоҳур тумани «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Манзура Валиева. — Жамиятимиздаги тинчлик ва аҳиллик муҳитини сақлаш, ёшлар тарбиясини тўғри йўналтириш, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш каби кўплаб йўналишлар бўйича тизимли иш олиб боряпмиз. Бу ишлар маҳалламиздаги хонадонлар ҳаётининг ажралмас қисмига, ҳар бир инсоннинг кундалик вазифасига айланмоқда.

Тадбирда пойтахтимизнинг ибратли маҳаллалари ҳаётига оид кўргазма ташкил этилди. Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида концерт дастури намойиш қилинди.

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири

Яна ўқинг:  Mиллат саломатлиги – юрт фаровонлиги

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: