Тошкент давлат юридик университетида имтиҳонлар қандай ўтди?

Миллий матбуот марказида Тошкент давлат юридик университети масъул ходимлари томонидан ўтказилган матбуот анжуманида 2017/2018 ўқув йили учун ўтказилган тест синовлари натижалари, ўқув-тарбиявий жараён сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди, журналистлар саволларига жавоб қайтарилди.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари, Тошкент давлат юридик университети ректори Е.Каньязов бу йил олий таълим муассасасига кириш имтиҳонлари замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда очиқ ва барча абитуриентларга тенг имкониятлар яратилган ҳолда бўлиб ўтганини таъкидлади.

Маълумки, мазкур олий ўқув юртига кириш учун тест синовлари бу йил “Ўзэкспомарказ” павильонларида ўтказилган эди. Тест жараёнларининг бориши онлайн режимда абитуриентларнинг ота-оналари, яқинлари учун ҳозирланган кутиш майдонларидаги мониторларда ҳамда интернет тармоғи орқали кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.

Тошкент давлат юридик университети бакалавриат таълим йўналишига 6 мингдан зиёд абитуриентдан ҳужжатлар қабул қилинди. Улар орасида 518 ҳарбий имтиёзга эга ёшлар, 3 фан олимпиадаси ғолиби ўқишга кириш истагини билдирган. 2017/2018 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишига 20 давлат гранти, 580 тўлов-контракт асосида 600 талаба ўрни ажратилди.

Тошкент давлат юридик университети бакалавриат таълим йўналишига чет эл фуқароларини ўқишга қабул қилиш бўйича соддалаштирилган тизим жорий этилди. Эндиликда улар университетга тест синовларисиз, суҳбат натижасига кўра қабул қилинади. Жорий ўқув йилида Россия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Қозоғистон ва Туркманистондан 11 абитуриент мазкур университет талабалари сафига қабул қилинди.

Университетда 2017/2018 ўқув йили учун магистратура таълим йўналишига 120 ўрин ажратилган бўлиб, 74 талаба қабул қилинган. Бу ҳолатни университет масъуллари магистратурага қабул жараёнида янги тизим жорий этилгани ва талаблар янада ортгани билан изоҳлашди. Янги тизимга кўра, эндиликда талабгорлар 2 босқичда синовдан ўтади. Дастлабки босқич тест синови. Иккинчи босқичда эса ёзма имтиҳон. Бундан ташқари чет тилини билиш даражасига алоҳида эътибор қаратилади.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул суммаси Тошкент давлат юридик университетида бир йиллик тўлов-контракт пулининг 25 баробарини ташкил қилди. Бунда абитуриентлар тўплаган балл кетма-кетлигига қатъий таянилади.

Матбуот анжуманида янги ўқув йилидан эътиборан университетда ҳафтада 5 кунлик таълим тизими жорий этилгани айтиб ўтилди. Бунда ҳар ҳафтанинг шанба куни профессор-ўқитувчилар таълим жараёнидаги янгиликлардан хабардор бўлиб боради, илмий изланишлар билан шуғулланади. Талабалар мустақил таълим жараёнига жалб этилади.

Яна ўқинг:  Қишлоқда янги замонавий зиё маскани

Улуғбек Асроров,

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: